Линклар

Россия туркман газини қайта сотиб олади

  • Ҳасанжон

Россия ва Туркманистон президентлари 9 ойлик можарога нуқта қўйдилар.

Россия ва Туркманистон президентлари 9 ойлик можарога нуқта қўйдилар.

Туркманистон ва Россия раҳбарлари 2010 йилнинг 10 январига қадар туркман газини Россияга экспорт қилишни қайта йўлга қўйиш тўғрисида шартнома имзолади. Бу билан икки давлат ўртасида тўққиз ой давом этган тортишувга чек қўйилди.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедов билан Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган музокара чоғида Дмитрий Медведев Туркманистонни “яқин дўст” деб атади.

Туркманистон раҳбари Бердимуҳаммедов эса Россия ўз мамлакати учун стратегик ҳамкор эканини айтди.

- Туркманистон учун Россия стратегик ҳамкор, - дея баёнот берди Туркманистон президенти.

Қурбонқули Бердимуҳаммедов сўзига қўшимча қилиб икки давлат ўртасида ҳамкорлик муваффақиятли ривожланиб бораётганини айтди.

- Бугунги кунда Туркманистон-Россия ҳамкорлиги энергетика сектори каби муҳим соҳаларда муваффақиятли ривожланиб бормоқда. Бу борада ҳозиргина қатор ҳужжатларни имзолаганимиз бунинг далилидир, - деди Туркманистон раҳбари.

Ўз навбатида Россия президенти Дмитрий Медведев халқаро ва минтақавий масалаларда икки давлат қарашлари бир-бирига яқин ёки бир хил эканини урғулади.

- Ҳурматли Қурбонқули Маликқулиевич, ҳозиргина Сиз билан халқаро масалаларни муҳокама қилдик. Ҳозирги замон муаммолари, хусусан дунёда ва бизнинг Евроосиё қитъамизда қандай қилиб хавфсизликни таъминлаш борасида қарашларимиз бир-бирига жуда яқин ва мос келади, - деди Россия раҳбари.

Дмитрий Медведевнинг Ашхободга сафари чоғида унга ҳамроҳлик қилган “Газпром” ширкати раҳбари ўринбосари Александр Медведев икки томон 10 январдан кечиктирмай Россияга газ экспорт қилишни қайта йўлга қўйиш ҳақида келишиб олганини айтди.

Медведевга кўра, келишувда Туркманистоннинг Россияга йилига 30 миллиард куб метр газ жўнатиши назарда тутилган. Бу газ қувури портлагунига қадар Туркманистондан Россияга экспорт қилинган газ ҳажмининг учдан икки ҳиссасига тўғри келади.

“Газпром” 2028 йилга қадар Туркманистондан йилига 65 миллиард куб метр газ сотиб олиш ҳақида шартнома имзолаган эди. Аммо жорий йил апрелида Россияга газ экспорт қилаётган қувур портлаганидан кейин газ жўнатиш тўхтатиб қўйилган. Ашхобод расмийлари қувур портлаши учун масъулиятни газ импортини тўхтатиб қўйган “Газпром” ширкати зиммасига юклаган.

Россия президенти келаси йилларда аввалги ҳажмда газ сотиб олиниши ёки сотиб олинмаслиги ҳақида ҳеч нарса айтмади. Дмитрий Медведев Россия газ учун Туркманистонга Европа газ бозори шартлари асосида ҳақ тўлашини айтди.

Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Туркманистонга ташрифи Туркманистон-Хитой газ қувури шу ойда фойдаланишга топширилганидан кейин амалга ошмоқда.

Янги қувур 1012 йилда тўлиқ қувват билан ишга тушганда Туркманистондан Хитойга йилига 40 миллиард куб метр газ экспорт қилинади. Туркманистон-Хитой газ қувури Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳудудлари орқали транзит ўтган.

Туркманистондан Эронга қурилган янги газ қувури шу ой охирида фойдаланишга топширилади. Ашхобод расмийлари бу қувур орқали Эронга йилига 8 миллиард куб метр газ экспорт қилишни режалаган.
XS
SM
MD
LG