Линклар

Экологик ҳаракат парламентда иш бошлайди

  • Барно Анвар

Ислом Каримов¸ бу ҳаракатга сиëсий куч бериш лозимлигини таъкидлаëтган бир пайтда¸ ҳаракат расмийси унинг сиëсий кучга айланиш даъвоси йўқлигини билдирмоқда.

Ислом Каримов¸ бу ҳаракатга сиëсий куч бериш лозимлигини таъкидлаëтган бир пайтда¸ ҳаракат расмийси унинг сиëсий кучга айланиш даъвоси йўқлигини билдирмоқда.

Ўзбекистон парламентига сайланган депутатлар сафида янги ташкил этилган Ўзбекистон экологик ҳаракатининг 15 депутати ҳам бор. Каримов ташаббуси билан тузилган бу ҳаракатнинг парламентдаги фаолиятини эса¸ яна Каримовнинг ўзи белгилаб берди.

27 декабр куни ўтказилган конференция чоғида ҳаракатнинг ҳар бир вилоятдан 25 нафардан келган жами 350 делегати қонунчилик палатасига ўз номзодларини сайлади.

Ўзбекистон экологик ҳаракати матбуот хизмати берган маълумотга кўра, бу номзодлар рўйхати Ўзбекистон республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланганидан сўнггина кенг жамоатчиликка эълон қилинади.

Бу ҳаракат 2008 йил август ойида ташкил қилинган ва ҳаракат расмийлари берган маълумотга кўра, шу кунга қадар ҳаракат сафига камида 75 минг киши жалб этилган.

Ўзбекистон Олий Мажлиси қонунчилик палатасидан 15 ўрин ажратилган бу янги ҳаракат ҳақида сайлов кунидаги чиқишида алоҳида тўхталган президент Каримов¸ келгусида унинг Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақасидаги муаммоларни халқаро майдонга олиб чиқадиган сиёсий кучга айланишига ишонч билдирди.

- Бу ҳаракатга сиëсий куч бериш керак. Халқнинг номидан гапиришга¸ давлатимиз номидан гапиришга катта имконият беришимиз керак. Мен Ўзбекистон ҳақида гапираëтганим йўқ. Мен Ўрта Осиë ҳақида гапираяпман. “Эй халқаро жамоатчилик¸ БМТ¸ эшитинглар¸ қачонгача қуруқ ваъда билан юрамиз? Бизнинг ҳам эртанги кундан умидимиз катта. Билиб қўйинглар¸ кучимизни кўрсатамиз” деб халқимизнинг намоëндалари сифатида сиëсий майдонга чиқади¸ дейди Ислом Каримов.

Президент Каримов томонидан шундай ишонч билдирилган бу ҳаракатни Ўзбекистон ҳамда хориждаги аксар кузатувчилар, аввалбошданоқ, келгусида Яшиллар партиясига айланади, дея тахмин қилиб келмоқдалар.

Ривожланган демократик жамиятлардан намуна тарзида Ўзбекистонда ҳам Яшиллар партияси шаклланади, ҳаттоки, келгусида бу партия тепасига президент Каримовга ворис бўладиган шахс раҳбар бўлади, мазмунидаги тахминлар илгари сурилган эди.

Айрим таҳлилчилар бу вориснинг номини ҳам тилга олган ва бу — президентнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовадир.

Аммо, Ўзбекистон экологик ҳаракати етакчилари ҳозирча бу ҳаракат келгусида ҳокимиятга интилувчи сиёсий кучга айланиш иддаосида эмаслиги, Яшиллар партиясига айланиш режаси йўқлгини айтмоқда.

Буни таъкидлаган ҳаракат расмийси – Ўзбекистон экологик ҳаракатининг Хориж билан ҳамкорликни ривожлантириш гуруҳи раҳбари Мурод Раҳмонов Озодлик билан суҳбат давомида ҳаракатнинг бугунги кўриниши, аъзолари сони ва келгуси мақсадларига батафсил тўхталди.

Озодлик: Экологик ҳаракат Ўзбекистонда янги пайдо бўлди. Бу ҳаракатнинг аъзолари кимлар?

Мурод Раҳмонов: Авваламбор шуни таъкидлашим керакки¸ Ўзбекистон экологик ҳаракатида аъзолик мавжуд эмас. Бизларда фаоллик бор. Аъзо бўлиш учун ҳеч қанақа ариза бериб тўлов бадали бериб кириш керак эмас. Истаган одам бизнинг Ўзбекистон экологик ҳаракатининг фаоли қатнашувчиси бўлиши мумкин.

Озодлик: Қўлида экологик ҳаракатнинг қатнашчиси эканлигини билдирадиган қанақадир ҳужжат бўладими?

Мурод Раҳмонов: Йўқ¸ ҳеч қанақа ҳужжат керак эмас. Энг асосийси¸ агар истаса¸ биз уни рўйхатдан ўтказиб қўйишимиз мумкин¸ ўзимизга ëзиб олиб қўйишимиз мумкин. Ўзбекистон экологик ҳаракатининг фаоли эканлиги бизларнинг тадбирларда қатнашиши билан¸ бизнинг уставларимизда белгиланган вазифаларга¸ мақсадларга қўшилиши билан¸ уларни амалга оширишда фаол қатнашиши билан белгиланади. Мана кеча мен конференцияда делегат сифатида қатнашдим. Ҳар битта вилоятда 25 нафардан¸ 350 нафар делегат келган бўлса¸ уларнинг орасида ҳар бир соҳа вакили бор эди.

Озодлик: Экологик ҳаракатга қўшилган ëки жалб қилинган кишилар сони қанча? Бу ҳақда айта оламизми?

Мурод Раҳмонов: Биласизми¸ бир йилдан ортиқ давр мобайнида 500 дан ортиқ тадбирлар уюштирдик ва мана шу тадбирларда 75 мингдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этди. Нафақат бу тадбирда иштирок этганларни умуман кўнглида экоҳаракат билан бирга бўлганларни¸ умуман экоҳаракат билан бирга эмас Ўзбекистонда атроф-муҳит ҳимоясига ўз ҳиссасини қўшмоқчи бўлган¸ инсонларнинг саломатлиги тўғрисида қайғурадиган ҳар бир инсон бизларнинг фаолимиз бўлиши мумкин. Ишонч билан айтишим мумкин¸ Ўзбекистон фуқароларининг деярли ҳаммаси экологик ҳаракатнинг фаоллари десам¸ хато бўлмаса керак.

Озодлик: Одам қандайдир ҳаракат фаоли бўлар экан у одамда қанақадир ҳуқуқ ëки мажбурият пайдо бўлиши мумкинда. Масалан, мен экологик ҳаракатнинг фаоли сифатида бир жойга бориб тадбирларда қатнашмоқчи бўлсам ëки ариқни кўмиб ташлаëтган расмийлар билан гаплашмоқчи бўлсам¸ у ҳолда қанақа ваколатларим бўлади?

Мурод Раҳмонов: Биз инсонга ваколат бера оладиган давлат ташкилоти эмасмиз. Шунга қарамасдан¸ сиз бирор жойда нимадир бўлганини кўрсангиз¸ айтиб ўтганимдай бизнинг ишионч телефонларимиз ишлаб турибди¸ битта қўнғироқ қилиниб¸ шу ҳолат ҳақида хабар берилса¸ бизлар бу ҳолат бўйича¸ албатта¸ чора кўрамиз. Ўзбекистон экологик ҳаракатининг номи тилга олинганда¸ менимча¸ анча-мунча таъсир кўрсатса ҳам керак. Қандай ҳуқуқларга ëки мажбуриятларга эга бўлиши мумкин бизнинг аъзоларимиз? Мана бизнинг уставимизда белгиланган. Бизнинг экологик ҳаракатнинг қатнашчилари бизларнинг тадбирларимизда қатнашиш ҳуқуқига эга. Ҳаттоки¸ бизларнинг тадбирларимизда қатнашиш мажбуриятлари ҳам бор.

Озодлик: Кеча Каримов экологик ҳаракат ҳақида алоҳида тўхталиб гапирди. “Орол муаммоси¸ сув масаласи бутун Марказий Осиëга дахлдор. Биз ташкил қилган экологик ҳаракат мана шу муаммоларни жаҳон ҳамжамиятининг олдида кўтаради. БМТ билан гаплашади¸ керакли халқаро ташкилотлар билан музокара юритади” деди. Бу қайси шаклда бўлади ва қай кўринишда амалга ошади?

Мурод Раҳмонов: Дастуримизда бизнинг асосий мақсад ва вазифаларимиз белгилаб қўйилган. Атроф-муҳит ҳимояси бор¸ инсон саломатлиги борасида қабул қилинган ҳужжатларни такомиллаштириш¸ бу борада янги қонунлар қабул қилиш. Иккинчидан¸ бу борада қабул қилинган қонунларга мансабдор шахсларнинг¸ бунинг учун жавобгар шахсларнинг амал қилишига эришиш. Марказда ҳам¸ жойларда ҳам. Яна бир вазифамиз бу халқаро ҳамкорликни ривожлантириш. Экоҳаракатга ўхшаган ташкилотлар¸ экологик йўналишдаги сиëсий партиялар билан ҳам¸ оммавий ҳаракатларга яқин фаолият юритувчи ҳаракатлар билан алоқаларни ўрнатиб¸ мана шунақа фаолият билан шуғулланиш мақсад қилиб қўйилган.

Озодлик: Исталган одам бизнинг ҳаракатнинг фаоли бўлиши мумкин¸ деяпсиз. Демак¸ бу жуда катта ҳаракатга айланади. Чунки экология ҳаммага дахлдор бўлган муаммо. Депутатлар сони 15 нафарлигича қоладими ëки кейинчалик кенгайиб¸ фракцияга айланармикан?

Мурод Раҳмонов: Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилган вақтидан бошлаб ўз олдига сиëсий ҳокимиятга эришишни мақсад қилиб қўймаган. Биз бугунги кунда сиëсий ташкилот эмас¸ оммавий-ижтимоий ҳаракатмиз. Ўзбекистон экологик ҳаракати 15 нафар депутатидан фойдаланиб¸ кўпгина муаммоларнинг ечимини топишга қодир бўлади.

Озодлик: Яшиллар партиясига айланмайдими¸ демоқчиманда. Ўзбекистонда ҳам шуанқа партия шаклланиш эҳтимоли борми¸ демоқчиман.

Мурод Раҳмонов: Балки бошқа ташаббускорлар бу нарсага интилиши мумкин. Ўзбекистон экологик ҳаракати фаоллари доирасида Ўзбекистон экологик ҳаракати дастурий ҳужжатлари билан ўз олдига қўйган мақсадларида бунақа фикр йўқ. Балки¸ энди вақт кўрсатади. Бу борада ҳеч қанақа режалар тузиб қўйилган эмас.

Озодлик: Шунақа режа бўлиш эҳтимоли бор-а?

Мурод Раҳмонов: Менимча¸ эҳтимоли ҳам йўқ. Эҳтимоли йўқ. Ўзбекистон экологик ҳаракати ташкил этилганидан бошлаб фақат атроф-муҳит¸ инсон саломатлигини ҳимоя қилиш масалаларига йўналтиришни мақсад қилиб қўйган. Агарда бу сиëсий кучга айланса¸ атроф-муҳит масалалари иккинчи ўринга тушиб қолиш эҳтимоли бор. Шунинг учун ҳам бизнинг энг асосий мақсадимиз мана шу.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG