Линклар

logo-print

"Президент укасининг жанозасида 20 минут бўлди"

  • Садриддин Ашур

Гувоҳларга кўра, президент Ислом Каримовнинг қариндошлари билан муносабати яхши эмас.

Гувоҳларга кўра, президент Ислом Каримовнинг қариндошлари билан муносабати яхши эмас.

24 декабр куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг укаси Хуршид Каримов вафот этди. Ислом Каримов милиция ходимлари ва хавфсизлик кучларининг кучайтирилган қўриғи остида укасининг дафн маросимида иштирок этди.

Президент Ислом Каримовнинг укаси Хуршид Каримов Самарқанд шаҳрида яшарди. У 61 ёшида, Бибихоним мадрасаси ортидаги барча Каримовлар ўсиб улғайган маҳаллада вафот этди. Бу ҳақда Озодлик радиосига, ўша маҳаллада яшаган самарқандлик инсон ҳуқуқи фаоли Маматқул Мухторов гапириб берди.

Маматқул Мухторов: Унинг оти Хуршид. Ғани бобонинг ўғли. 1948 йилда туғилган. Томдан йиқилиб бели синган эди.

Озодлик: Қачон?

Маматқул Мухторов: Ëшлигида. Букри бўлиб қолган эди. У Ислом Каримовнинг энг кичкина укаси бўлади. Кеча эшитдим йўлларни бекитиб¸ ҳамма жойни маҳкамлаб ташлашибди. Бугун бордим. Самарқандда неча милиция бўлса¸ ҳаммаси келган. Бир ëш йигит дуо ўқиди¸ фотиҳа қилиб қайтиб келдик.

Озодлик: Кеча жанозада Ислом Каримовнинг ўзи қатнашганмикан?

Маматқул Мухторов: Йўлнинг ҳаммасини бекитган. Энди унинг қатнашган қатнашмаганини билмайман. Мен борганим йўқ. Мен кеча эшитиб бугун бордим. Одамларнинг айтиши бўйича келиб кетган. 20 минутми¸ ярим соатгами келиб кетган.

Озодлик: Самарқанднинг қайси маҳалласи?

Маматқул Мухторов: Бибихонимнинг орқасида 8-март кўчамиз бор. Ўша кўчада яшарди. Отаси ҳам¸ онаси ҳам ўша ерда қазо қилган эди. Отаси 1967 йилда¸ онаси 1982 йилда қазо қилган эди. Хуршид кеча ўлиб қолибди бечора. Касал эди¸ анча мазаси йўқ эди.

Озодлик: У бирор жойда ишлармиди?

Маматқул Мухторов: Йўқ. 1995 йилда қайсидир банк билан олди-берди қилиб¸ сўнг буни жиноий жавобгар қилиб¸ олиб келиб қамашган эди. Бизнинг чорраҳанинг болалари “Бу Исломнинг укаси” дегандан кейин¸ чиқариб олиб кечирим сўраб¸ майда-чуйда қилган эдилар. Шундан бери ҳеч қаерда ишлаган эмас.

Озодлик: Булар оилада нечта киши эди?

Маматқул Мухторов: Булар беш ўғил¸ бир қиз эди. Ҳозир энг катта акаси Ибод билан ўзи қолган.

Озодлик: Ибод ака қаерда ҳозир?

Маматқул Мухторов: Дэу деган жойимиз бор. Ўша ерда яшайди. Хотини врач.

Озодлик: Ўзи нима иш қилади?

Маматқул Мухторов: Торговля институтда ўқитувчи эди.

Озодлик: Буларнинг борди-келдиси қандай эди? Ислом Каримов келармиди?

Маматқул Мухторов: Келардию¸ пинҳона келарди-да. Яширинча келиб¸ яширинча кетарди.

Озодлик: Буларнинг қандай яшашига¸ уй-жойлари қандай эканига тингловчиларимиз қизиқади-да.

Маматқул Мухторов: Жуда яхши яшайди. Яшашлари яхши. Отасининг ҳовлиларини бузиб¸ бошқатдан қилган. Жуда чиройли қилган. Жуда катта ҳовлиси бор.

Озодлик: Буларга энди президентнинг укалари деб алоҳида ҳурматда бўлишса керак.

