Линклар

Эрондан олинган хабарларга кўра, 27 декабр куни Теҳронда бўлиб ўтган аксилҳукумат намойиши чоғида хавфсизлик кучлари намойишчиларга қарата ўт очган ва оқибатда камида тўрт киши ҳаётдан кўз юмган.

Гувоҳларнинг Озодлик радиосига айтишича, намойишчилар асосан Эрон Олий руҳонийси оятуллоҳ Ҳоманайига қарши шиорлар, жумладан, “диктаторга ўлим” каби шиорлар ҳайқирганлар.

Мухолифатга тегишли Rahe Sabz сайтининг хабар қилишича, хавфсизлик кучлари пойтахт марказидаги Инқилоб кўчасига тўпланган намойишчиларни ўққа тутган. Оқибатда уч киши нобуд бўлган.

Эронда хориж ахборот воситаларининг фаолияти таъқиқлангани боис ушбу хабарни мустақил тарзда тасдиқлашнинг имкони йўқ.

Айни пайтда Теҳронда фаолият юритаётган ҳуқуқ фаолларидан бири Озодлик радиоси билан суҳбатда хавфсизлик кучлари томонидан калтакланган бир намойишчининг ҳалок бўлганини маълум қилди.

Ўз исмини ошкор қилишни истамаган бир шахс эса полиция ходимларининг намойишчиларга қарата ўқ узганини айтади:

- Бугун эрталаб Ҳофиз кўприги остидан ўтаётган эдим, хавфсизлик хизмати агентларининг фуқароларга қарата ўқ узаётганини кўрдим, деди воқеа гувоҳларидан бири.

Озодлик радиосига телефон қилган бошқа бир гувоҳ эса хавфсизлик кучлари намойишчиларни тарқатиш мақсадида уларга қарши кўздан ёш оқизувчи газдан фойдаланганини айтади:

- Ҳозир мен Бозормеҳр ва Вали Аср кўчалари туташган ҳудудда турибман. Бу ерга анча одам тўпланган. Мотицикл минган хавфсизлик кучлари оломонга ҳужум қилди. Одамлар аҳлат қутиларга ўт қўйдилар. Бундан ташқари намойишчилар ислом республикаси етакчиси ва диктатор режимига қарши шиорларни ҳайқиришга уринмоқдалар, деди эронлик гувоҳ.

Айни пайтда Эрон ахборот агентликларининг билдиришича, Теҳрон полиция бошқармаси раҳбари Азизуллоҳ Ражабзода бугунги намойишлар чоғида фуқароларнинг ҳалок бўлганига оид ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини маълум қилган.

Бугунги намойишлар Эрон мухолифатининг диний раҳнамоларидан бири ҳисобланган оятуллоҳ Ҳуссайн Али Мунтазирий вафот этганининг еттинчи куни ва шиаларнинг муқаддас Ашуро байрами нишонланаётган бир кунга тўғри келди.

Эрон ҳукуматининг ашаддий танқидчиларидан бири, таниқли диний уламо Оятуллоҳ Ҳусайн Али Мунтазирий 19 декабр куни вафот этди ва у 21 декабр куни муқаддас Қум шаҳрида дафн қилинди.

Мунтазирийнинг дафн маросими аксилҳукумат намойишига айланиб кетди. Бу намойишда ҳам мухолифат ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар рўй берди.
XS
SM
MD
LG