Линклар

logo-print

Россия сув-энергетика масалаларида Ўзбекистонни дастаклайди


Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Марказий Осиё сув-энергетика заҳираларидан фойдаланиш масаласида минтақадаги барча мамлакатларни қониқтирадиган ечим топилиши лозимлигини айтди.

Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Марказий Осиё сув-энергетика заҳираларидан фойдаланиш масаласида минтақадаги барча мамлакатларни қониқтирадиган ечим топилиши лозимлигини айтди.

“Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Тошкентга қилган сафари давомида минтақа сув-энергетика заҳираларидан фойдаланиш муаммолари юзасидан Ўзбекистон позициясини қўллаб-қувватлади”, деб хабар қилди Регнум ахборот агентлиги.

Тошкентдаги Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида қилган чиқиши чоғида Лавров Марказий Осиё сув-энергетика заҳираларидан экологик мувозанатга путур етказмаган ҳолда фойдаланишга чақирди.

Россия ташқи ишлар вазири фикрича, бу масалада минтақадаги барча мамлакатларни қониқтирадиган ечим топилиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, ўзбек расмийлари Тожикистон ва Қирғизистонда қурилаётган ГЭСлар минтақа экологиясига катта зарар етказишини, шу важдан бу иншоотлар халқаро экспертизадан ўтказилиши лозимлигини таъкидлаб, уларнинг қурилишини қаршилик қилиб келади.

Айни пайтда сув бошида жойлашган минтақа давлатлари эса улкан энергетик иншоотлар барпо қилиш режасидан воз кечмоқчи эмаслигини билдирмоқдалар. Аксинча, Тожикистон ва Қирғизистон расмийлари сўнгги пайтларда бу борадаги саъй-ҳаракатларини янада жадаллаштирмоқдалар.

Дейлик, Тожикистон ҳукумати Роғун ГЭСи учун қўшимча маблағ жалб қилиш ишларини авж олдирган. Расмий Душанбе келаётган йилнинг январ ойи бошидан Роғун ГЭСи акцияларини муомала киритишни режалаётибди. Акцияларнинг номинал қиймати 100 сомонийни (тақрибан 23 доллар – таҳр.) ташкил этади. Шунингдек, 500 сомоний (тақрибан 115 доллар – таҳр.), 1000 сомоний (тақрибан 230 доллар – таҳр.) ва 5000 сомоний (тақрибан 1150 доллар – таҳр.) қийматидаги акция сертификатлари чиқарилиши кўзда тутилган. Мазкур қимматбаҳо қоғозларни фақат Тожикистон фуқароларигина сотиб олишлари мумкин.

Аснода Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятида қурилаётган Қамбарота-2 ГЭСи учун сув ҳавзаси ҳосил қилиш ва станция тўғонини барпо этиш мақсадида 22 декабр куни тоғ портлатилди.

Қирғизистон президенти Қурмонбек Бакиев Қамбарота-2 ГЭСи тўғрисида гапирар экан, бу иншоот республиканинг экспорт имкониятларини кенгайтиришини ва қўшни мамлакатлар далаларини суғориш учун сув етарли бўлишини қайд этди. Бакиевга кўра, Қирғизистон Қамбаротани қуриш билан кифояланиб қолмоқчи эмас.

- Биз бундан буён ҳам ГЭСлар қуриб, Нориндан юқори томонга қараб кетаверамиз. 10 йил, 20 йил, 30 йиллик дастурни тузамиз. ГЭСларни қуриш билан иқтисодиётимиз ўсади, тўлалигича энергетик мустақилликни қўлга киритамиз, дея қўшимча қилди Қурмонбек Бакиев.
XS
SM
MD
LG