Линклар

Эронда яна тўқнашувлар рўй берди


Эрон мухолифатига қарашли сайтларнинг ёзишича, бугун Теҳрондаги аксилҳукумат намойиши чоғида хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши қурол ишлатган ва оқибатда камида уч киши нобуд бўлган.

Бундан ташқари, ҳуқуқ фаолларининг Озодлик радиосига айтишича, намойиш чоғида хавфсизлик кучлари томонидан калтакланган бир шахс ҳам ҳалок бўлган.

Бироқ мухолифат сайтлари тарқатаётган бу каби хабарларни мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Бундан бир оз аввал гувоҳлар полиция ва хавфсизлик кучларининг Теҳрон марказига тўпланишга уринган намойишчиларга қарши куч ишлатиб, кўздан ёш оқизувчи газдан фойдалангани тўғрисида маълум қилгандилар.

- Мен ҳозир Инқилоб кўчасида турибман. Хавфсизлик кучлари бу ерга олиб келувчи барча кўчаларни ёпиб қўйганлар ва Инқилоб хиёбонини қуршовга олганлар. Бу ерда одамлар кўп ва тўқнашувлар ҳам рўй бермоқда, деди Озодлик радиосига сим қоққан воқеа гувоҳларидан бири.

Бошқа бир гувоҳларнинг билдиришича, бугунги намойиш чоғида норозилар “Диктаторга ўлим” ҳамда “Бу қонли ой ва басиж гуруҳининг куни битади” каби шиорларни ҳайқирганлар. Эрондаги аксилҳукумат намойиш иштирокчиларининг ўққа тутилиши ортида айнан Басиж гуруҳи тургани тахмин қилинади.

Теҳрондаги намойишлар шиаларнинг муқаддас Ашуро байрами нишонланаётган бир пайтга тўғри келди. Шанба куни ҳам Эрон мухолифати пойтахтда ҳукуматга қарши норозилик акцияси ўтказишга уринди. Бироқ хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарши куч ишлатиб, норозилик акциясини ўтказишга йўл қўймади.
XS
SM
MD
LG