Линклар

27 декабр куни Ўзбекистонда сайлов ўтказилади


27 декабр куни Ўзбекистонда парламентнинг қонунчилик палатасига ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайлов бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан 26 декабр куни Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот марказида маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.

МСК раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов брифинг иштирокчиларига вакиллик ҳокимият органларига ўтказиладиган сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берди.

Абдусаломовнинг билдиришича, республика ҳудудидаги барча участкалар 27 декабр куни ўтказиладиган сайловга шай қилиб қўйилган.

-Қонунчиликка биноан 135та сайлов округи, 8447та сайлов участкаси, шу жумладан, Ўзбекистоннинг чет эллардаги ваколатхоналарида 44 сайлов участкаси ташкил этилди, округ ва участка сайлов комиссиялари шакллантирилди,-дея қўшимча қилди МСК раиси.

Марказий сайлов комиссияси томонидан 36 давлатдан ва тўртта халқаро ташкилот миссияларидан 270дан зиёд кузатувчи рўйхатга олинган.

28 декабр куни Матбуот марказида матбуот анжумани ўтказилади ва унда Ўзбекистон Олий мажлиси қонунчилик палатасига сайловнинг дастлабки натижалари эълон қилинади.

XS
SM
MD
LG