Линклар

Ўзбекистон хавфсизлик хизматлари бундан бир неча кун аввал ўзбек-тожик чегарасида ўзбек чегарачилари томонидан ўққа тутилган тожикистонликлар ёнидан катта миқдорда банг моддалари чиққанини таъкидламоқда. Тожикистон томони буни рад қилаяпти.

“Ўзбекистоннинг Cамарқанд вилояти Тожикистоннинг Сўғд вилоятидаги Панжакент тумани билан чегарадош. Сўнгги пайтларда мазкур Панжакент туманидан Ўзбекистонга банг моддаларини контрабанда қилиш ҳоллари кўпайди. Жумладан, жорий йил 12 декабрдан 13 декабрга ўтар кечаси Самарқанд чегарачилари чегарани ноқонуний кесиб ўтган уч номаълум шахсни кўриб қолганлар.

Чегарачилар осмонга қарата огоҳлантирувчи ўқ узган. Бироқ чегара бузувчилар бунга эътибор бермай, ўз йўлида давом этган. Шундан сўнг ўзбек чегарачилар уларга қарата ўқ узганлар. Чегара бузувчилардан бири ярадор бўлган. Яна бири ортга қайтиб, Тожикистон ҳудудига ўтиб кетган. Учинчи шахс ёрдамга етиб келган ўзбек чегарачилари томонидан ушланган. Кейинроқ чегарани бузганларнинг ҳаммаси Тожикистон фуқаролари эканлиги маълум бўлди. Боз устига, тожикистонликлар ушланган жойда иккита қопча топилган. Қопчалар ичида 24 килограмм героин ва қора дори борлиги аниқланган”, дейилади Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Регнум ахборот агентлигига берган маълумотда.

Бироқ Тожикистон Чегараларни қўриқлаш давлат қўмитаси Панжакент бўлими раҳбарлари Ўзбекистон томонининг бу иддаоларини рад этмоқда.

- Дарҳақиқат, тожикистонликлар чегарани ноқонуний кесиб ўтган. Бироқ ўзбек чегарачилар ҳеч бир огоҳлантиришсиз уларга қарата ўқ узган. Ҳолбуки, чегарачилар биринчи навбатда қонунбузарларни ушлашга ҳаракат қилишлари лозим эди. Лекин улар ўша заҳоти ўт очганлар. Яна бир факт – тожикистонликлар, Ўзбекистон томони айтганидек, уч киши эмас, балки икки киши бўлган. Улар аслида тижоратчилар, деди Панжакент чегара бўлими вакили Раҳмат Орипов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 13 декабр куни Тожикистон Давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси Ўзбекистон чегарачилари икки тожикистонликни автоматдан отиб яралагани ҳақида маълумот тарқатган эди. Сўғд вилоят бошқармаси мулозими Қурбонали Каримовнинг айтишича, 12 декабр куни вилоятнинг Панжакент туманида истиқомат қилувчи Абдураҳмон Тайлонов ва Ҳофиз Норматовлар тожик-ўзбек чегарасининг “Қирқарча” пости яқинида Ўзбекистон томонига ўтиш пайтида ўзбек чегарачилари томонидан автоматдан ўққа тутилган.

- Тожикистон фуқаролари тожик-ўзбек чегарасини ноқонуний кесиб ўтишган. Шунда ўзбек чегарачилари уларни автоматдан отган. Айни пайтда тожикистонликлар Ўзбекистоннинг Самарқанд касалхоналаридан бирида даволанмоқда. Бу воқеа юзасидан жиноий иш очилган, деди Қурбонали Каримов.

Айтилишича, Тайлонов ва Норматов Самарқандга мол олиб бориб¸ у ердан мол олиб келиш билан шуғулланганлар. Улар бир йилдан бери ëпиқ қолаëтган чегара постидан 300 метрча наридаги таъқиқланган жойдан Ўзбекистон ҳудудига киришмоқчи бўлган пайтда ўзбек чегарачилари уларни яралаган.

Панжакент туманида истиқомат қилувчи Раҳимберди Бердиевнинг айтишича, ўзбек чегарачилари яралаган Абдураҳмон Тайлонов ва Ҳофиз Норматовларнинг ота-оналари ўз фарзандлари аҳволидан хабар олиш мақсадида Ўзбекистонга ўтишмоқчи бўлганда, ўзбек чегарачилари уларни ўтказмаслик ҳақида буйруқ борлигини рўкач қилиб, фақат Норматовнинг отасига ўтиш учун рухсат берган. Норматовнинг отаси ҳозирча Ўзбекистондан қайтиб келгани йўқ.

Сўнгги пайтларда ўзбек-тожик чегарасида бундай нохуш воқеалар тез-тез юзага чиқмоқда. Жумладан, 4 ноябр куни Панжакентнинг Саразм қишлоғи ёнидаги постда ўзбек чегарачилари тожик чегарачисини автоматдан ўт очиб ярадор қилган.

Шу йилнинг 17 феврал куни тожик чегарачилари Ховос чегара постида турган ўзбек чегарачиларини автоматдан отиб яралаган. Март ойида эса Тожикистоннинг Зафаробод туманидаги чегара постида ўзбек чегарачиси тожикистонлик фуқарони автоматдан отиб ўлдирган.
XS
SM
MD
LG