Линклар

Ал-Қоида ҳаракатига алоқаси борлиги айтилаётган Нигерия фуқаросининг 25 декабр куни Амстердамдан Детройтга парвоз қилаётган учқични портлатиб юборишга бўлган уринишидан сўнг АҚШ бўйлаб барча аэропортларда хавфсизлик чоралари кучайтирилди.

Вашингтон расмийлари жаҳон бўйлаб барча авиакомпанияларни АҚШга парвоз қилаётган учқичларда хавфсизлик чораларини кучайтиришга чақирди.

Бунга Нигерия фуқаросининг 25 декабр куни Амстердамдан Детройтга парвоз қилаётган учқични портлатиб юбориш уриниши сабаб бўлди.

Воқеа гувоҳларининг билдиришича, 23 яшар Нигерия фуқароси учқич Детройтга яқинлашаётган маҳал оёғига боғланган портловчи мосламани ҳаракатга келтиришга уринган, бироқ бомба мосламаси ишламай қолган. Шунда нигериялик талаба бўлгани айтилаётган шахс портловчи мосламани ёқиб юборган.

Самолёт экипажи ва йўловчилар ўтни ўчиришга ва Нигерия фуқаросини қўлга олишга муваффақ бўлган. Айтилишича, Амстердамдан Детройтга парвоз қилаётган учқичда 278 нафар йўловчи ва экипаж аъзоларидан 11 киши бўлган.

-Даставвал резина шари ёрилганга ўхшаган товуш эшитилди, ундан сўнг бир йўловчи аёл қичқириб, “Нималар қиляпсиз, нималар қиляпсиз?” дея бақира бошлади. Товуш чиққан жойга қараганимда, у ерда ерда кимлардир ўзаро олишаётган эди. Мен бир неча қатор орқада эдим ва у ердан тутун чиқаётгани ва ёнғин рўй бераётганини кўрдим. Кейин кимдир ўт қўйган шахс устига сакради. Кимдир ўт ўчириш мосламасини олиб келиб, ўтни ўчиришга муваффақ бўлди. Шу қисқа вақт давомида йўловчилар саросимага тушдилар,-деди воқеа гувоҳларидан бири.

Бошқа бир йўловчи эса самолётни портлатишга уринган шахснинг бир оёғи куйганини айтади:

-Унинг оёғи жиддий куйган эди. Ўт ўчириш мосламаси ва сув ёрдамида уни оёғидаги ўтни ўчирдилар. Аэропортга қўнганимизда самолёт ичкарисида куйган ёмон ҳид келиб турар эди,-дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Маълум бўлишича, учқични портлатишга уринган шахснинг исми Умар Фароук Абдулмуталлаб бўлган ва у полицияга портловчи мосламани Яман давлатидан сотиб олгани ҳамда Ал-Қоида номидан ҳаракат қилаётганини маълум қилди.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган АҚШ расмийларига кўра, Абдулмуталлаб АҚШ учқичини портлатиш учун Ал-Қоида тайёргарлигидан ўтганини ҳам тан олган.

АҚШ ва Нидерландия матбуотининг билдиришича, 23 яшар Нигерия фуқароси Лондондаги университетлардан бирида таҳсил олган.
Бундан ташқари Умар Фароук Абдулмуталлабнинг АҚШ разведка хизматининг махсус рўйхатида бўлгани ҳам хабар қилинмоқда.

Айни пайтда Оқ уй маъмурияти ҳозирда Ҳавайи оролларида дам олаётган президент Барак Обама ушбу воқеани яқиндан кузатиб бораётгани маълум қилди.

АҚШ расмийлари, шунингдек, ушбу воқеадан сўнг мамлакат ичкариси ва халқаро йўналишларда парвоз қилаётган йўловчи самолётларида хавфсизлик чораларининг кучайтирилишини билдирдилар.
XS
SM
MD
LG