Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 19:33

Павлюк қотилини топиш чақириқлари янграмоқда


Қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 16 декабр куни мана шу уйнинг олтинчи қаватидан ташлаб юборилганди.
Қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 16 декабр куни мана шу уйнинг олтинчи қаватидан ташлаб юборилганди.

Қозоғистондаги “Журналистлар хавф остида” ташкилоти қирғизистонлик таниқли журналистнинг мамлакат ҳудудида ўлдирилганидан қаттиқ хавотирда эканини билдирди.

Ташкилот вакиллари Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органларини нафақат журналист қотилларини, балки бу қотилликка алоқадор буюртмачиларни ҳам топишга ундайди.

- Биз қозоқ мухолифатчиси Олтинбек Сарсенбоев, Замонбек Нуркадиловларнинг ўлимида ҳуқуқ-тартибот органларининг қўли борлигини биламиз. Шу боис қозоқ ҳуқуқ-тартибот органларидан бу ишга Қирғизистон сиёсий ва ҳуқуқ-тартибот органларининг алоқадорлигини ҳам ўрганиб кўришларини талаб қиламиз. Марказий Осиё давлатларидаги ҳуқуқ-тартибот органлари ўз ҳукуматларининг буюртмаларини бажариши аён, дейди “Журналистлар ҳавф остида” ташкилоти раҳбари Розлана Таукина.

Шунингдек, у Қозоғистон ҳудудида қўшни давлат жиноий унсурларнинг бемалол ҳаракатлаётганларидан хавотирда эканини айтади.

- Қозоғистон ҳудудида бемалол қирғизистонлик журналистни ўлдириш, ўзбекистонлик қочқинни ўғирлаб ёки дўппослаб кетиш жуда осон бўлиб қолди. Ҳозирда қўшни давлат махфий хизматлари ва жиноий унсурлари Қозоғистон ҳудудида юрган сиёсатчи, журналист ва қочқинларга қарши шафқатсиз ҳаракатларни амалга ошириб келмоқдалар. Қирғизистонлик таниқли журналист Геннадий Павлюкнинг ўлими сабаблари очилмай қолаётгани оддий қозоғистонликларнинг ҳам бундай бошбошдоқликдан ҳимояланмаганидан дарак беради, дейди Розлана Таукина.

Айни пайтда қароргоҳи Ню Йоркда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Қозоғистон ҳукуматига баёнот йўллаб, қозоқ расмийларини қирғизистонлик журналист ўлимига алоқадор кишиларни топиб, жазога тортишга чақирди.

“Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислик қилишига атиги 10 кун қолганида мазкур жиноят жазосиз қолмаслиги ва Қирғизистон томони бу ишда Қозоғистонга ёрдам бермоғи керак”, дейилади “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти очиқлаган баёнотда.

Қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк ўлими бўйича жиноий иш очгани ҳақида аввал хабар қилгандик. Мазкур жиноий иш мавқеи ҳозирда “қотилликка қасд қилганлик”дан, “қотиллик”ка ўзгартирилган.

Аснода Қозоғистондаги айрим оммавий ахборот воситалари қирғизистонлик журналист ўлимига мамлакат жиноий тузилмаларининг ҳам алоқаси бўлиши мумкинлиги ва мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари бу ишни охиригача етказмаслиги эҳтимоли ҳақида ёзмоқдалар.

Аммо Қозоғистон ички ишлар вазирлиги бу каби иддаоларни кескин рад қилаётир.

- Иш судгача олиб борилади. Мазкур иш бўйича тергов якун топмай туриб бу борада қанақа изоҳ беришимиз мумкин ахир? Бунга Қозоғистон тузилмаларининг алоқадорлиги ҳақида истаган одам баёнот бераверади-да, деди мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Олег Ивашенко.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафтада Олмаотада жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг 6-қаватидан ташлаб юборилган қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк 22 декабр куни Олмаота шаҳар марказий клиник шифохонасида хушига келмай жон таслим қилганди. У жорий йил охиригача мухолифатдаги “Ата-Мекен” партиясининг газетаси ва веб-сайтини очиш тараддудида бўлган.

Аввалроқ Павлюк Россиянинг “Аргументи и Факти” газетасининг Қирғизистон бўлими раҳбари лавозимида ишлаган, сўнг эса “Белий пароход” интернет нашрини ташкил қилган. Иброҳим Рустамбек тахаллуси билан мақолалар ёзган Геннадий Павлюк аксар ҳолларда Қирғизистондаги режим, хусусан, президент Қурмонбек Бакиев сиёсатини кескин танқид қилиб келгани маълум.


XS
SM
MD
LG