Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:25

"Иқтисод ўсади, демократик ўзгаришлар кутилмайди"


Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, 210 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишини кутиш мумкин.
Сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев фикрича, 210 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ривожланишини кутиш мумкин.

2010 йилда Ўзбекистонда сиёсий, ижтимоий ҳамда иқтисодий жабҳаларда ижобий ўзгаришлар бўлиши мумкинми ва бу ўзгаришларни сиз қандай тасаввур қиласиз? Озодлик радиоси янги йил арафасида ана шундай савол билан бир қатор ўзбекистонликларга мурожаат қилди. .

2010 йилда Ўзбекистонда қандай ижобий ўзгаришлар бўлишини кутиш мумкин? Ушбу савол билан ўзбекистонлик бир қатор сиёсатшуносларга мурожаат қилдик. Олинган жавоблар эса бир туркумни ташкил қилди. Ушбу туркумдаги биринчи суҳбатдошимиз сиёсатшунос, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевдир.

Тошпўлат Йўлдошев:
Албатта¸ энди ноумид шайтон дейишади. Ҳар бир одам яхшиликни кутади. Ўзбекистон бой мамлакат. Ҳамма ресурслари бор. Кейинги пайтларда Америка билан¸ Ғарб мамлакатлари билан алоқаларини анча ривожлантирди. Ўзбекистон ҳудудлари транспорт корридори сифатида ишлатилаяпти. Бундан анчагина маблағ тушаяпти. Ўзбекистонга Афғонистонни иқтисодий жиҳатдан кўтариш мақсадида кўпгина тендерлар берилди. Бу темир йўл қурилиши¸ тунеллар қурилиши¸ кўприклар¸ йўллар қурилиши.

Бундан ташқари Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси сотиб турибди олти центдан. Холбуки қўшни мамлакатлардан бир ярим центдан сотиб олиб турган эди. Афғонистонга газни ҳам анча қиммат баҳода сотаяпти. Мамлакатдаги ер ости ва ер усти ресурсларини сотишдан ташқари яна қўшимча катта маблағлар пайдо бўлиб қолди. Буларнинг устига Ғарб мамлакатлари имтиëзли кредитлар бераяпти¸ грантлар бераяпти СПИДга¸ бошқа касалликларга қарши¸ хўжаликни тиклаш учун ҳам грантлар бераяпти.

Озодлик: Сиз айтиб ўтган жараëнлар ўзбекистонликларнинг ижтимоий ҳаëтига қай даражада таъсир этиши мумкин?

Тошпўлат Йўлдошев: Иш ўринлари нисбатан кўпаяди. Ўзбекистонда ишсизлик кўлами ниҳоятда кенг. Ускуналарни тайëрлаш учун албатта малакали ишчилар керак. Кўп эмас¸ аммо халқнинг маълум бир табақасини иш билан таъминлашга ва аҳволини яхшилашга ëрдам беради бу қилинаëтган ишлар.

Озодлик: 2010 йилда Ўзбекистонда демократик жараëнлар ривожланади¸ бу борада ўзгаришлар бўлади деб умид қиласизми?

Тошпўлат Йўлдошев: Йўқ. Афсус мана шу жиҳатдан менинг ҳеч қанақа умидим йўқ. Шахсан ўзим ҳам шу пайтгача ҳукуматга жуда кўп тавсиялар ëзганман. Бу тавсияларда “Агар демократик жараëнларни ривожлантирадиган бўлсак¸ кўпгина муаммоларни енгиллик билан ҳал қилиш имконияти туғилади. Бутун мамлакатни битта раҳбарнинг ўзи бошқара олмайди. Унга жамоатчиликнинг ëрдами керак. Бу ëрдамга фақат демократик жараëнларни ривожлантириш билан эришиш мумкин” деб кўп ëзгандим. Ўзимнинг тажрибамдан келиб чиққан ҳолда айтаманки¸ демократик жараëнлар ривожланишига ҳеч қанақа имкониятлар йўқ. Чунки ҳозир ҳукумат якка ҳокимликни таъминлаш учун барча кучларни сафарбар этмоқда. Демократик жараëнлар ривожланишига ҳеч қачон йўл қўймайди.
XS
SM
MD
LG