Линклар

АҚШ учқичларида хавфсизликни кучайтирмоқда


Вашингтон расмийлари жаҳон бўйлаб барча авиакомпанияларни АҚШга парвоз қилаётган учқичларда хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирди.

Бунга Нигерия фуқаросининг 25 декабр куни Амстердамдан Детройтга парвоз қилаётган учқични портлатиб юбориш уриниши сабаб бўлди.

Воқеа гувоҳларининг билдиришича, 23 яшар Нигерия фуқароси учқич Детройтга яқинлашаётган маҳал оёғига боғланган портловчи мосламани ҳаракатга келтиришга уринган, бироқ бомба мосламаси ишламай қолган. Шунда нигериялик талаба бўлгани айтилаётган шахс портловчи мосламани ёқиб юборган. Самолёт экипажи ва йўловчилар ўтни ўчиришга ва Нигерия фуқаросини қўлга олишга муваффақ бўлган.

Учқич Детройт аэропортига қўнгач, Нигерия фуқароси Федерал тергов бюроси агентларига топширилган. Ҳозирда ушбу шахснинг Ал-Қоида ҳаракатига алоқадор ёки алоқадор эмаслиги ўрганилмоқда.

Айни пайтда Оқ уй маъмурияти ушбу воқеани қўпорувчилик амалиёти содир этишга бўлган уриниш дея баҳолади.

Хабарларга кўра, Амстердамдан Детройтга парвоз қилаётган учқичда 278 нафар йўловчи ва экипаж аъзоларидан 11 киши бўлган.
XS
SM
MD
LG