Линклар

Сайловчи сайловга ишонмаяпти

  • Садриддин Ашур

Оддий ўзбекистонликлар ўзларини сайлов қизиқтирмаётгани ҳақида гапирдилар.

Оддий ўзбекистонликлар ўзларини сайлов қизиқтирмаётгани ҳақида гапирдилар.

Ўзбекистон Олий мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўладиган сайловларга ҳам бир ҳафтадан оз вақт қолди. Озодлик радиосига гапирган аксрият ўзбекистонликлар бу сайловлар уларни умуман қизиқтирмаётганини айтмоқдалар.

Ўзбекистон телеканали орқали намойиш этилган “Сайлов - демократия кўзгуси” кўрсатувида студияга ташриф буюрган оддий одамлар 27 декабр куни бўладиган сайловлар ҳақида ўз фикрларини билдиришди:

- Давлатимнинг келажаги менинг келажагим билан бевосита боғлиқ. Тўғри қарор қабул қилишим менинг келажагимнинг кафолати бўлиб хизмат қилади. Мен ўзимнинг келажагимга бефарқ эмасман. Бу сайлов менинг келажагимда ҳал қилувчи роллардан бирини ўйнаши мумкин.

- Ўз овозимни берар эканман¸ номзодлардан бирини ëқлаб ëки қарши овоз берар эканман, бунда, албатта, биринчидан ўз ҳуқуқ ва эркинликларимни келажакда кафолатланишини таъминлаш бўлса¸ иккинчидан Ўзбекистон республикаси демократияни таъминлаш ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишда ўз ҳиссамни қўшган бўламан, деб ҳисоблайман.

Бу Ўзбекистон телеканали орқали намойиш этилган “Сайлов - демократия кўзгуси” кўрсатувида сўзлаган сайловчилар фикрлари эди.

Албатта, ҳар бир сайловда сайловчининг ўз овози билан иштирок этиши унинг фуқаролик бурчи ҳисобланади. Бироқ сайловларда иштирок этиш иштиёқи барча ўзбекистонликларда бормикин? Одамларнинг сайловолди кайфиятлари қандай? Биз ана шу саволлар билан ўзбекистонликларга мурожаат қилдик.

Андижон вилоятининг Олтинкўл туманида яшовчи фуқаро Ғуломжон Шерматов.

Ғуломжон Шерматов: Мен оддий фуқаро сифатида жавоб бермоқчиман. Мен депутатларнинг кимлгиини ҳам билмайман. Ҳамма ўзининг бола-чақасини боқиш ғамида юрибди. “Фалонча депутатни сайласак яхши бўладими ëки ëрдам берадими?” деган умидворлик ҳам йўқ. Бизга ҳеч қизиғи йўқ.

Озодлик: Ўзбекистон телевидениеси орқали сайлов тўғрисида эшиттиришлар берилаяптику.

Ғуломжон Шерматов: Ҳа¸ эшитаяпмиз¸ кўраяпмиз. Программаларни бир-бирига олаëтган пайтда кўриб туриб ўтиб кетаверамиз-да. Чунки фойдаси йўқ, деган хулосага келаман.

Озодлик: Нима учун фойдаси йўқ? Ўзбекистон телевидениесида “Бу биз учун керак. Ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг бурчи. Бориб сайлаш ҳуқуқига эга. Бориб сайлаши керак. Номзодларни¸ уларнинг программасини билиши керак” деяпти.

Ғуломжон Шерматов: Тайинланиб бўлинган. Шунинг учун борган билан фойдаси йўқ.

Озодлик: Мана ҳар беш йилда маҳаллий кенгашларга¸ Олий Мажлисга депутатлар сайланади. Шуларнинг иқтисодий-ижтимоий ҳаëтларингизга кўмаги бўлдими?

- Бу депутатни биз танимаймиз-ку. Бориб бюллетенда тўғри келганини чизиб қўяверамиз. “Фалончани чизиб қўйинглар”, деб кўрсатма беради. “Сиз ўзингизнинг сайловчилик ҳуқуқидан фойдаланмайсизми?” деган саволга “Фойдаланганингиз билан ҳам фойдаси йўқ”, деб жавоб бераман¸ - дейди Ғуломжон Шерматов.

Фарғоналик Исмоилжон Маллабоев ҳам ўзбек телеканаллари орқали сиёсий партияларнинг матбуотда ўзаро “баҳс”лашаётганидан энсаси қотаётганини айтади. Унинг фикрича, буларнинг ҳаммаси кўзбўямачиликдан бошқа нарса эмас.

- Кўраяпман. Бу партияларнинг бори нимаю¸ йўғи нима. Бу партиялар нимани талашаяпти? Депутатликка бориб олиб¸ қарсак чалиб ўтиришни хоҳлашаяпти. Ўзбекистонда сайлов бу СССРдан мерос. Айтаяпманку¸ ҳамма нарса СССРдан мерос бўлиб қолди.

Лоқайдлик¸ ëлғончилик¸ у ëғини қўйсангиз тиканли симлар ҳам. Энди мен айтмайин¸ сиз эшитманг. Ҳамма ернинг прокуратураларини¸ айниқса Фарғона шаҳар прокуратурасининг ëнидан ўтаман ҳар куни¸ қўрғон қилиб ўраб олган. Бир гектар жойни эгаллаб олган. Илгари деворнинг ичига бемалол кириб¸ милиционерга салом бериб кирардингиз. Ҳозир муаммо билан прокурор олдига кириш учун тиканли симдан¸ милиционердан ўтиш керак. Ҳаммаси ўзини халқдан ажратиб олди. Халққа қайишадиган ҳеч ким йўқ. Олдиндан ҳал қилинган бу. Просто бу расмиятчилик.

Албатта, чет элдан ҳам комиссиялар таклиф қилинган бўлса керак. Чет элдан келганларнинг олдида шунчаки ўйин кўрсатилади холос¸ - дейди Исмоилжон Маллабоев.

Шаҳрисабзлик тингловчи ҳам бу сайловларга умуман қизиқмаслигини айтади.

- Ростини айтсам, ҳеч қизиқиб кўрганим йўқ. Чунки фойдасиз-да. Олдинги сайлаганларимиз ҳам халққа нисбатан бир иш қилмаган¸ бундан кейингилари ҳам қилмайди. Ваъда беради¸ халққа ҳеч қандай натижаси бўлмайди. Ўзимизнинг ватандан чиқадиган газни бермай халқнинг пулига масхарабозлик қилиб юрипти-ку, булар.

Озодлик: Одатда сайлов арафасида ҳамма ëқ мўл-кўлчилик бўларди. Газлар сероб бўларди. Газ йўқми ҳозир ҳам?

- Йўқ¸ умуман йўқ. Энди одам уялиб кетади¸ - дейди шаҳрисабзлик тингловчи.

Биз билан суҳбатлашган сурхондарёлик Бойбўта бобо сайловларга собиқ иттифоқ пайтида ҳам, ҳозир ҳам бормаслигини айтди. Биз бободан бунинг сабабини сўрадик.

- Мен сизларнинг радиони ҳурмат қиламанку¸ мен сизга сайламаганимнинг сабабини айтган билан ҳам шу сайланган депутатларни йўлга сола олмайсиз. Чунки бизда тизимнинг ўзининг тайини йўқ. Юқоридан юборилган, хоҳлайсизми хоҳламайсизми, сайланиб кетади.

Мана, ҳар оқшом айтиб ëтибсизлар-ку. Эшитиб ëтибман, қолдирмай. Депутат эл учун жон куйдирса¸ унинг учун борсангиз арзийди. Энди иши чиқиб бормай қолса¸ унинг йўли бошқа. Лекин мен уйда ëтиб бормайман. Мен учун ўзлари ташлайди эмиш. Бордим нима¸ бормадим нима. Бир нарсани ўзгартира олмасам. Депутатнинг ўзи бир нарсани ҳал қила олмаган, битта овозга эга бўлган мен - сайловчи нимани ҳал қила оламан¸ - дейди сурхондарëлик Бойбўта бобо.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG