Линклар

Эркин микрофон - Милициядан дод


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Тингловчи ва муштарийлардан 23 декабр куни Озодликка келган SMS-хабар ва қўнғироқларда билдирилган турфа мулоҳаза ва истаклар яна “Эркин микрофон” рукнида жамланди.

"Ўғлимни милиционерлар калтаклаяпти"

Озодлик радиосига Қашқадарё вилояти Ғузор туманидан сим қоқан Рўзибой ака ўзининг 9-синфда ўқийдиган ўғли кўчада милиция ходимлари томонидан ноқонуний қамоққа олинганини ва унга нисбатан соxта айбловлар билдирилаётганини айтди.

Рўзибой ака: Қашқадарë вилояти Ғузор тумани Жумақосим маҳалласиданман. Менинг 9-синфда ўқийдиган норасида ўғлимни 1 декабр куни бобосиникига меҳмонга борганда милиция ходимлари ушлаб олиб¸ милицияхонага олиб бориб: “Отанг ким? Онанг ким? Қайси тумандан?” деб сўраган. Кейин Ғузор туманига телефон қилган участкавойлар. Ундан кейин олиб бориб қамаб¸ вояга етмаган болани отасисиз¸ онасисиз тергов қилиб¸ уриб¸ мажбурлаб бўйнига ўғирликни қўйган. 14 кун бизларга кўрсатмай уриб¸ қийнаган. Тўрт-бешта болани қамаб, уриб бўйнига қўяяпти.

Озодлик: Адвокат ëлладингларми? Улар нима деяпти?

Рўзибой ака: Улар адвокатларни умуман признават қилмаяпти. Бизларга “Қаëққа борсанг бор, тўрт томонинг қибла, билганингни қил” деяпти.

Озодлик: Қайси туманда ким тергов қилаяпти?

Рўзибой ака: Қашқадарë вилоят Бешкент тумани жиноят қидирув бўлими ходимлари Усмонов Собир¸ участкавой Санжар¸ Ғанишер.

Озодлик: Булар милиция ходимлари-а?

Рўзибой ака: Жиноят қидирув бўлими терговчилари. Дўлтаев деган началник милицияси бор экан. Борсак агар “Кимсан¸ қайси итсан?” демайди. Болаларимизни уриб, майиб қилиб ташлаган. Тентакдай бўлиб қолган. Менинг фамилиям эса Файзиев Рўзибой. Ўғлимнинг фамилияси Омонқулов Нуриддин. Жиянимники Мавлонов Истам.

Озодлик: Жиянингизни ҳам қўлга олишганми?

- Жиянимни¸ қайноғам Рўзиев Алишерни¸ яна бор Рўзиев Зокир. Буларнинг орқаси йўқ, деб тўрт уруғнинг бўйнига уюшган жиноятни ураяпти¸ дейди қашқадарёлик суҳбатдошимиз.

Самарқанднинг Ургутида ҳам муаммо кўп

Самарқанднинг Ургут туманидан телефон қилган яна бир суҳбатдошимиз ўз номини айтмаслигимизни илтимос қилди. Унинг айтишича, қиш мавсуми бошланиши билан Ургут туманида электр қуввати, газ ва йўл муаммолари пайдо бўлган.

- Самарқанд Ургутданман. Бизнинг яшаш шароитимизда ижобий томонлари ҳам бор¸ салбий томонлари ҳам бор. Светимиз йўқ. Йўлларимиз ҳеч¸ энди ҳозир сайлов кетаяпти¸ авваллари "сайлов бўлаяпти" деб, йўлларга ҳеч бўлмаса тош тўкиларди. Умуман юриб бўлмайди-да. Айниқса ëш болалар мактабларга боришда йўлнинг четидан ариқларнинг ичидан юради. Газ ҳам йўқ. Умуман газ йўқ.

Озодлик: Қишни қандай ўтказаяпсизлар бўлмаса? Иссиқлик масаласи қандай?

- Дарахт экканмиз. Мажбурмиз энди¸ шуни кесиб ëқаяпмиз. Шароитимиз қийин. Бундай олиб қарасангиз иш йўқ бир томондан¸ дейди ургутлик тингловчимиз.

Айни пайтда бу суҳбатдошимиз 27 декабрда ўтадиган парламент сайловларидан сўнг вазият яхшиланишига ишонади. Унинг айтишича, бугунги кунда сайловда иштирок этаётган партияларнинг дастурлари мана шундай умид уйғонишига сабаб бўлмоқда.

- Агитация ишларини ўтказаяпти. “Бунга овоз беринглар¸ унга овоз беринглар” деб агитация қилаяпти. Кўпларини энди танимаймиз. Қишлоқда яшагандан кейин қанақа лавозимда ишлашини ҳам билавермаймиз.

Озодлик: Сайловда қатнашасизларми?

- Ҳа¸ қатнашамиз. Партияларнинг ўзларининг режалари бор. Қоғозда қолиб кетмаса¸ яхши бўлади, деган умиддамиз. Мен яхши бўлиб қолса керак, деб ўйлайман. Масъулият ҳис қилиб¸ берган ваъдаларини қилса¸ яхши бўлади деган умиддаман¸ дейди ургутлик суҳбатдошимиз.

"Ўзбекистонни президент мустақил қилгани йўқ"

Шаҳрисабзлик Абдулла ака эса Ўзбекистон мустақиллиги тарихига яна бир назар ташлайди. “Мустақилликдан илгари Ўзбекистонда демократия бор эди”, дейди Абдулла ака.

- Ҳозир Ўзбекистоннинг 30 ëшгача бўлганлари ҳам катта йигит бўлиб¸ бола-чақали бўлиб қолди. Шулар Ўзбекистон қандай мустақил бўлгани¸ кимлар мустақил қилганлиги тўғрисида нотўғри маълумотга эга. Ўзбекистон матбуоти: “Президентимиз мустақил қилди. Ундай қилаяпмиз¸ бундай қилаяпмиз” дейди. Президент мустақил қилган эмас. Биринчи навбатда, Болтиқбўйи¸ Борис Елцин деган инсонлар сабабчи бўлди. Ўзимизда “Эрк” деган¸ “Бирлик” деган мухолифат партиялари бор эди. Ўзбекистонда тортишувлар бўларди. Салгина бўлса ҳам эркинлик бор эди¸ дейди шаҳрисабзлик Абдулла ака.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG