Линклар

Шошилинч хабар
02 май 2024, Тошкент вақти: 02:14

Ўзбекистонда вояга етмаганларга уйланиш кўпайган


Ўзбекистонда 14-15 ёшли қизларни турмушга чиқариш урфга айланмоқда.
Ўзбекистонда 14-15 ёшли қизларни турмушга чиқариш урфга айланмоқда.

Ўзбекистонда вояга етмаган қизларга уйланган йигитларни жиноий жавобгарликка тортиш амалиёти кузатилмоқда. Айни пайтда ўзбекистонликлар орасида ёшларнинг эрта уйланишларини ёқловчилар ҳам, қораловчилар ҳам бор.

NewsUz.com cайтининг республика Бош прокуратурасига таянган ҳолда хабар қилишича, фарғоналик 23 ёшли Д. Зокиров 14,5 ёшли қизни, 21 ёшли А. Абдураззоқов эса 15 ёшли қизни никоҳига олгани учун маҳкамага тортилган.

Ўзбекистонда эркаклар учун 18 ёш, аёллар учун 17 ёш никоҳ ёши сифатида белгиланган.

Никоҳ ёшига етмасдан эрта турмуш қуриш ҳолатлари нафақат Фарғонада, балки мамлакатнинг деярли барча ҳудудларида кузатилади.

Марғилонлик бир суҳбатдошга кўра, бу каби ҳолатлар кейинги пайтда тез-тез учраяпти.

- Қўшни маҳалладаги келинчак 17 ëшга ҳам кирмаган. Балоғат ëшига етмаган. Келинлик либосини кийгизиб¸ машинага солиб¸ шаҳарни айлантириб олиб келишиб¸ ЗАГСдан ўтган деб ҳисоблаб¸ тантана қилишиб, тўй ўтказишди. Аслида уларнинг никоҳи давлат қайдидан ўтгани йўқ. Бунақадан нечтасини санаб берай? дейди марғилонлик суҳбатдош.

Янгибозор туманида истиқомат қилувчи Розагул опа Хоразмда ҳам қизини эрта узатиш ҳоллари кўпаётганини айтар экан, буни иқтисодий етишмовчилик билан боғлайди.

- Етар-етмасликдан¸ зарурчиликдан қизларини ëш бўлишига қарамай сотаëтганлар кўп, деди Розагул опа.

Хоразмлик аёл “қизларини сотаётганлар” иборасини ишлатди. Одатга кўра, Хоразмда қиз учун эмас, балки келин учун сарпо йиғилади ва шундан келиб чиқиб фарзандини турмушга узатаётган хоразмлик ота-оналар “қизимни сотдим”, дейди.

Бугунги кунда Хоразмда қиз чиқарганда қалинига, ривоятларда айтилганидек, сурув-сурув қўй ва туя берилмаса-да, ҳар ҳолда муайян ҳақ тўланади.

Бу эса камбағал оилаларга қизини эрта турмушга бериб, бир-икки сўм ишлаш имконини беради.
Фарзандларига ёш келин олиб бериш баъзи бой-бадавлат хонадонлар учун эса урфга айлангандай.

- Қўлимда давлатим борлигида дабдабали тўй қилсам, бунинг нимаси ёмон? Ҳозир барча бойваччалар шундай қиляпти, дейди 16 ёшли ўғлига 15 яшар қизни хотинликка олиб берган хоразмлик ота.

Тошкентлик Фотима опа эса эрта никоҳ масаласида бошқа бир жиҳатни тилга олади.

Фотима опа: Ҳозирги кунда қизлар эрта “уйғониб” қолишаяпти. Ҳар хил воқеа¸ ҳодиса¸ сериалларни кўриб¸ турмушталаб бўлиб қолаяпти.

Озодлик: Жинсий ҳаëтга тайëр бўлиб қолмоқда, демоқчимисиз?

- Ҳа, тайëр бўлиб қолаяпти-да энди. Тез уйғониб қолаяпти. Ҳозир телевизорларда насиҳат¸ бошқа тўғрисида нима бор? Ҳаммаси севги-муҳаббат, “ўлдим-куйдим” бўлиб ëтибди-ю. Олдин “16 ëшга тўлмаганларга бу кино мумкин эмас” деб ëзиларди. Ҳозир 7 яшар ҳам¸ 70 яшар ҳам кўраяпти. Бу қизларнинг эрта етилишига сабаб бўлаяпти, дейди тошкентлик Фотима опа.

Тошкентлик бошқа бир суҳбатдошимиз, муслима аёл Нигора опа эса эрта никоҳ қуриш ҳолатларини ижобий баҳолайди.

- Шаърий жиҳатдан эрта никоҳ ижобий ҳисобланади. Нимага деганда ҳадис бор. Учта ҳайз кўргандан кейин қизлар узатиб юборилиши керак, дейилган. Айнан 15-16 ëшлар учинчи ҳайзга тўғри келади. Ҳар бир ҳадиснинг орқасида албатта ҳикмат бўлади. Шунинг учун қизларни вақтли узатишда ҳикмат бўлиши мумкин. Кўпчилик оилаларда айнан шу ëшдаги келинларни ҳаëтга¸ янги оилага мослашиб кетгани¸ дейлик, табиати тўғри келмаган тақдирда ҳам “шу эрим экан” деб, итоат масалалари билан келишиб кетганини кўрамиз. 21-23 ëшларда турмушга чиққан аëлларнинг жуда кўпчилигини кўрдим. Бир йил¸ икки йилдан кейин ажрашиб кетаяпти. “Эрга итоат қилмайман¸ менинг фикрим бор?” деган маънодаги муаммоларни келтириб чиқаришаяпти, дейди тошкентлик муслима аёл.

Фотима опа эса турмуш қуриш учун давлат томонидан белгиланган 17 -18 ёшни нормал, деб ҳисоблайди.

- Мен энди 15-16 ëшда турмуш қуришга қўшилмайман. 17-18 ëшга қўшиламан. Оилавий муҳит¸ таълим-тарбия жойида бўлса¸ 17-18 ëшда турмуш қуриш нормада. Чиройли одоб олган¸ таълим олган¸ итоат қиладиган вақти. Ундан юқориси кўча-кўйда итоатсиз ҳар хил кўйни кўрган одам 25 ёшда турмуш қилса ҳам у оилани менсимайди. Бу ёшда оилам деб мустаҳкам қадам қўйишига гарантия кам-да, дейди Фотима опа.

Қибрайлик Ғофиржон ака қизларнинг эрта турмушга узатилишини қоралар экан, “Ўзбекистондаги ҳозирги шароитда рўзғор тебратиш учун эркак ва аёл аввало бир касб ёки ҳунарни эгаллаб кейин оила қуришини керак”, деган фикрни билдиради.

- Бозор иқтисодиëти бўлгандан кейин ҳозир оилани битта эркак ишлаб боқа олмайди. Шунинг учун қизларни битта-яримта касбга тайëрлаб¸ 21-22 ëшида институтни битирса, ҳам ҳунар олса. Шу ëшни оила қуриш учун оптимал, деб ҳисоблайман. 21-22 ëшида институтни битириб¸ ҳунар ўрганиб¸ аëлларнинг қўлидан ҳам бир нарса келадиган бўлиши керак-да. Сабаби ҳозирги пайтда битта эркакнинг топгани рўзғорга етмайди. Албатта хотини ҳам топиши керак, дейди Ғофиржон ака.

Қизларни эрта турмушга узатишни тиббиёт ходимлари ҳам маслаҳат бермайдилар.

Сирдарёлик бир шифокорнинг сўзларига кўра, 15 ёшида турмушга узатиб юборилган қиз туғишга жисмонан ва маънан тайёр эмаслиги оқибатида ёш келинчакнинг соғлиғига жиддий зарар етиши ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Ўзбекистон давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг тўққиз ойида Ўзбекистон бўйлаб 175 минг 300 та никоҳ қайд этилган.

Лекин вояга етмаганлар никоҳи давлат қайдидан ўтказилмайди. Вояга етмаган қизлардан туғилган фарзандлар эса ёлғиз онадан туғилган чақалоқ сифатида онанинг фамилиясига расмийлаштирилади.
XS
SM
MD
LG