Линклар

Ҳуқуқ фаолларига қора бўёқ чапланди


Президент Каримов истеъфосини талаб қилиб намойишлар ўтказган шоир Юсуф Жума ва унинг оиласи "Ниқоб остидаги зўравонлик" филмида қораланди.

Президент Каримов истеъфосини талаб қилиб намойишлар ўтказган шоир Юсуф Жума ва унинг оиласи "Ниқоб остидаги зўравонлик" филмида қораланди.

21 декабр куни Ўзбекистон телеканалида "Ниқоб остидаги зўравонлик" ҳужжатли филми намойиш этилди. Филмда ўзбекистонлик қатор ҳуқуқ фаоллари "ҳуқуқ ҳимоячиси ниқоби остида жамият учун зарарли фаолият олиб борганлари" танқид қилинади.

Филмнинг асосий қаҳрамонлари Исоқ Абдуллаев, Солижон Абдураҳмонов, Оязимхон Хидирова ва Юсуф Жума бир қатор халқаро ташкилотлар томонидан сиёсий қарашлари ва ҳуқуқ ҳимоячиси фаолияти учун қамалган "виждон тутқунлари" сифатида талқин этилади. Халқаро ташкилотлар ёйинлаган маълумотларда айтилишича, бу тўрт нафар ҳуқуқ ҳимоячисига нисбатан жиноят ишлари қалбакилаштирилган.

Аммо "Ниқоб остидаги зўравонлик" ҳужжатли филмида бунинг акси айтилади. Филм муаллифларига кўра, Исоқ Абдуллаев хотинбозлиги ва ноқонуний қурол сақлаганлиги учун 9 йилга, Солижон Абдураҳмонов наркотик моддалар савдоси билан шуғуллангани учун 10 йилга, Юсуф Жума эса "Ўзбекистон жамияти ҳақида бўхтон тарқатиш билан овора бўлган ва ўзини шоир атаган. У жамият учун зарарли фаолият олиб борганликда айбланиб" 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган.

Айни пайтда филмда Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда халқаро меъёрларга оғишмай амал қилаётгани ва ҳатто "товламачиликда айбланган фермер ва ҳуқуқ ҳимоячиси Оязимхон Хидировага" раҳм-шафқат кўрсатилиб, озод қилингани ҳақида ҳам гапирилади.

Бир қатор ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, "Ниқоб остидаги зўравонлик" ҳужжатли филмини Ўзбекистон ҳукуматининг сиёсий буюртмаси сифатида қабул қилиш мумкин.

- Бундай чиқишлар Ўзбекистонга қандайдир халқаро ташкилотлар инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганиш учун келганида, Тошкентда халқаро анжуманлар ўтаётган пайтларда деярли барча оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлади. Бундан мақсад вазиятни ўрганаётган халқаро ташкилотларни чалкаштиришдир. Иккинчидан эса, янги авлод ҳуқуқ ҳимоячилари ва ўзгача фикрловчиларни қўрқитиш, уларни бостиришдир, дейди тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов.

Қашқадарёлик мухолифатчи Нодир Аҳатов эса "Ниқоб остидаги зўравонлик" филмини холис бўлмаган ва бир томонлама ёндошилган ахборот сифатида қабул қилишини айтади:

- Ўзбекистонда суд залида видеокамералар қаердан пайдо бўлди? Ахир суд залига видеокамера у ёқда турсин, ҳатто оддий қўл телефонлари ҳам киритилмайди-ку. Демак, хулоса шуки, бу олдиндан режалаштирилган тадбир. Бундан ташқари, мазкур филм Ўзбекистон судлари ҳукумат назорати остида эканини яққол ифодалайди. Иккинчидан, бу жуда нохолис филм бўлган. Унда баланс йўқ. Масалан, филмда Юсуф Жума қора бўёқларда кўрсатилади. Аммо унинг адвокатларига ва ўзига сўз берилмайди. Унинг айби нима экани очиқ айтилмайди, дейди Нодир Аҳатов.

Айтиб ўтиш жоизки, халқаро ҳамжамият айни пайтда қамоқда сақланаётган ҳуқуқ фаоллари Исоқ Абдуллаев, Солижон Абдураҳмонов ва Юсуф Жумани озод қилишни Ўзбекистон ҳукуматидан талаб қилиб келади.
XS
SM
MD
LG