Линклар

Хабарларга кўра, Россия ҳукумати 2010 йилдан бошлаб хорижлик меҳнат муҳожирларига спиртли ичимликлар ва фармацевтика маҳсулотларини сотишни таъқиқлади. Бироқ бу қарордан ўзбекистонлик муҳожирлар деярли ташвишга тушаётгани йўқ.

Кузатувчиларнинг айтишларича, бу қарор Россиядаги меҳнат муҳожирларининг фаолиятини чеклаш учун қабул қилинган биринчи таъқиқ қарори эмас. Дунёдаги молиявий инқироз Россияга ҳам ўз таъсирини ўтказганидан сўнг Россия ҳукумати хорижлик меҳнат муҳожирларининг мамлакатдаги квотасини ҳам қисқатирган, савдо-сотиқ ишларидан узоқлаштириш ҳаракатларини бошлаган эди.

Москвада фаолият юритувчи ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, аслида бундан илгари ҳам хорижий меҳнат муҳожирларининг савдо касса аппаратларидан четлаштириш қўлланилган эди ва энди бунга янада кучли эътибор қаратилмоқда. Ҳуқуқ фаолига кўра, бунинг ўзига хос сабаблари бор.

- Россия раҳбарияти Россия иқтисодиëтини анча яхши дегани билан одамларнинг аҳволи анча оғирлашган ва ишсизлар сони кўпайиб кетаяпти. 2010 йилда олти ярим миллиондан ошиш эҳтимоли бор. Россия ҳукуматининг қилаëтган ҳатти-ҳаракатлари четдан келган меҳнат муҳожирларини тезлик билан чиқариб юбориш ишорасини қилаяпти¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, бу қарор Россиядаги ўзбек меҳнат муҳожирларига унчалик салбий таъсир қилмаслиги ҳам мумкин. Чунки ўзбеклар Россияда савдо ишларига деярли яқинлаштирилмайди.

- Ўзбекистон фуқароларини пул муомаласи ишларида умуман кўрмайсиз. Умуман юклаш¸ ташиш ишларида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бор¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Москва шаҳридаги бозорлардан бирида гул сотадиган Худойбердининг айтишича, у ҳали Москвадаги аптекаларнинг бирортасида ўзбек сотувчисини кўргани йўқ.

- Гапнинг очиғи, мен дори-дармон сотадиганларни кўрганим йўқ. Онда-сонда ишимиз тушиб, аптекаларга бирор нарса олгани кирамиз. Мен ишлайдиган округда кўрганим йўқ. Катта савдо марказларида¸ кичик савдо марказалрида қирғизистонликлар бор. Қирғизистон аҳолисига бу борада енгиллик бор. Савдода ўзбек ва тожикларни расман йўқ, десак бўлади¸ дейди Худойберди.

Унинг сўзларига кўра, фақат қирғизистонлик меҳнат муҳожирларигина бу соҳада эркин ишлашлари мумкин. Россияда ҳам марказий осиёликлар орасида негадир қирғизистонликлар ўзларини эркинроқ ҳис қиладилар.

Худойбердининг бу гапларида асос борлигини инсон ҳуқуқи фаоли Баҳром Ҳамроев ҳам тасдиқлайди.

- Қирғизистон фуқароларига катта супермаркет ëки кассада ишлашга рухсатлар бор. Уларга тўсиқликлар йўқ. Буни биз кўриб турибмиз. Уйимнинг олдида катта супермаркет бор. Шунда ҳам қирғиз аëллари ишлайди¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, қирғизлардан фарқли ўлароқ ўзбегу тожикларга нисбатан совуқ муносабат, ҳокимият вакилларидан тортиб оддий милиция ходимининг муносабатигача, яққол сезилади.

- Қирғизларга рухсат беринглар¸ ўзбекларга рухсат берманглар, деган қонун йўқ. Россияда ҳам Ўзбекистондагига ўхшаган яхши қонунлар кўп. Бюрократик раҳбарият шунчалик даражадаки¸ бу қону исталган пайтда ишлайди¸ исталмаган пайтда токчада тураверади. Бу энг катта муаммо. Бунинг сабаблари жуда ҳам кўп. Ҳали Ўзбекистон билан Россия анча муаммоларни ҳал қилгани йўқ¸ дейди Баҳром Ҳамроев.

Яъни¸ Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, Россиядаги меҳнат муҳожирларига бўлган муносабат, энг аввало, мамлакатлар ўртасидаги сиёсий муносабатларнинг қандай шаклда эканлиги билан чамбарчас боғлиқдир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG