Линклар

Сайлов ниҳоясига етмоқда


"Ўзбекистонда Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайлов фуқароларнинг фаол иштирокида ўтказилмоқда", дея хабар тарқатди Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси.

27 декабр куни Тошкентда ўтказилган матбуот брифингида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Қўчқор Тоғаев маҳаллий соат 17:00 га қадар сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролардан 13 миллион 670 минг 387 нафари овоз берганини айтди. Бу сайлов ҳуқуқига эга фуқароларнинг 79,4 фоизни ташкил этади. Тоғаев, шунингдек, сайлов жараёнида сайлов қонунлари бўзилгани ҳақида маълумотлар келиб тушмаганини айтди.

Ўзбекистонда қарийб 17 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги 135 ўрин учун “Адолат” социал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Либерал демократик партияси ва Халқ демократик партиясидан номзодлар кўрсатилган.

Депутатлик мандатларини қўлга киритиш учун ўзаро баҳс олиб бораётган барча тўрт партия Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон ҳукумати сиёсатини ҳеч қачон танқид остига олмаган.

Айни пайтда Ўзбекистондаги сайлов жараёнини хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан келган 300 га яқин кузатувчи кузатиб бормоқда.

Бироқ ЕХҲТнинг сайловларни назорат қилиш бўйича идораси Ўзбекистондаги сайловни кузатиш учун у ерга ўз миссиясини юбормади.
ЕХҲТ идорасининг сайловлардан аввал эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, амалдаги сиёсий тузум сайловчилар учун муносиб номзодларни танлаш учун шароитлар яратиб бермаган.
XS
SM
MD
LG