Линклар

Қаршидаги портлаш қурбонлари сони кўпроқ бўлиши мумкин


Айрим тахминларга кўра, Қаршидаги подъезд қулашига газ қувуридаги портлаш сабаб бўлган.

Айрим тахминларга кўра, Қаршидаги подъезд қулашига газ қувуридаги портлаш сабаб бўлган.

Қаршидаги кўп қаватли уйлардан бирида содир бўлган портлаш натижасида 11 киши ўлган. Озодликнинг айрим манбалари фожеада қурбон бўлганлар сонининг бундан-да ортиқроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқдалар.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раҳбари Гулшан Қораеванинг Озодликка маълум қилишича, маъшум воқеа Қаршидаги "Пахтазор" мавзесидаги 28-уйда 25 декабр куни эрталаб соат тўққизлар атрофида содир бўлган.

- 25 число куни соат 9 лардан ўтиб, 20 та кам 10 ларга яқин жуда ҳам қаттиқ портлади. Худди бомба портлагандай бўлди. Деворлар¸ деразалар¸ эшиклар қимирлаб қолди. Жуда ҳам қўрқинчли бўлди-да бу, дейди Гулшан Қораева.

Қаршилик бир йигитнинг айтишича, портлаш шу даражада қаттиқ бўлганки, ҳатто 30 километр узоқликда яшовчи фуқаролар ҳам бу овоздан ларзага тушганлар.

- Жуда ëмон портлаш бўлган лекин. Қарийб 30 километр наридагиларга ҳам овози эшитилган. Тўртта подъездли домнинг ўртадаги иккита подъезди ўпирилиб тушган. Қисқаси, четдаги иккита подъезд алоҳида алоҳида қолиб кетган, дейди қаршлик йигит.

Қарши шаҳрида яшовчи бошқа бир муштарий портлаш содир бўлган жойга бориб, фожеа оқибатларини ўз кўзи билан кўрган.

- Домнинг иккита подъези ўртадан кесилиб қолган. Тўрт этажли дом умуман ўртаси кесилган. Бу тарафи тумбочкадай қолган¸ бу томони ҳам тумбочкадай қолган, дейди қаршилик фуқаро.

Ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева ҳам 25 декабр куни фожеа содир бўлган жойга борганини айтади.

Гулшан Қораева: Соат бешларда ўша ерга бордим. Умуман тўрт томони ўралган. Милициялар қўймайди. 100 метрлардан уже ëпилган. Нариги томонига кириб бўлмайди.

Озодлик: Портлаган бинога кўзингиз тушдими?

Гулшан Қораева: Ҳа¸ кўзим тушди. Нариги подъезддаги арматуралар бўлади-ку - ўшанга портлаган жойнинг гиламлари илиниб қолган экан. Кранлар¸ КамАЗлар ишлаëтган эди. Тез ëрдам зир-зир кириб чиқиб кетаëтган эди. Тириклар бормиш, деган гап бор-да.

Озодлик: Ўликлар сони-чи? Нечта одам ўлган?

Гулшан Қораева: Бу нарса ҳали ҳам номаълум. 10 дан зиëд одам ўлган лекин. Биттасини аниқ биламан - тўртта боласи йўқ. Менимча, ҳали топилмаган. Савдо қиларкан у аёл. Эрталаб савдога чиқиб кетган. Уйда тўртта боласи қолиб кетган.

Озодлик: Неча ëш бўлган болалар?

Гулшан Қораева: Мактаб ëшидаги болалар бўлган.

Озодлик: Бу тўрт бола ўликлар орасидан чиқмаганми?

- Йўқ¸ йўқ. Энди ким билади¸ тўртта қават ерга киргандан кейин битта-битта олади-да. Ким билади бу болалар қаерда. Балки ўлмай бетоннинг тагида қолгандир улар, дейди Гулшан Қораева.

Озодликка маълум бўлишича, портлаш натижасида жароҳатланганлардан ўн бир киши Қаршидаги Шошилинч тиббий ëрдам марказига келтирилган.

Шифохона мутасаддиларидан бири билан телефон орқали боғланиб, жароҳат олган фуқароларнинг аҳволи билан қизиқдик.

Озодлик: Жароҳатланганларнинг аҳволини билмоқчи эдик...

- Аҳволи яхши. Ëмон эмас. Лечение олишаяпти.

Озодлик: Қанақа диагноз билан тушди улар?

- Катта нарса бу. Мен сизга буни телефонда айтолмайман.

Озодлик: Жароҳатланганлар сони неча одам ўзи?

- 11 нафар эди¸ олти нафар қолган эди.

Озодлик: Қолганлари-чи?

- Қолганлари яхши. Амбулатория кўринишида даволанишга кетган, деди Қаршидаги Шошилинч тиббий ёрдам маркази мутасаддиларидан бири.

Қарши шаҳар Ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилганимизда эса навбатчи милиция ходими Қаршида умуман портлаш бўлмаганини билдирди.

Озодлик: Қаршида портлаш бўлди, дейишди. Портлаш сабабларини ўрганаётган эдик...

- Опажон¸ бу ҳақда биз ҳеч қандай маълумотга эга эмасмиз.

Озодлик: Нимадир портлабди-ю.

- Ҳеч нарса портлагани йўқ, деди Қарши шаҳар ИИБ навбатчи ходими.

Қаршилик фуқароларнинг Озодликка маълум қилишларича, Қашқадарёдаги маҳаллий телеканаллар портлаш газ қувурларидаги носозлик туфайли келиб чиққанини ва портлаш натижасида уч киши ўлгани ҳақида хабар қилишган.

Uzmetronom.com сайти Қаршидаги портлашда тахминан 11 киши ўлгани ҳақида ёзади.

Лекин қаршилик аксар фуқаролар портлаш қурбонлари сони бундан-да кўп бўлишини тахмин қилишади.

Озодликка маълум бўлишича, "Пахтазор" мавзесидаги тўрт қаватли 28-уйнинг портлаш содир бўлган 2 та подъездида 16 та хонадон жойлашган.

Ҳар бир ўзбек оиласида камида тўрт- беш киши бўлиши ва эрталаблари кўпчилик уйида бўлиши ҳисобга олинса, қурбонлар сони кам бўлмаганлигини тахмин қилиш мумкин.

Биз суҳбатда бўлган айрим қаршиликлар портлаш газ туфайли бўлмаганини айтиб, бу борадаги тахминларни келтиришади.

- Одамлар газданмас, дегандай қилишаяпти. Бомба дейишаяпти чоғи, дейди қаршилик фуқаро.

- Портлаш жуда кучли бўлган. Нимадир қўйилган ичига. Газданмас бу. Газдан бунчалик портламайди, дейди қаршилик бошқа бир фуқаро.

Қаршилик ҳуқуқ фаоли Нодир Аҳатов ҳам 25 декабрдаги портлаш газ туфайли юзага келгани ҳақидаги тахминларга қўшилмаслигини айтади.

- Бу биринчи портлаш эмас. Бундан икки ҳафталар олдин Шайхали қўрғончасида ҳам худди шундай дом портлаган. Пахтазор митти тумани 28 домнинг воқеаси ва Шайхали қўрғончасидаги домнинг ўпирилиши жуда ҳам бир-бирига ўхшайди. Портлашнинг ўзи¸ ернинг тагига кириб кетишининг ўзи бир-бирига ўхшайди. Бундан ташқари, Шайхали қўрғончасидаги домда ҳам¸ Пахтазор кичик туманидаги домда ҳам зонада ишлаëтган одамлар яшаган. Баъзи бировларнинг айтишича¸ МХХ да ишлайдиган қандайдир полковник ҳам яшаган. Бунинг ҳам иши бир томондан зона билан боғлиқ, деган гаплар юрибди. Яъни бу ерда портлаш давлат куч ишлатар органларига ишлаëтган одамларга йўналтирилган, деган фикр бор. Бу халқнинг фикри. Бу режалаштирилган қандайдир тадбир. Бу атайин портлатилган, деган гап юрибди, дейди Нодир Аҳатов.

Қашқадарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасига қўнғироқ қилиб, воқеа тафсилотлари билан қизиқдик.

- Бизларда ҳозир ҳеч қандай офицерлар ҳам йўқ-да. Ҳаммаси воқеа жойида.

Озодлик: Қурбонлар сони ҳақида маълумот йўқми?

- Ҳеч қандай маълумот йўқ.

Озодлик: Икки ҳафта олдин яна қаердадир портлаш бўлган экан. Бўлганми шунақа ҳолат?

- Бунисини мен телефонда айтолмайман, деди Қашқадарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходими.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG