Линклар

logo-print

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сиёсий кенгаши аъзоси Қодир Каримов 27 декабр куни ўтадиган парламент сайловида иштирок этувчи рақобатчи партияларни сайловолди тарғиботи этикасини бузганликда айблади.

Россиянинг “Регнум” ахборот агентлигига берган суҳбатида, Қодир Каримов айнан қайси партия қандай меъёрларни бузганлигини очиқламаган.

Айни пайтда Қодир Каримов Ўзбекистон Халқ демкоратик партиясининг йўналишларини танқид қилган. Унга кўра ХДПнинг дастурлари ва ҳаракат йўналишлари замон талабларига жавоб бермайди ҳамда партия бир неча ўн йил давомида янгиланишга, замонга мослашишга ҳаракат қилмаган.

Бошқа сиёсий партиялар эса ўз навбатида либерал-демкократларни танқид қиладилар.

Бундай жараён Ўзбекистонда сайловолди тарғиботи демкоратик нормаларга таянган ҳолда ўтаётир деган тасаввурни пайдо қилади.

Шу кунларда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган МДҲ кузатувчилар гуруҳи раҳбари Сергей Лебедев ҳам мана шундай фикр билдиради.

- Биз Ўзбекистон қонунлари билан танишиб чиқдик. Сайлов тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини таҳлил қилар эканмиз, унда эркин, демократик, холис ва адолатли сайлов ва овоз бериш жараёни кафолатланганига гувоҳ бўламиз. Бу жуда ҳам яхши,- дейди Сергей Лебедев.

Бироқ Ўзбекистон қонунларида кафолатланган адолатли ва демкоратик сайловлар амалда мавжуд эмаслигини халқаро ташкилотлар эътироф этиб келадилар.

Халқаро ташкилотлар фикрича, сайловларда қатнашишга фақат ҳукуматга мойил бўлган партияларгагина рухсат берилиши, сайлов тизмасида чинаккам мухолифат кучларининг мавжуд эмаслиги ва сайловолди жараёнида ўзгача фикрловчиларга нисбатан кучли босим ўтказилаётгани бунинг далилидир.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳам Ўзбекистондаги олдинги парламент ва президентлик сайловларини халқаро андозаларга мос ўтмаганини таъкидлаган ва ташкилот тавсиялари ижро этилмай қолганини билдирган.

- Бу мамлакатда фуқароларнинг фундаментал эркинликлари чекланганича қолмоқда, у ердаги мавжуд сиёсий муҳит фуқароларга танлов имконини бермайди. Бундан ташқари ўтмишда ишлаб чиққанимиз тавсиялар ижро этилмай қолди, - деб айтган эди ЕХҲТнинг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси вакили Йенс Эшенбеҳер.

Аммо халқаро ташкилотларнинг бундай баёнотларига қарамасдан Ўзбекистон фуқароларининг муайян қатлами парламент сайловларини “адолатли ва демократик”, деб билишларини айтадилар.

Бироқ яна бир гуруҳ ўзбекистонликлар бу сайловларга бефарқ эканликларини ҳам билдириб келмоқдалар.

Айтиб ўтиш керакки, 27 декабр куни ўтадиган парламент сайловида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги 135 ўрин учун “Адолат” социал демократик партияси, “Миллий тикланиш” декмократик партияси, Либерал демократик партияси ва Халқ демократик партиясидан 517 номзод кўрсатилган. Уларнинг 506 нафари айни пайтда депутатлик ўрни учун куршани давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, парламент сайловида 17 миллион 215 мингдан ортиқ сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG