Линклар

Тошкент ва Бишкек газ нархини муҳокама қилмоқда


Дониëр Усенов етакчилигидаги Бишкек ҳукумати Тошкент билан бораëтган музокараларда газ нархини имкон қадар туширишга ҳаракат қилмоқда.

Дониëр Усенов етакчилигидаги Бишкек ҳукумати Тошкент билан бораëтган музокараларда газ нархини имкон қадар туширишга ҳаракат қилмоқда.

Фаолияти беш йил давомида тўхтатиб қўйилган Ўзбекистон – Қирғизистон ҳамкорлиги бўйича давлатлараро комиссияси қайта тикланди. 28 декбар куни Тошкентда бу комиссиянинг 7 - қўшма йиғилиши иш бошлади ва шу куни президент Каримов Бишкек ҳукумати раҳбари билан учрашди.

Комиссия йиғилишига Ўзбекистон томонидан Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов, Қирғизистон тарафидан эса Бош вазир Дониëр Усенов раҳбарлик қилмоқда.

Ўзбекистон миллий телеканали берган маълумотга кўра, Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усеновни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов қабул қилган. Бироқ бу қабулда қандай масалалар борасида сўз боргани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Айни пайтда Бишкекдаги Акипресс ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, қирғиз делегацияси Ўзбекистон расмийлари билан газ ва энергетика масаласини муҳокама қилмоқдалар.

Қирғизистон парламенти қошидаги Иқтисодий ривожланиш қўмитаси раиси ўринбосари Юрий Даниловнинг айтишича, Ўзбекистондан газ нархини камайтиришни талаб қилишга етарли асослар бор.

- Мен аниқ биламанки, бизникилар газ нархини тушриш ниятидалар. Бунга дастлабки асослар етарли эди, деди депутат.

Бироқ Юрий Данилов бу асослар нимадан иборат эканлигини очиқламади. Унинг айтишича¸ «бу масаланинг ҳозир шарҳланиши Тошкентда музокаралар олиб бораётган қирғиз делегациясининг зиёнига ишлаши мумкин».

Шунинг учун ҳам депутат «Ўзбекистон томони билан музокаралар олиб бориш қийинлиги, ҳар қандай изоҳлар музокараларнинг натижасиз якунланишига сабаб бўлиши мумкинлиги»ни айтиб, шарҳдан тийилишини билдирди.

Қирғизистонлик бир қатор мутахассислар эса¸ бу асосларнинг «Ўзбекистон газ нархини жаҳон баҳосида белгиланганини айтар экан, бунга етарли далиллар келтира олмаётгани ва газ нархининг асосланмагани»дан иборатлигини иддао қиладилар.

2009 йилги газ музокаралари чоғида қирғизистонлик мутахассислар ўзбек газини жаҳон баҳоси асосида сотиб олиш ҳисоб-китобини қилган ва бу ҳисоб-китоб Ўзбекистон белгилаган нархдан анча паст эканини билдирган эдилар.

Бироқ музокаралар чоғида Ўзбекистон қирғиз тарафининг иддаоларини рад этган¸ ҳамда газ нархини 240 доллар қилиб белгилаган эди.

Бу галги музокаралар чоғида ҳам Ўзбекистон Бишкек илтимосини эътиборсиз қолдириши мумкин.

Айни пайтда Тошкентда ўтаётган музокараларнинг дастлабки натижалари ҳақида тўлиқ маълумот йўқ. «Ўзбекнефтегаз» ширкати матбуот котиби Елена Кимнинг айтишича, музокаралар қачон якунланиши ҳам ноаниқ.

- Тарафлар ҳар йилгидек иш тартибида масалани муҳокама қилмоқдалар. Ҳозирча газ нархи бўйича бирон битимга келингани йўқ. Музокараларнинг қачон якунланишини ҳам билмаймиз. Лекин музокаралар якунлангач, унинг натижалари ҳақидаги маълумотни матбуотда эълон қиламиз, деди «Ўзбекнетегаз» ширкати матбуот котиби Елена Ким.

Айни пайтда Ўзбекистон тарафидан газ нархининг оширилиши, унинг қашшоқ қўшнилари бўлмиш Тожикистон ва Қирғизистонда «зангори олов»га бўлган эҳтиёжни камайтирмоқда.

Масалан, авваллари Тожикистон Ўзбекистондан 1 миллиард кубометрга яқин, Қирғизистон эса 900 миллион кубометр газ сотиб олар эди. 2009 йилда газ нархининг 240 доллар қилиб белигиланиши билан Тожикистон Ўзбекистондан 400 миллион кубометр, Қирғизистон эса 650 миллон кубометр газ сотиб олиш шартномасини имзолаган. Аммо амалда Қирғизистон бор-йўғи 230 миллион кубометр газ сотиб олган, холос.

Тошкенда ўтаётган Ўзбекистон-Қирғизистон ҳамкорлиги бўйича давлатлараро комиссиясининг 7-қўшма йиғилиши кун тартибидаги иккинчи масала энергетикадир.

Бишкекдаги Акипресс ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Рустам Азимов¸ бу масала муҳокамасида Қирғизистонда қурилаётган ГЭСларга тўхталиб, бу иншоотларни халқаро экспертизадан ўтказилиши ва бу қурилишлар қўшни давлатлар манфаатларига зид бўлмаслиги шартини яна бир бор таъкидлаган.

Айни пайтда Қирғизистон Бош вазири Дониëр Усенов «Ўзбекистон билан муносабатларни чуқурлаштириш ўз ҳукуматининг асосий йўналиши экани»ни айтган.
XS
SM
MD
LG