Линклар

logo-print

МСК раиси мухолифат хулосасини тасдиқлади

  • Сарвар Усмон

Марказий Сайлов комиссияси раиси 27 декабр кечқурун сайловларни расман ўтди деб эълон қилди.

Марказий Сайлов комиссияси раиси 27 декабр кечқурун сайловларни расман ўтди деб эълон қилди.

27 декабр куни ўтказилган сайловни мухолифат, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, қатор халқаро ташкилотлар "мунофиқона хатти-ҳаракат, иккиюзламачилик", деб атадилар. Сайлов тугар-тугамас¸ Марказий сайлов комиссияси раисининг гапи уларники билан битта жойдан чиқди-қолди.

20 йилдан бери ўзбекистонликлар президент Каримовнинг "ўзига хос, ўзига мос" тилига кўникиб қолди.

Масалан, Ислом Каримов "аҳмияти" деса ўзбеклар "аҳамияти", демоқчи, деб тушунаверади.

Жаноб Каримовга келишик қўшимчаларнинг ҳам "аҳмияти" йўқ:

"Ким учун ва нима учун овоз бераётганига чуқур англаб..."

Ўзбекистон президентининг айтадиган гапи, одатда шу қадар кўп, фикрлари шу қадар кўп йўналишли бўладики, жумласи қачон бошланиб қачон тугашини билмай қоласиз.

Мамлакат раҳбарининг нутқига қараганда, Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзоулуғбек Абдусаломовнинг нутқи анча равон кўринади.

Сўзларни тўлиқ, орфоэпия қоидаларига риоя қилган ҳолда талаффуз қилади у.

Мана сайлов кунги брифингда ирод этган нутқидан парча:

"Дастлабки маълумотларга кўра, сайловда қарийб 15 миллион 108 минг 950 сайловчи иштирок этди. Бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг саксан еттию ўнда саккиз фоизини ташкил этади".

"CаксОн"ни "саксАн", деб талаффуз қилганини кечирсак, раис жаноблари бундай тоза талаффузи билан Театр институтида саҳна нутқидан дарс бергудай.

Жаноб Абдусаломовнинг ўрта мактабни она тилида битиргани кўриниб, аниқроғи эшитилиб турибди.

Шунинг учун ҳам у кишининг брифинг давомида айтган мана бу гапи, гапидаги бир сўз эътиборимизни ўзига торди:

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига сайлов барча демократик қоида ва принципларга тўлиқ риё қилган ҳолда ўтказилди", деди Мирзоулуғбек Абдусаломов.

Бу баёнотни нотўғри тушунмадикми, деб ҳар эҳтимолга қарши китоб кўрдик.

Изоҳли луғатда "риё" сўзи "Мунофиқона ҳатти-ҳаракат, иккиюзламачилик", деб тушунтирилган.

"Мунофиқона ҳатти-ҳаракат, иккиюзламачилик" қилган киши эса, Изоҳли луғатга кўра, "риёкор"дир.

Агар 27 декабр куни ўтказилган сайловни мухолифат, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, қатор халқаро ташкилотлар айнан "мунофиқона хатти-ҳаракат, иккиюзламачилик" деб атаётгани инобатга олинса¸ Марказий сайлов комиссияси раисининг гапи уларники билан битта жойдан чиқди-қолди!

Балки адашгандир раис? "Риоя" демоқчи бўлгандир?

Бўлиши мумкин.

Бироқ ўзбек "риоя"ни ҳеч қачон "риё"га бехос алмаштириб юбормайди. "И"ни тушириб қолдириб, "роя" дейиши мумкин, лекин "риоя"ни "риё" демайди.

Бас, шундай экан, раиснинг адашиб кетганини, балки, унинг сиëсий ориентациясидан эмас, Фрейд оқсоқолнинг таълимотидан излаш керакмикан?

Умуман, президент Каримовнинг нутқларини тушуниш учун ҳам Фрейдни ўрганиб қўйиш керак.

У киши 27 декабр куни овоз бериш участкасида бир неча йилдан бери такрорлаб келаётган гапини яна бир марта айтди:

"Ҳеч кимдан кам бўлмаган давлат бўламиз, жамият бўламиз, деган шиорни амалга оширишда мана шундай бугун имкониятларимиз катта бўлаяпти".

Шахсан мен ҳали бирон марта ўзбекни, Ўзбекистонни биров камситганини эшитган эмасман.

Қаердан пайдо бўлган бу ноқислик комплекси?

Фрейдни ўқинг, Фрейдни!

Уни ўқимасангиз президент Каримовнинг нутқидаги мантиқни тушунишингиз қийин.

27 декабр куни у киши мана бундай хабар қилди:

"Кўплаб билимдон сиёсатшунослар ва дунё миқёсидаги катта мутахассислар Ўзбекистоннинг парламент тизимини яратиш тажрибасини ўрганмоқдалар".

Демак, Ўзбекистон ҳеч кимдан кам эмаслигини исботлаб бўлибдида?! Унда бояги гапнинг нима кераги борийди?!

Фрейдни ўқинг, Фрейдни!

Лекин Фрейд билан машғул бўлиб, президент таълимотига беъэтибор қолманг.

Масалан, у киши инсоният асрлар давомида жавобини излаб тополмаётган "парламент нима", деган масала жавобини 27 декабр куни лўнда тушунтириб берди.

- В парламенте сидят различные общественные силы, представители, партийных партий, они представляют свои идеи, как узбеки говорят по-узбекски, это "ғоя", второе, они представляют "дастур", то есть программу представляют. Вот в этом они отличаются друг от друга, деб тушунтирди Ўзбекистон президенти.

Ҳа, ўзбек ҳеч кимдан кам эмас!

У бутун дунёга парламент нима эканлигини тушунтириб қўя билади. Яқин орада бутун дунё "ғоя" нималигини, "дастур" нелигини тушуниб етади.

Бу сўзлар барча парламентларда атама ўлароқ ўзбекча янграй бошлайди.

Фақат улар Ўзбекистон президенти таълимотига риё қилишмаса, риоя қилишса бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG