Линклар

Ўшда қирғиз-тожик музокаралари бўлиб ўтди


Кузатувчилар фикрича, Тожикистон ва Қирғизистон расмийларининг турли музокара ва учрашувлари баҳсли ҳудудлар масаласини ҳал қилишда кутилганидек самара бермаяпти.

Кузатувчилар фикрича, Тожикистон ва Қирғизистон расмийларининг турли музокара ва учрашувлари баҳсли ҳудудлар масаласини ҳал қилишда кутилганидек самара бермаяпти.

Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида Тожикистон ва Қирғизистон ҳукуматлараро комиссияси вакиллари икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича қатор ҳужжатларни имзолади. Таҳлилчилар фикрича, бу учрашув ҳам аввалгилари каби ўринсиз қоғоз қоралаш тадбири сифатида баҳоланиши мумкин.

Сўғд вилоят ҳукумати ахборот ва таҳлил маркази раҳбари Илҳом Жамолиённинг сўзларига кўра, комиссия вакиллари йигирмадан ортиқ масалани кўриб чиққан.

- Қўшни мамлакатда бўлган учрашувда икки давлат чегарасидаги ҳудудлар хавфсизлиги масаласига алоҳида ўрин берилди.Бу икки мамлакат хавфсизлик кенгаши рахбарларининг чегара масалаларига оид хукуматлараро комисияси доирасидаги мавзунинг давоми бўлди.

Мазкур учрашувда ўзаро ҳамкорлик дастури асосида қилинадиган ишлар режаси, чегарани демаркация қилиш жараёни масаласи муҳокама қилинди. Шунингдек, томонлар диний экстремизмга қарши курашдаги ҳамкорликни кучайтириш борасида ҳам мулоқот олиб бордилар. Комиссия вакиллари асосий диққатни чегара масласига қаратар экан, сўнгги йилларда низоларга сабаб бўлаётган ер муаммоси бўйича муҳим қарор қабул қилдилар,дейди матбуот маркази раҳбари.

Илҳом Жамолиён икки давлат расмийлари қабул қилган қарорга мувофиқ, тожик-қирғиз чегарасидаги ҳудудларда турли қурилиш ишлари маън этиб қўйилганини ҳам қайд этади. Қарорга кўра, икки давлат ўртасидаги чегаралар демаркация ва делимитация килинишидан олдин бу ерлар шартли равишда белгилаб олинди. Эндиликда Сўғд вилоятининг Исфара, Бобожон Ғафуров ва Жаббор Расулов туманлари, Боткен вилоятининг Боткен, Лайлак, Исфана туманлари ўртасидаги баҳсли ерлардан ҳар икки мамлакат фойдаланиши хуқуқига эга. Бироқ ҳозирча бу жойларда қурилиш ишларини амалга ошириш мумкин эмас.

Шунингдек, икки республика расмийлари иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган ҳужжатларни ҳам қабул қилди. Қирғизистон томони Тожикистонни цемент, табиий тошдан тайёрланган буюмлар, қадоқлаш маҳсулотлари билан таъминлашни ўз зиммасига олди. Сўғд вилоятидаги Анзоб кон-бойитиш комбинатида ишлаб чиқарилаётган сурма концентрати Қадамжой комбинатига жўнатилади.

Ҳукуматлараро комиссия вакиллари энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кучатиришга оид ҳужжатни ҳам қабул қилди. Жумладан, ягона энергетика тизимини жорий этиш мақсадида “Хўжанд-Датка-Кемин-Олмаота” ЛЭП-500 электр линиясини қуришга келишилди.

Таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, расмийлар учрашади, режалар тузишади-ю, муаммолар ҳал қилинмай қолиб кетаверади. Чунончи 4 йил аввал Боткен- Конибодом юқори вольтли электр линияси ишга туширилган эди. Бироқ бу линия бир ҳафта ҳам ишламади. Бундан ташқари, чегара масаласида ўнлаб қарорлар қабул қилинди, лекин ишлар олға силжимаяпти.

- Тўғри, расмийлар турли муаммолар ҳал қилиш йўлини қидириш учун биргаликда йиғилади. Лекин бу етарли эмас. Чунки масалани жойида ҳал қилмоқ лозим. Ўша муаммо чиққан туб жойли аҳоли яшайдиган манзилда кўрсатма бермай, конкрет тадбирлар белгилаб, уларни амалга ошириш керак. Масалан, қирғиз-тожик рамийлари биринчи марта йиғилаётгани йўқ. Лекин шу пайтгача бўлиб ўтган мулоқотлар натижаларининг қайси бири амалга оширилди - ҳеч қайсиниси, дейди Неъмат Мирсаидов.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, Тожикистоннинг Исфара, Бобожон Ғафуров ва Жаббор Расулов туманларига қарашли 70 минг гектар ер Қирғизистон томонига ўтиб кетган. Қирғизистон томони эса уларнинг ерлари тожикистонликлар томонидан эгаллаб олаяпти, дея даъво қилмоқда. Мана шундай тушунмовчиликларга чек куйиш учун республикалар раҳбарлари чегарани демаркация қилиш масаласини пайсалга солмай, музокараларни тезлаштириш керак.Акс ҳолда, бундай можароларнинг чеки бўлмайди.
XS
SM
MD
LG