- Бўладию¸ халқ билмайди-да. Ҳар қанча бўлса ҳам ака-ука бир бирига қарашади. У одам бир телефон қилса¸ Самарқандда ҳоким кўп¸ ҳокимнинг югурдаклари кўп¸ ҳаммасини таъминлайди¸ - дейди Маматқул Мухторов.

Ўзбекистонлик инсон ҳуқуқи фаоли, ҳозир муҳожирликда яшаётган Толиб Ёқубовнинг айтишича, Абдуғани Каримов оиласи серфарзанд бўлган. Бироқ Ислом Каримовнинг ўз яқинларига бўлган муносабатида илиқлик сезилмайди.

- Президентнинг ўз яқинларига муносабати ҳақида кўп нарсаларни эшитганмиз. Муносабати кўп яхши бўлмаган. Масалан¸ Абдуғани ота вафот қилганда¸ жанозада Ислом Каримов умуман қатнашмаган. Оналари вафот қилганда қисқа муддатли келиб кетган. Акаси вафот қилганда жанозада 10 минутлар турган деб эшитганмиз¸ - дейди Толиб Ëқубов.

- Бироқ - дейди Толиб Ëқубов,- Ислом Каримовнинг катта акаси Арслон Каримов адолатпарвар инсон эди.

- Ислом Каримовнинг Арслон Каримов деган бир акалари бор эди. У киши Жиззах туман судининг раиси эди. Мен бу кишини жуда яхши биламан. Чунки 1969 йилда судга менинг бир ишим тушган пайтда шу одам судялик қилган. Ўша пайтда жуда адолатли суд қилган. Яхши эсимда бор. У киши 1989 йили автоаварияда ҳалок бўлган¸ - дейди Толиб Ëқубов.

Арслон Каримовнинг кичик ўғли Жамшид президентнинг жияни бўлишига қарамай, вилоят ҳокимлиги даражасидаги порахўрлик, қонунбузарликлар ҳақида кўплаб мақола ёзган ва унинг бу мақолалари интернетда эълон этилган. Унга Жиззах вилоят ҳокими томонидан бир неча бор яхши ишлар таклиф қилинган, амакиси тузган жамиятга нисбатан ҳурматда бўлиши айтилган. Бироқ Жамшид Каримов ўз билганидан қолмаган ва танқидий мақолалар ёзишда давом этган.

Толиб Ёқубов сўзларига кўра, Жамшид Каримов бу “қайсар”лиги учун ҳозир Самарқанддаги руҳий касалликлар шифохонасида сақланмоқда.

- Жамшид Каримов бир неча йиллардан буëн Самарқанддаги руҳий касаллар касалхонасига ëтқизиб ташланган. У жуда яхши русийзабон журналист эди. У ўз амакиси олиб бораëтган сиëсатдан очиқ-ойдин норози эди. Шу ҳақда кўп гапирарди ва ҳатто ëзарди. Бу энди албатта президентнинг қулоғига етиб борган бўлиши мумкин. Бу оилага ҳам президент томонидан деярли ҳеч қанақа эътибор қилинмас эди.

Ҳокимлар ҳар замонда президентнинг акасининг болалари бўлгани учун йилда бир-икки марта хабар олиб туришар экан. Бу оилага кўп борганман. Уларнинг ҳол-аҳволини жуда яхши биламан. Арслон Каримовнинг болалари ҳақиқатан жуда камтарона яшар эди. Яқинда Арслон Каримовнинг аëллари Маргарита Каримова ҳам вафот қилди. Мен у аëлни жуда ҳам яхши танийман. Уйига борганимда гоҳида “Президент унча-мунча ëрдам бераяптими сизларга? Аҳволларинг жуда ҳам яхши эмаску” десам¸ бироз норози бўлиб “Биздан ҳеч қанақа хабар олмайди. Ислом Каримовни ўқитган менинг эрим бўлади” деб норози бўлиб гапирарди¸- дейди Толиб Ëқубов.

Ўз исмини ошкор этишни истамаган бошқа бир самарқандликнинг айтишича, ҳозир Ислом Каримовнинг акаси Ибод Каримов билан муносабати яхши, аҳён-аҳён бўлсада, гоҳ яширин гоҳ ошкор оддий ўқитувчи бўлган акасини зиёрат қилиб туради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG