Линклар

logo-print

Ўзбекистонда Марказий банк валюта курсининг қора бозордаги валюта курсига тўғри келмаётгани ва банкоматлардан исталган миқдорда пул олишнинг имкони йўқлиги пластик карточкалар оммалашувига тўсиқ яратмоқда. Бу борада ҳатто расмийларнинг санкциялари ҳам иш бермаяпти.

Ўзбекистонда пластик карточкаларнинг муомалага киритилганига бир неча йил бўлди. Бюджетдан маош олиб ишлайдиган ходимлар маошларининг аввал 30 фоизи, кейин 50 фоизи пластик карточкаларга ўтказила бошланди. Сўнгги пайтларда эса баъзи вилоят туманларида ишлаётган ўқитувчилар, маошларининг 100 фоизи пластик карточкаларга ўтказилаётганини айтмоқдалар.

Пластик карточкалар билан ишлашнинг ҳам харидорларга¸ ҳам савдо билан шуғулланувчи ташкилотларга қулай эканлиги барча ривожланган давлатларда ўзини оқлаган. Лекин негадир ўзбекистонлик тадбиркорларнинг ҳаммаси ҳам пластик карточкалар билан ишлашни хуш кўришмайди. Балки шу сабабдир, ҳукумат уларни “қаттиқ олаяпти”.

Ўзбекистон Солиқ кодексига киритилган янги ўзгартишларга кўра, энди пластик карточка орқали амалга ошириладиган тўловдан бош тортган савдо ходими энг кам иш ҳақининг 100 баравари ёки 3 миллиону 768 минг сўм миқдорида жарима тўлайди. Агар бу ҳолат иккинчи марта такрорланса¸ жарима ҳам икки бараварга кўпаяди.

Хўш, тадбиркор бунча жарима тўлашдан кўра, пластик карточкалар орқали савдо қилиб, пулларини банкка ўтказиб, пул керак бўлганда банкдан олиб тинчгина ишлаб юрса бўлмайдими? Қўқонлик тадбиркор Олим аканинг айтишича, тадбиркор ҳам қонун доирасида ишлашни хоҳлайди, лекин Ўзбекистон шароитида бунинг иложи йўқ.

- Савдогарлар нақд пулга олиб келади. Қозоғистондан¸ Қорасувдан олиб келади. Улар нақд пул сарфлайди-да. Банк орқали ҳисоб-китоб қила олмайди. Буларга ҳеч ким валюта бермайди. Савдогарларга нақд пул афзал-да. Банкка қайтиб борса¸ камида 10 фоиз йўқотади. Бир миллион пулдан 100 минг йўқотади. Бўлмаса банкдагилар “нақд пул йўқ” деб бермайди. Шунинг учун банкка қўймайди ҳам. Булар банкка хоҳлаган пайтида қўйиб¸ хоҳлаган пайтида олса¸ банк халқ ишончига кирса¸ остонасида сақламай пулини банкда сақлайди. Банкдан нақд пулни қайтиб олиш проблема. Бюрократизм ҳамма ëқ. Банкда 200 минг ойликка ўтиради. Миниб юрган машинасини кўрсангиз 10 миллионлик¸ қуриб қўйган уйини кўрсангиз 100 миллионлик. 200 минг ойлик билан қандай қилиб бундай уйларни битиради у? Ана шу фоизлар ҳисобига яшайдида улар¸ дейди қўқонлик тадбиркор Олим ака.

Унинг сўзларига кўра, тадбиркорларнинг банк билан ишлашни хоҳламаслигининг иккинчи сабаби, бу миллий пул конвертациясининг эркин эмаслигида.

- Давлат курси билан бозор курсида ер билан осмонча фарқ бор. Эркин қилиб қўйса¸ дейлик, бозорда 2100 бўлса¸ банкда ҳам шуни 2100 қилиб қўйса¸ шуни бемалол банкка кириб алмаштириб олди-берди қилса¸ аҳоли банкка боради. Ишонч бўлса¸ пулини банкда сақлайди. Банкда “Марказий банк бу нархда сотиш ëки сотиб олишга кафолат бермайди” деб ëзиб қўйган¸ дейди қўқонлик тадбиркор.

Илгари Ўзбекистонда тадбиркорлик билан шуғулланган, ҳозир эса Европа давлатларининг бирида ўқиётган Аҳмаджоннинг айтишича, Ўзбекистонда тадбиркорлар учун нақд пулсиз маҳсулот олишнинг имкониятлари жуда чекланган.

- Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўқолган. Жуда ҳам кам. Майда-майда ишлаб чиқаришлар бор. Катта-катта ишлаб чиқаришлар қайсидир давлатларнинг ҳимоясида ишлаяпти. Фақат шулардан банкка пул ўтказиш орқали маҳсулот сотиб олса бўлади. Бунақа маҳсулотлар бармоқ билан санарли. Масалан¸ шахсан менинг билишим бўйича¸ Ўзбекистонда асосан соф ишлаб чиқарадиган корхоналар бор. Улар хорижий қўшма корхоналар бўлиб¸ улардан банк орқали олса бўлади. Лекин “Нескафе”¸ “Улкер” каби маҳсулотлар борки¸ уларни банк орқали оламан десанг¸ 100 сўмлик маҳсулотини улгуржи савдо қилувчи тадбиркорлар ҳам устига қўйиб сотади. Ўша 100 сўмлик нарсани 110-120 сўм қилиб сотади. Тадбиркорга бу нарса қулай эмас¸ дейди Аҳмаджон.

Хўш, ҳукуматнинг бу тадбири ўзини қанчалик оқлайди, тадбиркорлар энди бевосита терминаллар ва банклар орқали ўз бизнесини қонун доирасида йўлга қўя оладими? Бу саволга Аҳмаджон шундай жавоб беради:

- Ўзи аслида Ўзбекистонда истеъмолчиларнинг кўп ҳуқуқлари бор. Истеъмолчилар ўзларининг кўп ҳуқуқларидан фойдалана олишмайди. Жарима тўлатиш учун ишлаб чиқарилган қонунлар истеъмолчилар фойдасига. Лекин истеъмолчилар ҳуқуқларига хизмат қиладиган қонуларнинг 95 фоизи ишламаган. Тадбиркорлар агар касса аппаратига чек урмаса¸ энг кам иш ҳақининг 30 бараваридан 50 бараваригача жаримаси бор. Ўртача 800 мингдан 2-3 миллионгача жаримаси бор. Бу солиқчиларга қўл келади ва коррупциянинг яна ривожланишига қўл келади. Олдин солиқчилар магазинлардан ëки ишлаб чиқариш ташкилотларидан айб топа олмаса¸ энг охирига келиб касса аппаратига чек урмаганлигидан айб топарди. Энди солиқчилар тадбиркорларга иккита қармоқ ташлайди. Тадбиркорларга қийин бўлади. тадбиркорларнинг қадам ташлаши оғирлашади¸ дейди Аҳмаджон.

Ўзбекистон Марказий Банки маълумотларига кўра, шу йилнинг 1 октябригача савдо ва хизмат соҳасидаги 42 минг объектга ва 3754 та тижорат банклари бўлимларига терминаллар ўрнатилган. Шунингдек, республикада 204 та банкоматлар ҳам ўрнатилгани айтилади. Бироқ ўзбекистонликларнинг айтишларича¸ бу банкоматларнинг ичи ҳеч пулга тўлмаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG