Линклар

Холжигитовнинг аҳволи тобора ёмонлашаётир


60 ёшли ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг оёғи шишиб кетгани учун юришга қийналаётгани айтилмоқда.

60 ёшли ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитовнинг оёғи шишиб кетгани учун юришга қийналаётгани айтилмоқда.

Қаршидаги қамоқхонада жазо муддатини ўтаётган ҳуқуқ фаоли Норбой Холжигитов соғлиги ёмонлашгани боис Тошкентдаги маҳбуслар шифохонаси – “Сангород” га кўчирилди. Холжигитовнинг яқинларига кўра, у ошқозони ва оёғи оғриётганидан шикоят қилмоқда.

Норбой Холжигитовнинг Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига ўтказилганини Озодликка унинг ўғли Ҳаётилла маълум қилди.

- Дадам ҳозир “Сангород”да. У ерга дадамни 7 декабрда олиб келишган бўлса керак. Чунки 6 декабрда Қаршидан олиб кетишган. Сангородга олиб келганидан буён дадам билан учрашишга рухсат беришмади. Бу ерда учрашиш мумкин эмас эмиш. Мен дадамни охирги марта ноябр ойида Қаршига бориб кўриб келгандим. Ўша пайтда дадамнинг аҳволи анча ёмон эди. Қонида қанд миқдори кўпайиб кетган. Доимий равишда кўзларидан ёш оқиб туради. Оғзида умуман тиши йўқ. Икки оёғи кўкариб кетган. Қон айланмаган, сахари кўтарилгандан кейин оёғи увишиб қолиб, кўкариб кетган. Юрганда ҳам секин юради, дейди Ҳаётилла Холжигитов.

Жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев Норбой Холжигитовнинг Тошкентдаги маҳбуслар шифохонасига ўтказилишини унинг соғлиги кескин ёмонлашгани билан изоҳлайди.

- Норбой Холжигитов соғлиги ёмонлашгани туфайли бир ярим ҳафталар аввал сангородга – УЯ 64/18га ўтказилган. Унинг аҳволи ёмон: қон босими жуда баланд, унинг устига жуда озиб кетган, оёқлари бутунлай музлаб қолар экан, тишлари бутунлай тушиб кетган. Оғзида фақат биттагина “ақл тиши” қолибди. Тиши бўлмагани учун овқатни чайнаб ея олмаётгани учун ошқозони ҳам ишдан чиққан. Унга ясама тиш қўйиш борасидаги ўзининг ва ўғлининг тўхтовсиз мурожаатларига рад жавоби беришган, дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раиси, муҳожирликда яшаётган Абдужалил Бойматов Норбой Холжигитов соғлигидан ташвиш билдириб, Ўзбекистон ҳукуматининг ҳуқуқ фаолларига нисбатан ҳаракатларини кескин қоралайди.

- Ўзбекистон ҳукумати мухолифат ва ҳуқуқ фаолларига, эркин фикр билдирувчи журналистларга нисбатан жуда ҳам шафқатсиз, репрессия олиб бораяпти. Ҳеч қандай инсонийлик, кечиримлилик деган нарсалар умуман йўқ. Бизнинг ташкилот 1992 йилнинг 2 февралида ташкил топган. Ташкилот фаоллари ўшандан юуён Ўзбекистон ҳукуматининг тазйиқи остида. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятидан ҳозиргача 31 киши қамалди, 18 киши Ўзбекистонни ташлаб чиқиб кетди. Шоҳруҳ Рўзимуродов 2001 йилда ИИВ нинг ертўласида қийноқлар билан ўлдирилган. Шу жумладан, Норбой Холжигитов Андижон воқеаларидан кейин қамалган эди. Аслида бу одам ҳеч қандай жиноий иш қилмаган. Фақат шу Ўзбекистон ҳукуматини, хусусан, Шавкат Мирзиёевнинг аҳолига ўтказган зулмлари тўғрисида бутун дунёга хабар берган. Кейин ўша жойдаги муаммоларни кўтариб чиққан. Маҳаллий аҳоли бу кишини қўллаб-қувватлаган. Мана шулар натижасида у қамалган. Халқаро ташкилотлар орқали Ўзбекистон ҳукуматига жуда кўплаб мурожаатлар қилинаяпти. Лекин бу мурожаатлар бирорта натижа бермаяпти. Норбой ака бирорта ҳам амнистияга тушмаяпти, дейди Абдужалил Бойматов.

Бир қатор халқаро ташкилотлар Норбой Холжигитовнинг соғлигидан хавотир билдириб келаяптилар.

Жумладан, Халқаро Амнистия ташкилоти 10 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Норбой Холжигитовнинг соғлиғи оғирлашгани туфайли қамоқхонада жон бериши мумкинлигидан хавотир билдирган.

Ўтган йили Норбой Холжигитов яшаган Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Қайирма” маҳалласи аъзоларининг Ўзбекистон президенти Ислом Каримов номига йўллаган хати айрим интернет нашрлари орқали эълон қилинди. Хат муаллифлари маҳалладоши Норбой Холжигитовнинг қамоқдан озод қилинишини сўрашган.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари алянси маълумотига кўра, Ўзбекистон президенти номига Норбой Холжигитовни озод қилинишини сўраб 60 дан зиёд мактуб йўлланган.

60 ёшли Норбой Холжигитов тўққиз фарзанднинг отаси. Бир пайтлари Самарқанддаги “Бобур” колхозига раислик қилган Норбой Холижигитов ўтган асрнинг 90-йиллари бошида мухолифатдаги “Бирлик” ҳаракати аъзоси бўлган.

1992 йилдан бошлаб эса Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Самарқанд вилояти Иштихон тумани бўлимига раҳбарлик қилган. 2004 йил “Озод деҳқонлар партияси”га аъзо бўлган.

Норбой Холжигитов 2005 йилнинг 4 июнида Ўзбекистон ЖКнинг 4моддаси (139-модда, 158-модда, 159-модда, 216-модда) билан айбланиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. Ҳуқуқ фаоллари унинг сохта айбловлар билан қамалганини таъкидлаб келадилар.
XS
SM
MD
LG