Линклар

Миллион долларлик байрам

  • Барно Анвар

22 декабр куни Тошкентга келган футбол юлдузи Криштиано Роналду мўмайгина гонорардан ташқари зарбоф тўн ҳам кийиб кетди.

22 декабр куни Тошкентга келган футбол юлдузи Криштиано Роналду мўмайгина гонорардан ташқари зарбоф тўн ҳам кийиб кетди.

Дунёнинг шу кундаги энг қиммат футболчиси Криштиано Роналду 22 декабр куни Тошкентда бўлиб, ёш ўзбек футболчиларига мастер-класс машғулотларини ўтди. Баъзи ғарб ахборот воситалари хабарига кўра, футбол юлдузининг бу ташрифи ташкилотчиларга 600 минг еврога тушган.

Мадриднинг “Реал” жамоаси ярим ҳимоячиси, “Манчестер Юнайтед” футбол жамоасидан шу жамоага ўтгани учун 80 миллион фунт стерлинг қозониб, дунё футболи тарихидаги энг қиммат ўйинчига айланган Криштиану Роналду 22 декабр куни ўзбекистонлик футбол ишқибозларнинг олқишларига кўмилди.

“Жар” спорт комплексидаги мастер класс машғулотлари чоғида эса у ўзбекистонлик ёш иқтидорли футболчиларнинг маҳоратига қойил қолганини яширмади. 12 ёшли футболчи Шоҳжаҳон Ҳасанов фақат Роналдуга хос баъзи финтларни ундан ҳам ўтказиб ижро этгани акс этган видеотасвир эса шу кунларда интернет тармоғини кезиб юрибди.

Бу томошани кўрган ўзбекистонлик футбол ишқибозларидан бири, Роналдунинг ашаддий фанати ўз ҳайратини яширмади.

- Кичкина болачани кўрдим. Вообше қаттиқ ўйнар экан у болача ҳам. Тўп билан муомаласи зўр-да. Роналду нималарни қилган бўлса¸ ўшаларни қилди. Даже ундан ҳам ўтказиб битта-иккита приëмлар қилди. Шундай кетса¸ келажаги бор футболчи чиқади. Мастер-классда кўрган бўлсангиз¸ охирида бир-икки ўйин қилди. Битта-иккитасини алдаб ўтган эди¸ биттаси тушуниб қолди ва тўпни Роналдудан олиб қўйди. Ўзининг финтини ишлатиб кетмоқчи эди¸ ўхшамай қолди. Роналдуга учта бола кўникса бўлди. Эртага ўйинда уччаласи бемалол Роналдуни ушлайди¸ дейди ўзбекистонлик футбол ишқибозларидан бири.

Бу ишқибозга кўра, Роналдунинг Тошкентга келиши ўзбек футболи келажаги учун жуда катта хизмат қиладиган воқеа бўлди.

- Ëшларимиз бу йил жаҳон чемпионатига чиқиб¸ учта ўйинда учта мағлубият билан қайтиб келишди. Мана шунақа футболчилар келиб¸ интилиб¸ сал тўп билан ишлаш кўпайса яхши бўлади. Кечагидай расмларга тушиб¸ бошқа қилиб¸ футболкалар¸ совғалар тарқатгандан кейин у болалар энди ўйнайди-да. Қанча пул сарфлаб, бу ерда шуғуллантираверсак¸ болалар жисмоний жиҳатдан кучли бўлиб кетади¸ лекин кўзи билан кўриб¸ улар билан танишиб туриши керак-да. Эртага майдонда тўқнаш келиб қолса¸ ундан зўр бўлса ҳам болани сир босиб қолади.

Озодлик: Демак¸ бу харажатлар ўзини оқлайди барибир.

- Оқлайди. Фақат охиригача етказиш керак. Бир марта олиб келиб қўймасдан пулга бўлса ҳам олиб келиб¸ бир-икки марта ўйнатиб қўйиш керак. Бу йил ҳам ўзи яхшигина ўйин бўлди¸ дейди ўзбекистонлик футбол ишқибозларидан бири.

Минглаб ўзбекистонлик ишқибозларидан бири бўлган бу йигит Криштиану Роналдудек энг машҳур ва энг қиммат футболчининг Тошкентга ташрифидан бағоят хурсанд. Аслида ҳам бу ўзбек футболи учун шубҳасиз катта воқеа эканини эътироф этиш керак.

Аммо бу катта воқеа ортида турган баъзи муҳим жиҳатлар, масалан, бу ташрифнинг неча пулга тушгани ва Роналдудек футболчининг 2009 йилдаги "энг чиройли гол соҳиби" деб топилган кунининг эртасигаёқ чартер рейс билан Тошкентга учиб боргани футбол олами шарҳловчиларининг эътиборини тортмоқда.

Роналдуга мезбонлик қилган “Бунёдкор” футбол клуби эса бунга қадар “Барселона” футбол клубининг Лионел Мэсси, Карлес Пуйол, Андрес Инъеста каби машҳур ўйинчилари, бундан ташқари, ҳозир Миланнинг “Интер” жамоасида ўйнаётган Самюэл Э’то, “Арсенал” ўйинчиси Сеск Фабрегасни ҳам таклиф қилган эди.

Дунёнинг анча-мунча пулдор футбол клубларининг бундай футболчиларнинг мастер-класс машғулотларини чўнтаги кўтармай турган бир шароитда дунё футбол майдонида деярли танилмаган “Бунёдкор” жамоаси ўйинчилари шундай қимматли футболчилардан бир соатдан дарс олди.

Мана энди Криштиану Роналду ҳам атайин Тошкентга келиб, бунинг устига ёш футболчиларга бир соатлик хайрия машғулотларини ўтиб берганидан сўнг футбол кузатувчиларини "ўзбек футболига бу қадар катта хайру саховат кўрсатаётган сахий ҳомий ким экан", деган савол жуда қизиқтирмоқда, афтидан.

Мисол учун, “101РGreatGoals”, “El Confidential” нашрлари ўз мустақил манбаларига таяниб, бундай мастер-класс машғулотларининг ҳар бири нархи қарийб 1 миллион доллар экани ва бунча пулни тўлаган эҳтимолий ҳомий президент Каримовнинг қизи Гулнора Каримова ҳамда унга алоқадор экани айтиб келинадиган “Зеромакс” компанияси экани ҳақидаги маълумотларни чоп этди.

Биз ана шу маълумотлар ортидан, хусусан, Роналду билан учрашувни уюштирган “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасига мурожаат қилиб, "бу ташрифга ҳақиқатда ҳам шунча маблағ сарфландими ва бу маблағ ким томонидан сарфланди?" деган саволни бердик. Аммо саволимизга жавоб ололмадик. Худди шундай “Зеромакс” компанияси ҳам бу борада қилган мурожаатимизга жавоб бермаган.

Аммо, тадбир ташкилотчиларидан бири микрофонсиз суҳбатда конкрет қанча маблағ сарфланганини айта олмаса-да, Роналду ташрифига кетган молиявий сарф-харажатлар “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармасига ҳамкор саналган ва ҳукуматга қарашли бўлмаган мустақил ҳомийлар томонидан тўланганини айтди.

Бундай ҳомий, жумладан “El Confidential” нашри эълон қилган мақолада айтилишича, айнан “Зеромакс” компаниясидир.

Албатта, ўзбек футболи учун қайсидир мард ҳомий бир неча миллион доллар маблағ сарф қилаётган бўлса, барака топсин, дейиш керак. Асли футбол ишқибозлари шундай демоқда ҳам.

Исмини ошкор қилмаган тошкентлик футбол кузатувчиларидан бири, ўзбек футболи тўғрисидаги веб-сайтлардан бирининг шарҳловчиси шулар жумласидандир:

- Агар менинг имконим бўлганда эди, 20 миллион долларга бўлса ҳам Роналдуни таклиф қилган бўлар эдим. Бунинг ўзбек футболи ривожи учун қанчалик муҳимлигини сизлар тушунмайсизлар. Сиз журналистларнинг камчилигингиз шуки, дарҳол харажат, коррупция масаласи устида баҳс қила бошлайсиз. Футбол оламида эса бундай учрашувлар баҳосиз, яъни, қанча бўлса ҳам мутлақ ўзини оқлайди, тушундингизми, опа, дейди тошкентлик футбол ишқибозларидан бири.

Аммо Ўзбекистон қатор нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан йиллар давомида дунёдаги энг коррупциялашган давлат, деб келинади. Бу коррупцияга давлат амалдорлари, жумладан, давлат раҳбарининг оиласи алоқадор экани айтиб, қораланади. Мамлакат аҳолисининг каттагина қисми кунига 1,5 АҚШ доллардан кам харажат билан кун кўраётгани боис табиий бойликларга бой давлатнинг коррупциялашган раҳбарияти тоталитар сиёсати учун муттасил равишда танқид қилинади.

Шундай шароитда битта футбол юлдузини 1 миллион долларга Тошкентга таклиф қилаётган ҳомийлар, аксар кузатувчилар фикрича, бундан ҳақиқатда ҳам ўзбек футболи ривожини кўзлаётгани йўқ.

Аксинча, спортнинг футбол соҳасидаги бу учрашувлар коррупцион йўллар билан бойлик орттираётгани айтилаётган президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова пиар-компаниясининг шоу-бизнесдан кейинги яна бир муҳим бир қисмига айланмоқда.

Буни эътироф этган қозоғистонлик машҳур футбол устаси, Қозоғистон футбол уюшмасининг собиқ президенти Қуралбек Ўрдабоев аслида бир-биридан айри бўлиши керак бўлган спорт ва сиёсат ҳамиша ёнма-ён келганини айтади.

- Сиёсат ҳар доим устун бўлган, устун бўлиб қолади ва спорт барибир сиёсатга ёрдам беради. Аммо диктатура ҳукм сурган жамиятларда бунинг оқибатлари билан ҳукуматларнинг ўзи ва халқ шуғулланиши лозим. Бунинг спортчиларга дахли йўқ. Тошкентда бўлаётган бу учрашувлар ким томонидан, нима мақсадда уюштирилаётганидан қатъий назар, фикримча, ёш ўзбек футболи ва унинг нуфузи учун барибир фойдали бўлади, дейди Қозоғистон футбол уюшмасининг собиқ президенти Қуралбек Ўрдабоев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG