Линклар

logo-print

2009 йил учун Ўзбекистондаги болалар меҳнати манзарасини кузатар эканмиз, жорий йилда ҳам ўзбек боласи пахта қули сифатида ишлатилганига гувоҳ бўлишимиз мумкин.

Жорий йилда ўзбек болалари мажбурий меҳнатга ўтган йилларга нисбатан сал эртароқ жалб қилинди.

Устига устак, болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилишнинг антиқа усуллари ҳам ўйлаб топилди бу йил.

Апрел ойидаёқ фарғоналик ўқувчиларнинг ҳар бири чигит ўстириш учун 400 тадан қоғоз “воронка” ясашга мажбур қилинди.

- Мактабда “воронка” қилдиришаяпти. Ҳар битта болага 200 тадан қилдиришаяпти. “Дафтарнинг варағидан иккала томонини клейлаб, паст томонини очиқ қолдириб қилинглар”, дейишди. “Воронка”нинг ичида чигитни кўкартириб олиб¸ буғдойдан кейин экишмоқчи экан, деган эди Фарғона туманидаги мактаблардан бирининг 5-синф ўқувчиси.

Кейинчалик “воронка”лар ичидаги чигитлар чириб кетгани, юзлаб болаларнинг меҳнати бесамар кетгани маълум бўлди.

Май ойи ўрталарига келиб айрим вилоятларда ўқувчилар қошиқ ва капгир билан чигит униб чиқмаган далаларда чигит экишди.

Май ойи охирига келиб болалар ёмғир натижасида қатқалоқ бўлган далаларни юмшатишга киришдилар.

Май охири ва июн бошидан бошлаб эса мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида ўқувчилар одатдагидай ғўза яганасига жалб қилинди.

17 майдан бошлаб хоразмлик 12 ёшли Фарангиз ҳам синфдошлари билан
ҳар куни дарс машғулотлари ўрнига эрталаб соат саккиздан ғўзаларни ягана қилиш билан машғул бўлди.

- Бизлар 17 майдан бошлаб яганага чиқдик. 6-синфдан 9-синфгача бўлган ҳамма ўқувчилар олиб чиқилди. Эрталаб соат саккиздан иккигача фермерларнинг ерида ишлаяпмиз, деган эди Фарангиз.

“Эзгулик” жамияти маълумотига кўра, жорий йилда Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида баҳорги дала ишлари авж олган пайтда “Зарбдор гуруҳ”лар тузилиб, уларга болалар ҳам жалб қилинган.

- Маҳаллий ҳокимликлар томонидан “Зарбдор гуруҳлар” тузилган. Булар пулга ëлланиб ишлайдиган гуруҳлар. Уларнинг таркибида катта ëшдаги одамлар билан биргаликда, ўқувчи ëшлар ҳам бор.

Мен болалар билан, асосан, эрталаб гаплашдим. “Нима учун дарсга бормадинглар”¸ деб сўрасам¸ “Зарбдор гуруҳ”да ишлаëтган болаларга ўқитувчилар индашмайди” деган жавобни беришди, деди Абдураҳмон Ташанов.

Пахта чопиғидан кейин ўқувчилар ёзги таътилга чиқишди. Ёз тугаб, болалар учун мактаб бошланиши билан пахта терими ҳам бошланди.

"Пахта-2009" мавсуми ҳам болаларсиз амалга ошмади. Бу йил ҳам болалар мактаб ўрнига далага ҳайдалди.

Жорий йилнинг 16 сентябр куни Андижон вилоят Халқ таълими бошқармаси ходимлари Озодлик билан суҳбатда 17 сентябрдан бошлаб мактабларда дарс ўрнига юқори синф ўқувчилари ёппасига пахтага чиқарилишини расман тасдиқлаган эдилар.

Озодлик: Мен журналист Меҳрибонман. Радиодан қўнғироқ қилаётгандим. Пахта масаласини ўрганаяпман. Бу йил Андижонда мактаб ўқувчилари пахта теримига чиқариладими?

Бошқарма ходими: Эртадан бошланади.

Озодлик: Вилоятдаги барча мактабларми?

Бошқарма ходими: Ҳа.

Озодлик: Нечанчи синф ўқувчилари чиқарилаяпти?

Бошқарма ходими: 8 дан 11-синфгача.

Озодлик: Терим дарсдан кейинми ёки дарс ўрнигами?

- Фақат пахта, деган эди бошқарма ходими.

Фақат пахта! Жорий йилда ҳам ўзбек болалари мактабда ўқиш ўрнига пахтакорликка маҳкум қилиндилар.

Айрим вилоятларда болалар совуқ бўлишига қарамай, 1 декабргача далада қолдилар.

- Далага соат 10 ларда бориб тушдик. Палтода эдим. Лекин барибир совуқ бўлди. Пахта кўп термадик. Аввал кўрак тердик ва кейин ўтириб ундан пахтани ажратиб олдик. Қаттиқ совуқ бўлди. Кейин биз ўтин йиғдик. Директоримиз уни бизга ëқиб берди. Кейин оловнинг теварагида ўтириб исиндик, деган эди хоразмлик ўқувчи Фарангиз ноябр ойи ўрталарида.

Жорий йил пахта мавсумида ўтган йиллардан фарқли яна бир ҳолат кузатилди. Бу йил мутасаддилар ота-оналардан "боламни ўз ихтиëрим билан пахтага чиқараман" деган мазмунда мажбурий тилхат ëздириб олдилар.

Ҳар йили Ўзбекистонда 2 миллион 700 мингга яқин ёш бола пахта теримига мажбуран жалб қилинади.

2009 йил пахта мавсумида Андижоннинг Улуғнор туманида бир ҳашарчи ўқувчини бўри ғажиб ўлдирган. Бухоронинг Шофиркон туманидан пахтага олиб чиқилган 6-синф ўқувчиси Беҳзодни эса пахтадан қайтаëтганида машина босиб кетган. Шунингдек, Хоразм ва Фарғонада пахтадан қайтаëтган ҳашарчилар автоҳалокатга учраб¸ оламдан ўтган. Бу Озодликка маълум бўлганлари, холос.

2008 йили Ўзбекистондаги терим мавсумида ўндан зиëд ўқувчи ўлган эди.

Халқаро жамоатчилик “ўзбек болалари пахта қуллари” эканини айтиб, бу борада расмий Тошкентни тўхтовсиз танқид қилиб келади.

- Ўзбекистон ҳукумати Ўзбекистоннинг келажагини ўйлайдиган бўлса¸ миллатнинг келажагини ўйлайдиган бўлса¸ болалар меҳнатидан воз кечиши керак. Ўзбекистон ҳукумати ҳар доим “Ўзбекистон келажаги буюк давлат” деб айтади. Ўзбекистонда буюк давлатни билимли ëш авлод қура олади. Агар улар уч ойлаб қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинса¸ ҳеч қандай буюк келажак бўлмайди, дейди Францияда рўйхатга олинган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдужалил Бойматов.

Жорий йил давомида болалар меҳнатига қарши бир қанча пикетлар ўтказилди. Турли ҳалқаро ташкилотлар ўзбек пахтасини бойкот қилдилар.

2007 йили бошланган бу ўзбек пахтасига бойкот қилиш кампаниясига ҳозирга қадар Wal-Mart, H&M, Marks & Spencer, TESCO¸Nike, Nordstrom, Timberland, TJX Cos. Inc., Phillips-Van Heusen Corp., Target, the Walt Disney Co. каби Европа ва АҚШнинг йирик улгуржи савдо тармоқлари қўшилган.

Расмий Тошкент бу каби бойкотларга жавобан болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича бир қанча қарорларни қабул қилди.

2008 йили “Энг ёмон кўринишдаги бола меҳнатидан фойдаланишни таъқиқлаш ва уни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги конвенцияни ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун кучга кирди.

Шунингдек, ўтган йилда Ўзбекистонда “Болалар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида”ги янги қонун қабул қилиниб, Вазирлар Маҳкамасининг болалар меҳнатини таъқиқлаш бўйича махсус қарори эълон қилинди.

Жорий йил якунида,аниқроғи, 21 декабр куни жаноб Каримов имзолаган болалар меҳнатини таъқиқлашга оид яна бир ҳужжатда болалар меҳнатидан фойдаланган шаxслар жавобгарликка тортилиши кўзда тутилади.

Хўш, ўтаётган йил давомида “эрта баҳордан кеч кузгача ўзбек болаларини далада эксплутация қилингани учун жавобгарлик кимнинг зиммасида?” деган савоб туғилади. Расмий Тошкент бу жавобгарликни ўз бўйнидан соқит қилиш учун юқорида айтилган қатор ҳужжатларни рўкач қилиши табиий.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG