Линклар

Қирғизистон таълим ва фан вазирлиги ўтган ҳафта мамлакатдаги 14 олий ўқув юртининг лизенциясини олиб қўйиш ҳақидаги қарорини эълон қилди. Улар орасида хорижий ташкилот ва олийгоҳлар ҳамкорлигида ташкил қилинган ўқув юртлари ҳам бор.

Жорий йилнинг май ойида Қирғизистон таълим ва фан вазирлиги томонидан текширув ўтказилиб, мамлакатда фаолият юритаётган ўттизга яқин олий ўқув юрти етарли билим беролмаётгани огоҳлантириш олганди. Бу олийгоҳларга ўқув дастурлари сифатини ошириб, моддий-техник база аҳволини яхшилаш учун уч ой муддат берилганди. Аммо вазирликнинг ноябр ойидаги қайта текширувида айрим ўқув юртларида таълим сифатини яхшилаш бўйича ҳеч қандай иш қилинмаганини кўрсатган. Шу важдан, лицензия бериш ва аккредитациядан ўтказиш давлат инспекцияси раҳбари Бақит Исмоиловга кўра, мазкур олий ўқув юртларидан лицензияни қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилинган.

- Мамлакатдаги 14 олий ўқув юрти ва ОЎЮ филиалларининг фаолияти тўхтатилди. 15 олий ўқув юртининг 70 мутахассислик бўйича лицензиялари қайтариб олиниб, 17 олий ўқув юртининг 67 мутахассислик бўйича таълим бериш ҳуқуқини 3 ойга бекор қилиш ҳақида қарор қабул қилинди, деди Бақит Исмоилов.

Лицензияси бекор қилиниши айтилаётган олий ўқув юртлари орасида Бишкекдаги ЕХҲТ академияси, Москва давлат экономика, статистика ва информатика институтининг Бишкекдаги филиали, Ҳуқуқ ва давлат хизмати бўйича қирғиз-қозоқ академияси каби халқаро олийгоҳлар ҳам бор.

Бишкекдаги ЕХҲТ академияси раҳбари Максим Рибков Таълим вазирлигининг қарори мазкур қароридан норози эканини айтади.

- Биз министр билан учрашиш мақсадида унга мурожаатнома йўлладик. Шунингдек Ташқи ишлар вазирлигига ўз хавотиримизни билдириб, аризамизни юбордик. ЕХҲТ академияси Қирғизистон Республикаси билан ЕХҲТ келишув меморандуми асосида фаолият юритади. Мазкур меморандум 2006 йилда 2016 йилгача узайтирилган. Биз айни пайтда юзага келган вазият юзасидан ташвишдамиз, деди Максим Рибков.

ЕХҲТ академияси вакилларига кўра, Қирғизистон таълим вазирлиги академия фаолиятини тўхтатиш бўйича аввалдан огоҳлантирмаган.

Таълим вазири Абдилда Мусаев ҳозирча ЕХҲТ академияси мурожаатига жавоб қайтаргани йўқ. Бироқ министр кейинги йилларда олий ўқув юртларининг пулли асосда ўқитишга ўтиши мамлакатда билим бериш даражасининг пасайишига олиб келганини қайд этаркан, сўнгги ислоҳотларни амалга ошириш чоғида бирорта талабанинг ҳақ-ҳуқуқи топталмаслигини таъкидлади.

- Коллегиянинг бу қарори йўқ ердан пайдо бўлгани йўқ. Бунга катта тайёргарлик кўрилди. Биз албатта талабалар тақдири ҳақида ҳам ўйладик. Қонун доирасида бу қароргача ҳам огоҳлантиришлар берилган. Биз ўқув юртларига имконият яратиб бераяпмиз. Уч-тўрт ой ичида вазирлик ёрдами билан мазкур ўқув юртлари раҳбарлари талабаларни бошқа ўқув юртларига кўчиришади. Яқинда талабаларнинг таътили бошланади. Ўша вақтда ташкилий ишларнинг барчаси амалга оширилади. Бирорта талабанинг ҳам қонуний, конституциявий ҳуқуқи бузилмайди, деди вазир Абдилда Мусаев.

Айни пайтда лицензияси қайтариб олинган олий ўқув юрти талабалари ҳам Қирғизистон Таълим вазирлиги қароридан норози эканларини айтмоқдалар.

- Мен Қирғизистон халқаро университетида (Ўшдаги филиалда – таҳр.) икки йилдан бери ўқийман. Контрактини тўлаб келаяпмиз. Ўз мутахассислигимиз бўйича яхшигина билим олаяпмиз. Нимага асосланиб ёпадиган бўлишди филиални – шуни билмаяпман. Менинг кўплаган гуруҳдошларим нима қилади? Бизни бошқа ўқув юртига кўчириб бўйича ҳеч қанақа маълумот берилмади. Ростини айтганда, буни эшитгандан бери хафа бўлиб юрибман. Менимча, вазирликдан катта хато кетди. Бизга ўхшаган талабаларнинг тақдири нима бўлади?! деди ўшлик талаб Аман Озодликнинг қирғиз хизматига берган интервюсида.

Маълумотларга кўра, 1991 йилдан буён Қирғизистонда олий ўқув юртлари сони 4 баробарга кўпайган. Аммо, мутахассисларга кўра, бу олийгоҳлардаги таълим сифатини юқори деб бўлмайди. Айни пайтда мамлакат олий ўқув юртларида жами 243 талаба таҳсил олмоқда.
XS
SM
MD
LG