Линклар

logo-print

21 - 23 декабр кунлари Тошкентда 2010 йил учун табиий газ экспорти бўйича борилган ўзбек-тожик музокаралари натижасиз якунланди. Маълумотларга кўра, томонлар газ нархи борасида келиша олмаган.

“Ўзтрансгаз” ширкати халқаро алоқалар бўлимининг ўз исмини айтмаган ходими уч кун давом этган музокарада тожик делегацияси табиий газ нархини ўтган йилгидан анча арзон қилдиришга уринганини маълум қилди.

- Улар табиий газнинг ҳар минг куб метрини 170 доллардан этиб белгилашимизни сўрашди. Табиийки, биз бу нархга рози бўлмадик. Шартнома имзоланмади, деди “Ўзтрансгаз”ширкат расмийси.

Эслатиб ўтамиз, 2009 йилда Ўзбекистон Тожикистонга экспорт қилинажак газ учун 240 доллар миқдорида нарх белгилаганди. Маълумотларга кўра, Тошкент бу йил ҳам газни қўшни республикага айнан шу нархда сотмоқчи бўлган.

Мавзуга ойдинлик киритиш мақсадида 23 декабр куни Тошкент музокараларидан қайтган “Тожиктрансгаз” ширкат раиси Сайидмаҳмад Шарофиддиновга ҳам қўнғироқ қилдик. Аммо уринишларимиз натижа бермади.

“Тожиктрансгаз” ширкат масъули Чоршанбиевнинг маълум қилишича, Тожикистон делегацияси янги йил бошида яна Тошкентга бориши кутилмоқда экан. Зеро, Тожикистон ўзбек табиий газига катта эҳтиёж сезади.

Аввалроқ “Тожиктрансгаз” ширкати вакиллари Тожикистон келгуси йилда Ўзбекистондан 400 миллион куб метр табиий газ импорт қилиши ҳақида билдирган эдилар. Бу ўтган йилдагига қараганда қарийб 150 миллион куб метрга камдир.

Тожикистонга импорт қилинажак ўзбек гази миқдорининг камайиши ортидан мамлакат тақсимот ширкатларининг газ узатиш стратегияси ҳам ўзгариши кутилмоқда. “Тожиктрансгаз” ширкати расмийси Фаридун Муҳиддиновнинг маълум қилишича, 2010 йилда Тожикистонга импорт қилинадиган табиий газ асосан мамлакатдаги стратегик объектларга берилади.

- 2010 йил учун Ўзбекистондан импорт қилинадиган табиий газ асосий қисми “Талко” алюминий ишлаб чиқариш ва маҳсулотининг катта қисмини Роғун тўғонига етказиб бераётган “Тожикцемент” корхоналарига тақсимлаб берилади, деди Фаридун Муҳиддинов.

Аммо бу янги йилдан аҳолига мутлақо табиий газ берилмайди, дегани эмас.

- Ким табиий газ пулини олдиндан тўласа ва йил давомида бундай имкониятга эга бўлса, ўша оилаларгина табиий газ билан доимий равишда таъминланади, деди “Тожиктрансгаз” ширкати расмийси.

Аснода 2009 йил учун табиий газ пулини олдиндан тўлаган душанбеликларнинг катта қисми йил давомида газсиз қийналишганидан шикоят қилишмоқда.

- Газ пулини олдиндан тўлаганларга газ берилиши икки-уч марта айтилди. Лекин ҳалича беришгани йўқ. Газчилар келиб бир воздухни очишади-ю, келиб пулини йиғади, тамом - шу билан газ йўқ, дейди Душанбенинг Ойгул кўчасида яшаётган Ҳасанжон ака.

Бошқа бир суҳбатдошимиз Нозанин хола бир йилдан буён табиий газ кўрмаганини айтади.

- Шаҳарнинг марказида яшаймиз, лекин битта маҳалланинг ярмида бор, ярмида йўқ. Бизлар газ пулини вақтида тўлаганмиз. Мажбурликдан ҳозир ўчоқда овқат пишираяпмиз. Ташқарига чиқиб, уйга киргандан шамоллаб, ҳаммамиз касалмиз. Халқ жуда қийин аҳволда, дейди душанбелик Нозанин хола.

Эслатиш жоизки, табиий газга эҳтиёжи катта Тожикистон ҳар йили қўшниси Ўзбекистондан табиий газ импорт қилади. Марказий Осиёнинг яна бир давлати Туркманистон ҳам табиий газ экспорти билан шуғулланса-да, Тожикистонга газ узатиш имконияти йўқ.

Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги маълумотларига кўра, бу мамлакатнинг табиий газ захиралари миқдори 3 триллион куб метрни ташкил қилади. Аммо бу ерости бойликларни Тожикистон ўз кучи билан ўзлаштира олмайди. Бу масаланинг иқтисодий муаммолари билан бирга кадрлар муаммоси ҳам мавжуддир.

Шуни назарга олган ҳолда, Тожикистон ҳукумати Россиянинг “Газпром”и билан икки ёқлама ҳамкорликни йўлга қўйган. Айни кунларда руслар Тожикистоннинг тахминан учта катта майдонида газ заҳираларини аниқлаш тадбирини ниҳоясига етказди. Яқин кунларда бу майдонларда газ қудуқларини пармалаш ишлари бошланиши айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG