Линклар

logo-print

Россияда юрган ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларининг айтишича, бу мамлакатда ишлаётган ўзбек мардикорларининг қилмаган иши йўқ. Ҳайкал бўяган ҳам, черков плиткаларини ёпиштирган ҳам, ҳатто Қизил майдондаги арчани ўрнатган ҳам ўзбек мардикорлари.

Ҳар доим ишчи кучига чанқоқ бўлиб келган Москвада ишчи кучи етишмовчилиги билан боғлиқ бўшлиқни чет эллик, хусусан, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари тўлдирмоқда. Москва марказидаги Қизил майдонга 30 метрлик янги йил арчасининг ўрнатилиши ҳам ўзбекистонлик мардикорлар ёрдамисиз бўлмади.

- Ҳа, Кремлнинг олдидаги арча жуда ҳам яхши безалди. Олдингидан ҳам чиройли. Лекин сунъий арча эмас, "живой" арча. Ўзимизнинг болалар уни тикка ҳолатда кўтаришга ёрдам беришди. Ҳаммасига пулини бериб, болаларни рози қилишди. Ҳамма хурсанд бўлиб қолди. Энди янги йил куни арчанинг тагига чиқамиз. Ўзимиз ўрнатган арчанинг ёнида расмга тушиб, айланиб қайтамиз деяпмиз, дейди ўзбекистонлик мардикор.

Андижонлик Ғанихон аканинг айтишича¸ арча 100 йиллик бўлиб¸ баландлиги 35 метр. "Одамлар устига ағнаб кетмайдими?" деб қизиқиб сўраймиз Ғанихон акадан.

- Биласизку ўзбек йиқилмайдиган қилиб жойлаштиради. Нима қилайлик, 10 миллион ўзбекистонлик ишлаяпти четда. Мен ўзи Андижондан¸ колхоздаги бир оиладанман. Мана шу ерга келиб, тирикчилик қилиб, беш олти йидан бери ишлаб юрибман, дейди Москвада ишлаётган Ғанихон ака.

Бугунги кунда Россиядаги меҳнат муҳожирларининг энг катта қисмини ўзбекистонликлар ташкил этади. Улар маҳаллий аҳоли бажаришни хоҳламаган, маоши кам ишларни бажаришга рози.

- Ким ўрнатади? Ҳар қандай шундай ишни ўзимизнинг болалар ўрнатади. Кремлда бўлса ҳам, "Дворец съездов"нинг ичида бўлса ҳам, бундай ишни гастарбайтерлар қилади-да, бошқа биров қилолмайди, ака. Ҳатто Твер кўчасидаги Пушкиннинг ҳайкалини ҳам бизлар уч киши гулини чиқарганмиз. Бўяб ялтиратганмиз-да. Ҳозир кўрсам¸ ўзимнинг ишонгим келмайди. Наҳот шуни бизлар қилган бўлсак керак деб. Биров ишонмайди уни кўрса. Учта ўзбек йигити қилганмиз, дейди ўзбекистонлик амаки.

Ўзини Толиб деб танитган қашқадарёлик бошқа бир меҳнат муҳожири Кремл ёнидаги православ черковини таъмирлашда ҳам ўзбекларнинг ҳиссаси бўлганини ғурурланиб гапиради.

- Кремл олдида бир черков бор. Шу черковни ремонт қилишда бизнинг бригадамиз қатнашди. Плиткасини, йўлакчаларини, атрофидаги майдонига плитка қўйишда йигитларимизнинг қўли тегди. Ўша ерда шундай ишлаб ётибди болалар. Президент Дмитрий Медведевнинг рафиқаси (исмини билмайман) шу черковга бориб, ўзининг урф-одатларини қилади. Шу ерга келиб қараб кетган экан, болалар жуда ғурурланиб кетибди. Шунақа ювелирний ишларни ҳам қила олишларидан болалар ҳам хурсанд бўлди. Ўзбекларни бу ерда фақат "черний" ишга қўяди, деб айтишади. Йўқ, ака, яхши ишларга ҳам қўяди, дейди Толиб.

Москвада ишлаётган андижонлик муҳожирнинг айтишича, дам олиш нималигини билмай, ҳафтада етти кун ишлаган ўзбек мардикори авваллари Ўзбекистонга ойида 300-400 доллар юбориб турган. Ҳозир эса пул топиш пасайган¸ деб нолийди андижонлик муҳожир.

- Энди ҳаётимизда унчалик ўзгариш бўлгани йўқ. Мана муҳожир бўлиб ишлаётган бўлсак, ҳозир ҳам муҳожир бўлиб юрибмиз. Олдинги йилларга қараганда маошларимиз камайиб кетди Россияда. Ўзимизнинг Ўзбекистонда ҳам шунақа бир олдинга силжиш йўқ. Энди соғлигимиз яхши турганига шукур қиляпмиз, дейди андижонлик ҳамюртимиз.

Москвада ҳайдовчилик қилиб тирикчилигини кўраётган Абдуғани ака 2009 йил Россияда меҳнат қилаётган ўзбекистонлик муҳожирлар учун ҳам бўҳрон йили бўлганини айтади.

- Иқтисодий жиҳатдан мана шу бўҳрон бу ерга ҳам таъсир қилди. Олдингидан кўра иш йўқ. Заводга хом ашё ташиймиз-да. Хом ашё сотилмай қолди. Иш тўхтаб қолди. Ҳозир номига ўлиб қолмаслик учун ойлик бериб турибди энди, дейди Абдуғани ака.

Собиқ Совет Иттифоқининг аксар ҳудудларида авжига чиққан қашшоқлик, ишсизлик, оила тебратиш имконларининг йўқлиги бугун миллионлаб одамлар қатори ўзбекистонликларни ҳам нисбатан фаровон Россия ва Қозоғистонга бориб ишлашга ундаяпти.

Москвада олти йилдан бери ишлаётган қашқадарёлик Толиб ака иқтисодий бўҳрон ортда қолгани ва келаси йил унумли йил бўлишига умид қилади.

- Худо хоҳласа, шу сафар Кремлда кутаман янги йилни. Кризис бўлиб¸ бошланишига қийин бўлди. Ҳозир ҳаммаси жойида. Ишларимиз кундан кунга яхши бўлиб бораяпти. Бизлар олдинига тушунмадик нима бўлаëтганига. Кейинчалик пул бера бошлашди. Ҳозир уйга пул жўнатаяпмиз. Болаларнинг ҳаммаси хурсанд. Қаршиданмиз. Бизга нисбатан рус халқининг хусумати йўқ. Балки бошқа жойларида бўлгандир. Бизда унақа муаммо бўлгани йўқ. Милиция ҳам документларни текширади ва ҳаммаси жойида бўлса¸ индамайди. Ҳеч қанақа зулм йўқ.

Қишлоқ фаровонлиги йилида кўп нарсалар қилинди. Йўллар таъмирланди. Маҳалламизга эътибор берилди. Ҳунармандларга¸ сартарошларга жойлар берилибди. Мен буларни эшитиб хурсанд бўлдим. Бу ҳам бир ëрдам. Сизга кичкинагина мисол айтаяпман-да. Ўзбекистон бўйича янги мактаб қурилди. Ўзимизда эски мактаб бузиб ташланиб, янги мактаб қурилди. Ҳамма нарсаси янги¸ жаҳон стандартларига жавоб беради¸ дейди Толиб ака.

Абдуғани аканинг ҳам келаси йилдан умидлари катта.

- Келаси йилга энди барибир яхши умид қиламиз. Ажабмас Ўзбекистонда ҳам яхши ўзгаришлар бўлса¸ журналистларга¸ ҳуқуқ ҳимоячиларига бўлаëтган босимлар камайса¸ озгина халқни ўйлайдиган раҳбарлар пайдо бўлса. Депутат бўлиб мандатни олволиб¸ номига юравермайдиган¸ халқни ўйлайдиган депутат чиқса. “Фалон депутат фалон таклиф билан чиқибди¸ фалон нарсани талаб қилибди” деган гапни эшитсак. Мана яна ясама сайлов¸ ясама ўйин. Ҳатто гапиргинг ҳам¸ ўйлагинг ҳам келмайди. Қанча журналистларнинг қамалганини эшитиб, хафа бўламиз. Тошкентда чинорларнинг кесилиши ҳам одамларни оғир ларзага соладиган ҳолат бўлди. Бино тиклаш осон¸ аммо 100 йиллик чинорни тиклаб қўйиш қийин. Гапирсангиз, хафа бўладиган гап кўп¸ хурсанд бўладигани камроқ¸ дейди Абдуғани ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG