Линклар

Европада совуқдан 35 одам ўлди

  • Барно Анвар

Европа минтақасида ёққан қалин қор бир қатор муаммоларни пайдо қилди.

Европа минтақасида ёққан қалин қор бир қатор муаммоларни пайдо қилди.

Европа минтақасида ҳаво ҳарорати кескин пасайиб кетгани боис, одатан, ёзу қиш кети узилмайдиган сайёҳлар ора йўлда қолдилар.Сўнгги бир неча кун ичида баъзи давлатларда ҳарорат минус 20 даражага тушиб кетгани боис транспорт қатнови тўхтаб қолди.

Ўтган дам олиш кунлари кутилмаганда Европани қоплаган совуқ ҳаво оқими боис минтақадаги давлатлараро транспорт тизими издан чиқди. Сайёҳлар авто, поезд бекатларида туриб қолдилар.

Баъзи давлатларда ҳарорат бирданига минус 20 даражага тушиб кетгани боис қурбонлар ҳам берилди ва сўнгги маълумотларга кўра, камида 35 одам совуқдан вафот этган.

Энг катта муаммо Ла-Манш бўғози остидан ўтиб, Лондон, Париж ва Брюсселни боғловчи темир йўл туннелида содир бўлди. Жума куни “Evrostar” тизимига тегишли 5 та поезд туннел ичида тўхтаб қолди. Мутахассислар бунинг аниқ сабабларини ҳозирча била олгани йўқ ва бу туннел остидан қатнов номаълум муддатга тўхтатилган.

Жума куни поездларга чиққан қарийб 2500 йўловчи 15 соат давомида вагонлар ичида қолиб кетди. Кейинчалик поездлар локомотивлар ёрдамида туннелдан олиб чиқилди.

Бунинг учун 15 соат совуқда қолган йўловчилардан фақатгина узр сўрай олган “Evrostar” компанияси директори Ник Мерсер шундай дейди:

- Албатта, бу жуда нохуш вазият ва мен ўша вақтда поезд вагонларида юзага келган аҳволни жуда яхши тушунаман. Бизнинг биринчи даражали вазифамиз эса йўловчиларнинг хавфсизлиги эди, - дея йўловчиларни азобга солган 15 соатлик танаффус вақтини изоҳлади “Evrostar” компанияси директори Ник Мерсер.

Аммо йўловчилар бу вақт ва ситам учун ҳеч қандай товон пули, ҳаттоки, бу муддат давомида йўловчиларнинг кўпчилигини ташкил қилган аёллар ва болалар учун емак берилмаганидан норози бўлмоқда.

Бундан ташқари, матбуотда бу поездлардан бирида бўлган супермодел Клаудия Шифферга алоҳида эътибор бўлгани, яъни, поезд туннелдан чиқиши билан алоҳида автомобил биргина Шифферни олиб, тезликда Лондонга жўнаб кетгани ҳақида пайдо бўлган хабар йўловчилар норозилигини янада оширди.

Шу тариқа, “Evrostar” поездлари қатновининг издан чиққани қарийб 50 минг йўловчининг янги йил режасини бузди. Улардан бири “Рейтерс” агентлигига берган интервюсида аҳволини шундай изоҳлади:

- Бизнинг самолётда учиш учун пулимиз йўқ. Аммо биз шу бўғоздан ўтишимиз керак. Ўйлашимча, сузишдан бошқа чора қолмади. Бошқа нима қилиш мумкинлигини билмайман, ростдан ҳам билмайман,- дея тажанг бўлмоқда “Evrostar”нинг Лондондаги терминалида маҳтал бўлиб ўтирган йўловчилардан бири.

Шу кунларда совуқ ҳаво оқими Болтиқ бўйи давлатларидан ўтиб, Болқон давлатларига ҳам етиб борди. Кучли қор, музлама бу давлатлардаги транспорт қатновини издан чиқарди. Булғористонда 130 та шаҳар ва қишлоқларда ўтган дам олиш кунлари электр таъминоти узилиб қолди.

Бу давлатга қўшни Руминияда ҳам 2 ярим метрлик қор уюмлари пайдо бўлди. Сербияда эса ўнлаб автомобиллар музлаган йўлларда турнақатор туриб қолди. Хорватияда ҳам пойтахтга қараб вилоятлардан йўналган поездлар кучли қор бўрони боис соатлаб йўлда туриб қолди.

Қиш аввалидаёқ кутилмаган совуқ ҳақидаги совуқ хабарлар байрам арафаси матбуотни тўлдирган дам олиш кунларидан сўнг об-ҳавони кузатаётган мутахассислар ҳафта охирига бориб, ҳаво илиши мумкинлиги кутилаётганини айтмоқда.

Яъни бу йилги Рождество байрамини европаликлар совуққина ҳавода ғарч-ғурч қор кечиб эмас, намчилгина ҳавода, чилп-чилп ер босиб нишонлайдиган кўринади, афтидан.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG