Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:51

Иштирокчи партиялар учун демократик, мухолифат учун нодемократик сайлов


Ўзбекистон МСК вакилларига кўра, соат 17.00 га қадар сайловчиларнинг қарийб 80 фоизи овоз бериб бўлган.
Ўзбекистон МСК вакилларига кўра, соат 17.00 га қадар сайловчиларнинг қарийб 80 фоизи овоз бериб бўлган.

27 декабр куни Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси марказий сайлов комиссияси Олий мажлис қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтганини эълон қилди.

Тошкентда ўтказилган матбуот брифингида Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Қўчқор Тоғаев соат 17.00 га қадар сайловда қатнашиш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 79,4 фоизи овоз берганини айтди.

- Жойлардан олинган маълумотларга қараганда, ҳозирга қадар овоз беришда 13 миллион 670 минг 387 нафар сайловчи иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 79,4 фоизини ташкил этади, деди Қўчқор Тоғаев.

Ўзбекистон Республикаси парламенти ва маҳаллий кенгашларга ўтказилаётган сайлов жараёнини хорижий кузатувчилар кузатмоқда. Бироқ Европада хавфсизлик ва ҳамкортик ташкилотнинг Сайловлар, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари масалалари билан шуғулланувчи идораси сайловга ўз кузатувчиларини эмас, балки сайловни баҳолаш миссиясини жўнатган. ЕХҲТ ўз қарорини 21–22 октябр куни чиқарган ҳисобот хулосасида қуйидагича изоҳлаган:

“Фундаментал эркинликлар чекланган бўлиб қолаётган шароитда ҳозирги сиёсий спектр сайловчиларга ҳақиқий кураш бораётган сиёсий муқобил танловни таклиф қила олмайди. Европада хавфсизлик ва ҳамкортик ташкилотнинг Сайловлар, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идорасининг аввалги тавсиялари эътиборсиз қолган ... “

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти идорасининг ушбу баёноти жорий парламент сайловларига берилажак баҳонинг қандай бўлишига ишора қилади.

Айни пайтда сайлов жараёнини кузатаётган Ўзбекистон ҳукуматига мойил айрим хорижлик қузатувчилар овоз бериш сайлов қонунлари доирасида демократик тарзда ўтаётганини айтмоқда.

Бироқ ўзбек мухолифати вакиллари бу фикрга қўшилмайди.

Хусусан, ЭРК демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов Ўзбекистонда демократик сайлов ўтказиш учун шароит йўқ, деган фикрда.

- Сайлов эркин ва демократик бўлиш шартлари бор. Шунақа шароит бўлиши керак. Бунақа шароит Ўзбекистонда йўқ. Шартлардан яна бири танлов бўлиши керак. Танлов дегани, муқобиллик мавжуд бўлса танлов бўлади. Муқобилик мавжуд бўлмаса, танлов бўлмайди. Нечта одам қўйса ҳам ҳаммаси деярли бир хил, бир-биридан фарқи жуда кам бўлгани учун уни танлов демайди. Шунинг учун сайлов танловсиз, дейди Эрк партияси Бош котиби.

“Озод деҳқонлар” партияси вакили Нигора Ҳидоятова Ўзбекистондаги сайлов демократик тарзда ўтмаётгани, бунинг боиси унда мухолиф партиялар вакиллари қатнашишига имконият йўқлигини айтди.

- Мен буни демократик сайловлар, дея олмайман. Чунки, биринчидан, мухолифат ёки мустақил номзодларнинг сайловда иштирок этишига рухсат берилгани йўқ. Иккинчидан, сайловда қатнашаётган партияларнинг дастурлари бир хил, бир-бирига ўхшайди. Принципда улар бир-биридан фарқ қилмайди. Демократик эркинликлар асоси бузилган, дейди Озод деҳқонлар партияси вакили.

Бирлик патияси вакили эса Ўзбекистондаги сайлов унда қатнашаётган партиялар учун демократик, бошқалар учун демократик эмаслигини айтди.

- Мисол учун, ўша тўртта партия ўртасида сайлов демократик ўтаяпти. Умуман олиб қараганда, мухолифат, ўзгача фикрловчилар учун нодемократик. Ўзбекистон ҳукумати сайловлар тўғрисидаги қонунга ўзгартиришлар киритиб, ташаббус гуруҳларини олиб ташлаганидан кейин одамларни Конституцион сайланишиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб қўйди, дейди Бирлик вакили.

Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказилаётган сайловларларни Ўзбекистонга қўшни бўлган давлатлар вакиллари, МДҲ Ижриоя қўмитаси расмийлари, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом конференцияси ташкилоти, шунингдек, 36 давлат вакиллари жами 250 дан ортиқ вакил кузатмоқда.

Юзлаб хорижий ва маҳаллий журналистлар сайлов жараёнини ёритмоқда.
28 декабр куни бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ўтказилаётган сайловларларнинг дастлабки натижалари эълон қилиниши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG