Линклар

27 декабр куни эрталабки соат 6.00 дан Ўзбекистоннинг турли жойларидаги 8447 та сайлов участкасида республика Олий мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига депутат сайлаш бўйича овоз бериш жараёни бошланди.

135 та сайлов округига бирлаштирилган бу сайлов участкаларида, Ўзбекистондаги расмий оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, сайловчилар фаол иштирок этмоқдалар.

“Эрта тонгдан Тошкентдаги 545-сайлов участкасига келиб, Ўзбекистон Республикаси парламенти сайлови жараёнларини диққат билан кузатаяпман. Ҳали барвақт бўлишига қарамай, сайловчиларнинг овоз бериш жараёнида фаоли иштирок этаётгани мени ғоят қувонтирди. Бу уларнинг мамлакат тақдирига бефар эмаслигидан далолат”, дея иқтибос келтиради АҚШдаги Жон Хопкинс университети қошидаги Марказий Осиё ва Кавказ институти катта илмий ходими Эли Красовский сўзларидан Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги.

Айни агентлик cайловда кузатувчилик қилаётган Озарбойжон Республикаси Миллий Мажлис депутати Айдин Аббосовнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайганлиги келажакда юксак самаралар беради, буни кўппартиявийлик асосида ўтаётган бугунги сайловлар ҳам кўрсатиб турибди” деган сўзларини ҳам келтиради.

Аснода Ўзбекистондаги шароит билан яхши таниш бўлган кузатувчилар мамлакатда “давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакат модернизация қилишда сиёсий партияларнинг роли кучайганлиги”, сайловларнинг “кўппартиявийлик асосида ўтаётган”лиги ҳақидаги мулоҳазалар фақат декларатив характерга эга гаплар эканини таъкидламоқдалар.

- Ҳақиқатда Ўзбекистондаги сайловда тўрт сиёсий партия депутатлик мандатларини қўлга киритиш учун ўзаро баҳс олиб бораяпти. Лекин уларнинг сиёсий дастурларида ҳукуматнинг ички ва ташқи сиёсатини танқид қилиш орқали мамлакатдаги сиёсий тизимни замонавийлаштириш, демократик жараёнларни ривожлантириш бўйича концепцияларни борлигини кўрмадик. Аслида барча партиялар томонидан қилинаётган ҳаракатлар Ислом Каримов яккаҳокимлигини мустаҳкамлашга қаратилган. Бундан хулоса шуки, келажакда Ўзбекистон ҳаётида сиёсий-ижтимоий янгиликлар ёки иқтисодий эркинликлар хусусида гап-сўз бўлиши мумкин эмас. “Бирлик”, “Эрк”, “Бирдамлик”, “Озод деҳқонлар” каби ҳақиқий мухолиф партия ва ҳаракатлар ижтимоий-сиёсий жараёндан четда қолаётгани ҳам Ўзбекистондаги сайловларнинг кўппартиявийлик асосида ўтаётганини шунчаки декларатив баёнотлар эканини тасдиқлайди, дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошев.

Эслатиб ўтамиз, бугун бўлиб ўтаётган парламент сайловида Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги 135 ўрин учун “Адолат” социал демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Либерал демократик партияси ва Халқ демократик партиясидан 517 номзод кўрсатилган. Уларнинг 506 нафари айни пайтда депутатлик ўрни учун куршани давом эттирмоқда.

Ўзбекистон Марказий сайлов комиссиясига кўра, парламент сайловида 17 миллион 215 мингдан ортиқ сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG