Линклар

Сиёсий мубоҳаса йили

  • Гулнора Равшан

Ўзбек ва тожик расмийларининг ўзаро келишолмагани оқибатида 2010 йилда Тожикистон аҳолисининг катта қисми газсиз қолиши мумкин.

Ўзбек ва тожик расмийларининг ўзаро келишолмагани оқибатида 2010 йилда Тожикистон аҳолисининг катта қисми газсиз қолиши мумкин.

2009 йилда узоқ йиллик тарихга бориб тақаладиган Ўзбекистон ва Тожикистон энергетика ҳамкорлигига сўнгги нуқта қўйилди. Йил давомида икки давлат вакиллари ўртасида олиб борилган расмий ва норасмий музокаралар ҳам ўзаро ҳамкорликнинг сақланиб қолишига ёрдам бермади.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида 2009 йилги энергетика ҳамкорлигини йил сўнгида сарҳисоб қилар эканмиз, икки қўшни давлатнинг бу борадаги ҳамкорлиги йил бошидан сезиларли даражада совуқлашганига гувоҳ бўламиз.

Эслатиб ўтсак, Ўзбекистон ва Тожикистон мустақилликка эришганидан буён ўзаро электр олди-бердисини бартер усулида йўлга қўйган эди. Яъни Ўзбекистон қиш ва куз мавсумида Тожикистонга 600 миллион кВт электр узатиб бериб, бунинг эвазига баҳор ва ёзда Тожикистондан 900 миллион кВт электр қабул қилиб оларди.

Бу борада ҳар йили декабр сўнгида Тошкентда икки ёқлама шартнома имзоланар эди, январ ойи бошидан эса, шартномага мувофиқ, “Ўзбекэнерго” Тожикистонга электр узатишга киришарди.

Бироқ 2009 йилнинг 15 январ куни Тожикистон президенти ҳукумат мажлисида мамлакат энергетика тизим мутасаддиларидан бир нечтасини ишдан бўшатди. Унинг бундай қарор олишига мамлакатнинг энергетика бўҳрони ёқасига келиб қолгани сабаб бўлди.

Ўшанда ўз вазифасидан бўшатилган “Барқи тожик” ширкати раиси Шарифхон Самиев Ўзбекистон 2009 йилги энергетик ҳамкорлик учун умуман шартнома имзоламагани ва бу, ўз навбатида, Тожикистонни боши берк кўчага солиб қўйганидан шикоят қилганди.

Орадан бир қанча вақт ўтиб, Тожикистоннинг “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати расмийси Нозиржон Ёдгорий туркманлар электрини транзит қилиш борасида 2007 йили имзоланган уч ёқлама шартномани ҳам Ўзбекистон бир томонлама бекор қилгани борасида хабар тарқатди.

- Жорий йил Туркманистон шартнома асосида 1 миллиард 200 миллион кВт/соат электр экспорт қилиши ва бу миқдор электрни Ўзбекистон ўз ҳудуди орқали узатиб бериши борасида ҳужжат имзоланган эди. Ўша ҳужжат куни кеча Ўзбекистон томонидан бир томонлама бекор қилингани ҳақида телефонаграмма олдик, деган эди ўшанда берган интервьюсида Нозиржон Ёдгорий.

Шу тариқа 2009 йил давомида Тожикистон Туркманистондан умуман электр импорт қила олмади.

- Бу қўшнимизнинг бизга бўлган очиқдан очиқ хусуматидир, дея изоҳлаган эди буни Энергеттика вазирлиги расмийларидан бири Муҳиддин Пўлатов.

Бироқ Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси расмийлари Тожикистон аҳолисининг айни қиш чилласида электр таъминотисиз қолишини Ўзбекистон ҳудудидаги “Қоракўл” подстанциясида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани билан изоҳлашган эди.

- “Ўзбекэнерго” маълумотларига кўра, “Қоракўл” подстанциясида авария юз бериб, ишга яроқсиз бўлиб қолган, авария оқибатлари бартараф қилиниши билан электр олди-бердиси қайта йўлга қўйилади, дея маълум қилган эди элчихона расмийси Миродил Абдураззоқов.

Шундан сўнг Тожикистон Энергетика ва саноат вазирлиги вакилларидан иборат давлат делегацияси Тошкентга электр транзити масаласида бир неча марта қатнади. Аммо аҳвол “эски ҳаммом, эски тос”лигича қолаверди.

Мавзу билан яхши таниш мустақил таҳлилчилар Ўзбекистоннинг бундай йўл тутишида энг аввало Тожикистонни айблашди.

Мустақил таҳлилчи, иқтисодчи Давлат Усмон Ўзбекистон ёз палласида Тожикистонни “Қоракўл” подстанциясини таъмирлашда ўз улушини қўшишга даъват этганини, расмий Душанбе эса “Ўзбекистон ҳудудидаги подстанцияни таъмирлаш – бу Ўзбекистоннинг вазифаси” қабилида жавоб бериб, катта хато қилганидан афсусланди.

- Яхши қўшничилик, ўзаро ҳамкорлик борасида имзоланган шартномалар талаблари кўпинча давлат раҳбарларининг кек сақлаши, шахсий амбицияларига зўр бериши ортидан бажарилмай қолаётир. Бундан оддий халқ жабр кўрмоқда, холос, деди Давлат Усмон.

Ҳар ҳолда йил давомида тожикистонликлар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши, электр муаммолари ҳам ўз ечимини топиб кетишига ишонишиб, дастурхон атрофида дуолар ҳам қилишди. Аммо сиёсат ўз ишини қилди.

Ёзга келиб Тожикистон Ташқи ишлар вазири кутилмаганда маҳаллий ва хорижий журналистларни тўплаб, Туркманистон электри таъминотидан узилиб қолган Тожикистон ёз мавсумида Норак ва Қайроққум сув омборларида сувни одатдагидан кўпроқ йиғишга мажбурлигини эълон қилди.

- 2008 йил октябрида Бишкекда МДҲга аъзо давлатлар йиғилишида Ўзбекистон билан сув ва энергетикага доир ҳамкорлик борасида икки томон учун фойдали қатор ҳужжатлар имзоланганди. Афсуски, улардан кўпи Ўзбекистон томонидан бажарилмади. Бунга бир мисол шу йил айни қиш чилласида Ўзбекистон Туркманистон электрини биз томонга транзит қилмаганидир. Шу боис биз сув омборларимизни тўла ишга солиб, келгуси қиш учун кўпроқ сув йиғишимиз зарур, деган эди ўша йиғинда ташқи ишлар вазири Ҳамрохон Зарифий.

Шу тариқа Тожикистон қишда бўшаб қолган сув омборларини тўлдириш учун 2009 йил ёзида дарёлар қуйида жойлашган давлатларга сув оқимини камайтиришга бел боғлади.

Бир гуруҳ кузатувчилар тожик томонининг бу қарорини Ўзбекистонга қасдма-қасдига қабул қилинганини билдиришди.

Тожикистоннинг ёз палласида сув омборларини тўлдиришга киришиши ортидан Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидан тортиб Фарғона вилоятигача барча қишлоқларда сув тақчиллиги юзага келди.

Ўзбекистондаги айрим чекка қишлоқлар аҳолиси бир челак сувни 100 сўмдан сотиб олишга мажбур бўлаётганидан шикоят қилди.

Ёз давомида Интернет саҳифаларида Ўзбекистон аҳолиси, қишлоқ хўжалиги қурғоқчиликдан қақшаётгани ҳақидаги ўнлаб мақолалар ёзилди.

“Ўзбеккино” эса трансчегаравий дарёлар муаммосига бағишланаган ҳужжатли филмни суратга олишга киришди.

Шундай қилиб Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ихтилофлар кучайди. Бу ихтилофлар 2009 йил 28 апрелида Олмаота саммитида яққол акс этди.

Орол денгизини қутқариш халқаро саммитида Ислом Каримов билан Имомали Раҳмон очиқчасига мунозарага киришди.

Олмаота сафаридан қайтган Имомали Раҳмон Роғуннинг яқин йиллар ичида қурилиб ишга туширилишига оид янги стратегияни олға сурди. Албатта Ислом Каримов ҳукумати бунга жим қараб турмади.

Роғун минтақа экологиясига хавфли экани ва у албатта халқаро экспертизадан ўтказилиши лозимлигини талаб қилиш баробарида Ўзбекистон томони Тожикистонни Марказий Осиё ягона энерготизимидан ортиқча электрни ноқонуний ўзлаштираётганликда айблаб чиқди. Тошкент позициясини Қозоғистон ҳам қувватлади.

Шу важдан расмий Тошкент 1 декабрдан эътиборан Марказий Осиё ягона энерготизимидан ажралиб чиқиш борасида баёнот тарқатди. Бу баёнот 2009 йил 23 ноябрида Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов тилидан янгради.

Мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов тили билан айтганда, икки қўшни ўртасида “сиёсий уруш бошланди”.

Таҳлилчи 2009 йили Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги муносабатларнинг бутунлай совиб кетгани ва ниҳоят энергетика ҳамкорлигига ҳам нуқта қўйилганида фақат оммавий ахборот воситаларини, хусусан, ўзбек-тожик алоқаларининг тикланишини истамаётган Россия журналистларини айблади.

- Айтганларимга мисол тариқасида Аркадий Дубновнинг “И.Раҳмон: Самарқанд ва Бухорони барибир оламиз” сарлавҳали мақоласини келтирмоқчиман. 2009 йилнинг 8 декабр куни журналистлар билан учрашувда гўё Имомали Раҳмон Самарқанд ва Бухоро тожиклар мулки экани ва келгусида Тожикистон бу шаҳарларни қайтариб олиши ҳақида айтган эмиш. Ўзингиз ўйланг, қайси сиёсатчи, давлат раҳбари бу гапни айтиши мумкин, тағин журналистларга. Мен ўйлайманки, бу шунчаки муносабатларимизни янада совутиш, икки халқ ўртасида жанжал чиқариш учун тарқатилган иғводир. Бу ўзбек ва тожикнинг бир-бирига яқинлашишини сира истамаётган учинчи кучларнинг сиёсий ўйинидир, дейди Исмоил Раҳматов.

Таҳлилчи аксарият тожикистонликлар сингари ўзбеклар тожикларсиз, тожиклар эса ўзбекларсиз ўз тарихи, маданиятини тасаввур қила олмаслигига қатъий ишонишини қайд этаркан, келажакка умид билан боқишини айтади.

- 2010 йилда ўзбек биродарларимиз билан муносабатларимиз яхшиланишига умид қиламан, дея қўшимча қилади Исмоил Раҳматов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG