Линклар

Душанбедаги элчихонада ўзбекистонликлар овоз бермоқда

  • Гулнора Равшан

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасида ташкил қилинган сайлов участкасида Тожикистонда доимий ва вақтинчалик яшаб турган қарийб 50 та ўзбекистонлик фуқаро овоз бериши кутилмоқда.

27 декабр куни эрталаб соат 6 дан Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасида ташкил қилинган сайлов участкаси сайловчилар учун очиб қўйилди. Тожикистондаги муқим ва вақтинчалик яшаб, турли соҳаларда ишлаётган ёки ўқиётган ўзбекистонликлар сайлов участкасида рўйхатдан ўтиб, ўзлари истаган номзодларга овоз бера бошладилар.

Сайлов участкаси аъзоларидан бири Юрий Нигайнинг маълум қилишича, сайловчилар учун иккита рўйхат тузилган.

- Улардан бирига консуллик қайдида бўлган, яъни Тожикистонда яшаб, ишлаётган ўзбек фуқаролари ва иккинчи рўйхатга эса консуллик қайдида бўлмаган – Тожикистон ҳудудида вақтинчалик бўлиб турган кишилар киритилган. Биз сайловдан бир неча кун аввал сайлов вақти ва ўрни ҳақида ҳамма сайловчиларни хабардор қилганмиз. Кўриб турганингиздек, сайловчиларимиз сиёсий тадбирда фаоллик кўрсатишмоқда, деди Юрий Нигай.

Сайлов участкаси элчихонанинг биринчи қаватидаги залда ташкил қилинган экан. Залга кираверишда сайловда қатнашаётган номзодларнинг таржимаи ҳоли ва дастурларига оид маълумотнома ҳозирланиб қўйилган. Овоз берувчилар рўйхатдан ўтишдан аввал номзодлар дастури билан шу ерда таниша бошладилар.

Бунинг сабабларини сайлов участкаси аъзолари сайловчиларнинг кўпи талабалар экани ва Ўзбекистондаги партиялар кўрсатган номзодлар, уларнинг дастурлари ва ҳаракат йўналишлари хусусида Тожикистонда туриб тўлароқ маълумот олиш учун шароит йўқлиги билан изоҳлашди.

- Мен ҳозир Халқ демократик партияси номзоди дастурлари билан танишдим. Агар бу вакил сайланса, кўпроқ халққа ёрдамлашар экан, дейди Тожикистон давлат тижорат университетининг 5-курс талабаси Музаффар Ҳамидов.

Бошқа бир сайловчи - Маъруф Жумаев қайси партия вакилига овоз берганини ҳозирча сир тутар экан, бу номзод Ўзбекистон ҳаётида анча ўзгаришлар киритишига умид қилиб овоз берганини айтди.

- Бу номзод дастурларининг менга ёққа томони шуки, у нафақат Ўзбекистондаги, балки ундан ташқарида бўлган ўзбекистонликлар ҳаёти учун хизмат қилмоқчи. Бу номзоднинг дастурлари реал эканига ишонаман ва ўзбек жамиятида уларни амалга ошириш имкониятлари ҳам йўқ эмас, дейди Тожикистон давлат педагогика университети талабаси Маъруф.

Яна бир суҳбатдошимиз - тошкентлик Нодира фикрича, сайлов эркин ва ҳеч бир ортиқча тазйиқсиз ўтмоқда экан. Аммо Нодира Ўзбекистонда ўтаётган бу сиёсий тадбир ўзбекистонликлар ҳаётида муҳим бир ўзгариш киритишига ишонмайди.

- Мен овоз берган номзод Ўзбекистонга нафи тегадиган иш қилишига умид қиламан. Сайловдан Ўзбекистонда жуда кўп ўзгариш бўлмаса ҳам, барибир биз сайлаган вакиллар қўлидан келганича ҳаракат қилар, деган умиддаман, дейди Нодирахон.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонасидан олинган маълумотларга биноан, бугунги сайловда мазкур участкада тахминан 50 киши овоз беради.
XS
SM
MD
LG