Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:00

Сайлов яқин, босим кучли


Сайлов арафасида бир бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари уй қамоғи шароитида экани ҳақида хабар берилмоқда.
Сайлов арафасида бир бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари уй қамоғи шароитида экани ҳақида хабар берилмоқда.

Ўзбекистонда парламент сайлови арафасида мухолифатга босимлар кучайган. Бу ҳақда Ҳюман Райтс Вотч халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти баёнотида келтирилган.

"Мамлакат бўйлаб ўнлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари устидан шу қадар қаттиқ назорат ўрнатилганки, улар де-факто уй қамоғидадир.

Уларга сайлов ўтиб бўлгунича уйдан чиқмаслик тайинланган. Улардан камида олти нафарининг паспорти вақтинча олиниб, бир нафари ҳибсда калтакланган", дейилади Ҳюман Райтс Вотч баёнотида.

- Ўзбекистондаги ҳозирги сайловолди қатағонлари олдиндан таҳмин этилгани каби аянчли тус олмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлари бу ҳақда баралла гапириб, Тошкент ҳукуматидан бундай ҳуқуқбузарликларни бас қилишни талаб этиши керак, - дейди Ҳюман Райтс Вотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Холли Картнер.

"Бирдамлик" ҳаракатининг Ўзбекистондаги раҳбари Дилором Исҳоқованинг айтишича, сайлов арафасида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мухолифат аъзоларини суҳбатга чақириб, сайлов кунларида жим ўтиришларини, ҳеч қандай тадбир ўтказмасликни, ҳеч қандай баёнот ёки чақириқлар билан чиқмасликни талаб қилишган.

- Вилоятлардан бир нечтасидан шунақа хабарларни олдик. Бундан беш-олти кун олдин Аҳад полвонни уйидан олиб кетишганини билган эдик. Кейин билсак айнан шу масалада чақириб, “сайлов кунларида Фарғона жим ўтирсин”, деган талаб қўйилибди. Сирдарёлик баъзи мухолифатчиларга ҳам худди шунақа талаб қўйилган. Жиззаҳлик мухолифат аъзоларига ҳам, умуман Ўзбекистонда танилган мухолифатчи борки, ҳаммаси сайловдан олдин огоҳлантириляпти, - дейди Дилором Исҳоқова.

27 декабр куни ўтказилажак парламент сайловида тўртта партия қатнашади ва бу партияларнинг биронтаси ўзини мухолиф деб ҳисобламайди. Аксинча уларнинг жорий ҳокимият олиб бораётган сиёсатга содиқликлари кузатилади.

Мухолифат партияларига сайловда қатнашишга рухсат берилмаган. Шу боис аввалгилари каби бу сафарги сайловлар ҳам ҳукуматни қўллаб-қувватлайдиган кучлар ўртасидаги бир тадбир сифатида кўрилади.

Шу ой бошида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси Ўзбекистондаги парламент сайловларини баҳолаш гуруҳини таъсис қилган ҳамда 14 нафар халқаро эксперт ва ёрдамчи ходимлардан иборат миссия Ўзбекистонда сайловолди вазиятини кузатмоқда. Ташкилот вакили Йенс Эшенбеҳер Ўзбекистонда сайлов арафасида мухолифатга бўлаётган босимлар ҳақида ҳозирча бирон изоҳ бераолмаслигини айтди.

- Сайлов тугамагунча бирон баёнот бераолмаймиз. Кузатувларимиз асосида тузилган тўлиқ ҳисоботни сайлов тугагандан кейин эълон қиламиз, - деди Йенс Эшенбеҳер.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Ўзбекистондаги олдинги парламент ва президентлик сайловларини халқаро андозаларга мос ўтмаганини таъкидлаган ва ташкилот тавсиялари ижро этилмай қолганини билдирган.

- Бу мамлакатда фуқароларнинг фундаментал эркинликлари чекланганича қолмоқда, у ердаги мавжуд сиёсий муҳит фуқароларга танлов имконини бермайди. Бундан ташқари ўтмишда ишлаб чиққанимиз тавсиялар ижро этилмай қолди. Лекин Ўзбекистон томонининг сайлов жараёнини ислоҳ қилиш ва бу борада мулоқотга иштиёқини эътиборга олиб, биз шундай баҳолаш миссиясини юборишга қарор қилдик, - деб айтган эди ЕХҲТнинг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси вакили Йенс Эшенбеҳер.

Ўзбекистон ҳукумати шу пайтга қадар биронта мухолифат партияни рўйхатга олмаган. Ҳукумат сиёсатини савол остига олмоқчи бўлган ҳар бир мухолифатчи сайловлар арафасида кучли назорат остига олинади.

- Сайлов бизники, биз сайлашимиз керак, лекин бизни иложи борича сайловга аралаштиришгани йўқ, - дейди Дилором Исҳоқова.
XS
SM
MD
LG