Линклар

Бахтиëр Нишонов: Ҳуқуқ фаолларини озод қилишга чақирамиз

  • Ҳасанжон

Қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Freedom House21 декабр куни эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукуматини турли айбловлар билан қамоқ жазосига ҳукм қилинган сиёсий маҳбуслар ва инсон ҳуқуқлари фаоллари ҳеч бир шартсиз озод қилишга чақирди.

Бир бу борада маълумот олиш мақсадида Озодлик Уйи вакили Бахтиёр Нишонов билан суҳбат уюштирдик.

Бахтиëр Нишонов: Freedom House ҳисоб-китоби бўйича бугунги кунда энг камида 15 нафар инсон ҳуқуқи ҳимоячиси қамоқда. Биз Ўзбекистон ҳукуматини қамоқда қолаëтган инсон ҳуқуқлари фаолларини озод қилишга чақирдик.

Озодлик: Сиз айтаëтган рақам қаердан олинган?

Бахтиëр Нишонов: Буларнинг камида беш нафари билан биз бирга ишлаганмиз. Ўзингиз биласиз, Фридом Хауснинг Ўзбекистонда офиси бўлган. Афсуски, 2006 йилдан бери биз Ўзбекистонда ишламаяпмиз. Ўзбекистоннинг ўзида офисимиз йўқ. 15 нафардан беш нафари бевосита бизнинг ресурс марказимизга келиб ишлашган. Биз "энг камида 15 киши" деяпмиз. Балки биз билмайдиган бошқа инсонлар бордир. Қолган 10 киши биз ишлаган ҳуқуқ ҳимоячилари билан биргаликда ишлаган ҳуқуқ ҳимоячиларидир.

Озодлик: Уларнинг исмларини айта оласизми?

Бахтиëр Нишонов: Уларнинг орасида Юсуф Жума¸ Аъзам Турғунов¸ Норбой Холжигитов¸ Насим Исоқов¸ Солижон ака Абдураҳмонов¸ Йўлдош Расулов деган бир неча киши бор. Биз булар билан бевосита ишлаганмиз. Биз ҳар бир кишининг вазиятини кузатиб бораяпмиз. Маълумотларга қараганда¸ Норбой Холжигитовнинг саломатлиги нисбатан ëмон бўлиб қолган экан. Бу биз учун жуда қийин хабар бўлди. Биз Ўзбекистон ҳукуматини қамоқда қолаëтган ҳуқуқ фаолларини озод қилишга чақирамиз.

Озодлик: Озодлик уйи бу баëнотини нега айнан шу пайтда эълон қилди?

Бахтиëр Нишонов: Чунки ҳозир йил охири. Одатда амнистия декабрда - Конституция кунига бағишлаб эълон қилинади. Бизнинг кузатувларимиз бўйича декабр ойининг охири ва январ ойининг бошларида Ўзбекистон ҳукумати инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини биттама-битта озодликка чиқаради. Биз айнан шуни назарда тутган ҳолда шу баëнотни чиқардик.

Озодлик: Ҳозирга қадар қатор инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Ўзбекистон ҳукуматини уларнинг айтиши бўйича сохта айблар билан қамалган инсон ҳуқуқлари фаолларини озод қилишга чақириб келаяпти. Аммо бу кутилган натижани бергани йўқ. Озодлик уйи сўнгги баëноти билан қандай натижага эришади, деб ўйлайсиз?

Бахтиëр Нишонов: Ҳақиқатан бундай олиб қараганда бу баëнотлар натижасиз, деб ўйлашингиз мумкин. Бундан олдин Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти "инсон ҳуқуқлари фаолларини озодликка чиқаринглар" деган мазмунда баëнот эълон қилган эди. Қанчалик кўп ташкилот бу ҳақда гапирадиган бўлса¸ қанча кўп одам бу ҳақда биладиган бўлса¸ мен ўйлайманки¸ Фридом Хаус ва бошқа ташкилотлар бирлашиб ҳаракат қиладиган бўлса¸ натижаси бўлади.
XS
SM
MD
LG