Линклар

logo-print

Тожикистонда ўғирланган автомобиллар топилди

  • Гулнора Равшан

Қозоғистон ва Тожикистон ички ишлар вазирликлари ходимларидан иборат махсус гуруҳ сўнгги бир неча ой давомида биргаликда ўтказган тезкор-қидирув тадбири натижасида Душанбе шаҳрида 14 та ўғирланган автомобил аниқланди.

Ҳозирда Қозоғистон ва Тожикистон ички ишлар вазирликлари ходимларидан иборат махсус гуруҳ трансмиллий жиноий гуруҳни тутиш устида бош қотирмоқда. Бу борада Қозоғистон ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ходими Олег Ивашенко маълум қилди.

- Қозоғистон ва Тожикистон ички ишлар вазирликлари ходимларидан иборат тез-қидирув гуруҳи қўшма амалиёт чоғида Тожикистон ҳудудида Қозоғистондан ўғирлаб кетилган 14 автомашина топиб, мусодара қилди, деди қозоғистонлик расмий.

Расмийнинг билдиришича, Қозоғистоннинг Олмаота, Остона, Павлодар, Қарағанда каби шаҳарларида ўғирланган ва Тожикистонга олиб келинган “ўғирлик мол” хориж мамлакатларида ишланган “Тойота”, “Лексус”, “Нива Шевроле” русумли автомобиллар экан.

Қозоғистон Ички ишлар масъулининг билдиришича, ҳозирда ўғирланган автомобилларни қозоғистонлик эгаларига қайтариши борасида зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Аммо Ивашенко мазкур автомобилларнинг янги эгалари кимлиги ва улар бу машиналарни неча пулдан сотиб олгани ҳақида маълумот бермади.

Шу ўринда айтиш лозимки, Душанбе шаҳрида фаолият кўрсаётган иккита катта автомобил бозорида дунёнинг турли мамлакатларидан олиб келинган автомобиллар сотилади. Ҳафтанинг чоршанба ва якшанба кунлари ишлайдиган бу бозорларда Ўзбекистоннинг “Тико” ва “Нексия”ларидан тортиб Япониянинг энг замонавий автомобилларигача учратиш мумкин.

Аммо, анча йиллардан буён енгил машина савдоси билан шуғулланиб келаётган сўғдлик Насимжоннинг айтишича, ўғирланган машиналар бозорларга киритилмайди.

- Одатда, бундай қимматбаҳо, энг замонавий автомашиналар криминал қўлидан криминал қўлига топширилади. Яъни ўғирланган машиналарни фақат махсус доиралар сотиб ола билади. Улар машина ноқонуний сотилаётганини яхши билади, шунга қарамай, уни сотиб олади. Чунки бу машиналар ярим пулига сотилади. Масалан, 50 минг доллар бўлса, 25 минг долларга пулланади. Кейин қўлга тушган чоғда ҳам машинани сотиб олган киши пулига куймаслиги мумкин. Чунки ҳуқуқ-тартибот идораларида уларнинг “ўз одами” бор, дейди Насимжон.

Сўнгги бир неча йил давомида душанбеликлар орасида ҳам хориждаги илғор заводлар ишлаб чиқараётган автомобилларни сотиб олиш урф бўлмоқда. Шунинг учун, Насимжоннинг айтишича, автомобил ишқибозлари ҳар қандай йўл билан бўлса ҳам ўзи истаган машинани қўлга киритишга тайёр.

Аснода мустақил таҳлилчилар Тожикистонга ноқонуний йўл билан олиб келинаётган товарлар бир неча давлат чегараларини босиб ўтишию бу ўғирлик молларнинг ортиқча муаммосиз қўлдан-қўлга ўтиши айрим ҳуқуқ-тартибот идора ходимлари билан чегарачилар иштирокисиз амалга оширилмаётганини таъкидлайдилар.

- Қозоғистондан Тожикистонга кириш учун Ўзбекистон ҳудудидан ўтилади. Бу автомобиллар ҳар бир чегара пости ва божхоналарда қайдга олинади. Уларнинг ноқонуний эканлигини аниқлаш унчалик қийин эмас, деб ўйлайман. Аммо негадир бу товарлар ўша давлатлар чегараларидан бемалол ўтказилган. Демак, бу ерда трансмилий жиноятчи гуруҳ экани айтилаётган ўша тўдага бевосита чегарачилар ҳам, божхона ходимлари ҳам киради, дейди таҳлилчи Марат Маматшоев.
Таҳлилчи фикрича, қўшма амалиёт чоғида ана шу жиҳатлар ҳам албатта эътиборга олиниши зарур.
XS
SM
MD
LG