Линклар

Ўтган ҳафтада Олмаотада жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг 6-қаватидан ташлаб юборилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 22 декабр куни Олмаота шаҳар марказий клиник шифохонасида хушига келмай жон таслим қилди.

Бу ҳақда Озодликка Геннадий Павлюкнинг хотини Олга хабар қилди.

- Бу бугун эрталаб содир бўлди. Ҳозир ҳужжат ишлари билан чопиб юрибман. Уни ҳозир суд-тиббий экспертизага олиб кетадилар. Мен у ерга бориб, ишни тезроқ битириш гаплашмоқчиман. Кейин жасадни олиб кетиш учун ҳужжатлар тайёрлаш керак бўлади. Уни Бишкекка олиб кетамиз, деди Геннадий Павлюкнинг хотини.

Олганинг айтишича, Геннадий Олмаотага иш билан келганди.

- Ҳозирча тергов кетаяпти, бу ҳақда бошқа тафсилотларни айтолмайман, деди Олга.

Олмаота марказий клиник шифохонасининг реанимациясида қирғизистонлик журналист ўлими тўғрисидаги маълумотни тасдиқламаган, айни пайтда инкор қилмаган ҳолда, бу ҳақдаги маълумотни фақат бўлим мудири бериши мумкинлигини айтишди.

Аввал хабар қилганимиздек, қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 16 декабр куни Олмаота шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирининг олтинчи қаватидан ташлаб юборилган, шундан бери Олмаотадаги шифохонада хушсиз ҳолда ётганди. Шифокорлар 6-қаватдан учиб тушиш натижасида миясига қон қуйилган Павлюк аҳволини ўта оғир дея баҳолагандилар. Маълум бўлишича, у жон бергунга қадар ҳам ўзига келмаган.

Олмаота шаҳар ички ишлар бошқармаси масъул вакили Евгений Лизенко аввалроқ Озодликка Геннадий Павлюк ташлаб юборилган пайтда унинг қўл ва оёқлари скотч билан чирмаб ташланган бўлганини айтганди. Мазкур ҳодиса юзасидан Олмаота шаҳар ички ишлар департаменти жиноий иш қўзғаган, иш юзасидан “буюртма суиқасд” версияси ҳам кўриб чиқилаётганди.

Геннадий Павлюк билан содир бўлган фожеадан сўнг Қирғизистондаги “Ата-Мекен” мухолифатчи партияси раҳбари Ўмурбек Текебаев Озодликка журналист юқори қаватдан атайлаб итариб юборилган бўлиши мумкинлигини айтганди. Текебаевга кўра, Павлюк нима сабабдан Олмаотага кетаётгани ҳақида унга айтмаган.

- Геннадий Павлюкни Олмаотага “келажакдаги лойиҳалар бўйича гаплашамиз” деб, алдаб чақириб олишган. Расмийлар “бу воқеа Қирғизистонда эмас, балки Қозоғистонда бўлган, бизнинг бунга алоқамиз йўқ, биз билмаймиз” дейиш учун қилган. Шунинг учун уни айнан Қозоғистонда ўлдиришга аҳд қилишган, деди Ўмурбек Текебаев.

Қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюкжорий йил охиригача мухолифатдаги “Ата-Мекен” партиясининг газетаси ва веб-сайтини очиш тараддудида бўлган. Аввалроқ у Россиянинг “Аргументи и Факти” газетасининг Қирғизистон бўлими раҳбари лавозимида ишлаган, сўнг эса “Белий пароход” интернет нашрини ташкил қилган. Иброҳим Рустамбек тахаллуси билан мақолалар ёзган Геннадий Павлюк аксар ҳолларда Қирғизистондаги режим, хусусан, президент Қурмонбек Бакиев сиёсатини кескин танқид қилиб келгани маълум.
XS
SM
MD
LG