Линклар

logo-print

Парламент сайлови ўтказилди


Якшанба куни Ўзбекистонда парламент сайлови ўтказилди.

Расмийларга кўра, Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органларига сайловда сайловчиларнинг 87 фоизидан ортиқғи иштирок этган.

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломов 27 декабр куни ўтказилган матбуот анжуманида буларни маълум қилди.

- Соат 20:00да Ўзбекистон Республикаси Олий мажлис қонунчилик палатаси ва маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари депутатлари сайлови бўйича овоз бериш жараёни якунланди. Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда қарийб 15 миллион 108 минг 950 сайловчи иштирок этди. Бу рўйҳатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 87,8 фоизини ташкил этади. Шундай қилиб, яна бир карра таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Олий мажлисига сайлов тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 44-моддасига мувофиқ парламентимиз қонунчилик палатаси депутатлари сайлови ўтган, деб ҳисобланади.

МСК раиси Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан 15 нафар депутат ҳаракат конференциясида аниқланганини ҳам қўшимча қилди.

Якшанба куни Тошкентдаги 644-сонли сайлов участкасида овоз берган президент Ислом Каримов "сайлов эркин ва адолатли бўлиб ўтганига ишончи комил" эканини баён қилди.

Ўзбекистонда қарийб 17 миллион киши овоз бериш ҳуқуқига эга.

Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасидаги 135 ўрин учун “Адолат” социал-демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Либерал демократик партияси ва Халқ демократик партиясидан номзодлар кўрсатилган.

Депутатлик мандатлари учун курашаётган тўрт партиянинг бирортаси шу пайтгача Каримов ҳукумати сиёсатини танқид остига олмаган.

Якшанба кунги сайловни кузатгани хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардан 300 га яқин кузатувчи келди.

Бироқ ЕХҲТнинг сайловларни назорат қилиш бўйича идораси Ўзбекистондаги сайловни кузатиш учун ўз миссиясини юбормади. ЕХҲТ идорасининг сайловлардан аввал эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, амалдаги сиёсий тузум сайловчилар учун муносиб номзодларни танлаш учун шароитлар яратиб бермаган.
XS
SM
MD
LG