Линклар

logo-print

Қирғизистон ва Ўзбекистон 2010 йилда табиий газ етказиб бериш борасида шартнома имзолади. Хабарларга кўра, Қирғизистон янги йилда ўзбек газини бошқа республикаларга қараганда арзонроқ нархда олади.

Қирғизистонга келаётган йилда газ етказиб бериш бўйича келишувга Қирғизистон бош вазири Данияр Усеновнинг Тошкентга хизмат сафари чоғида эришилган.

28 декабр куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг ҳам қабулида бўлган Қирғизистон бош вазири Данияр Усенов 2010 йилда Қирғизистонга ўзбек гази етказиб бериш бўйича принципиал келишувга эришилганини, ўзбекистонликлар Қирғизистонга “зангори олов”ни бошқа республикаларга қараганда арзонроқ нархда беришга рози бўлганларини билдирди.

Норасмий манбаларга кўра, 2010 йилда Ўзбекистон Қирғизистонга узатилажак газнинг ҳар минг куб метри учун 220 АҚШ долларидан нарх белгилаши мумкин.

Аввалроқ, аниқроғи, 21 - 23 декабр кунлари Тошкентда 2010 йил учун табиий газ экспорти бўйича борилган ўзбек-тожик музокаралари натижасиз якунланганди. Маълумотларга кўра, томонлар газ нархи борасида келиша олмаган. 2009 йилда ўзбек газининг ҳар минг куб метри учун 240 АҚШ долларидан тўлаган Тожикистон янги йилда Ўзбекистондан газ нархини пасайтиришни сўраган, бироқ бунга рад жавобини олган.

Эслатиб ўтамиз, Қирғизистон ҳам 2009 йил январидан ўзбек газининг ҳар минг куб метри учун 240 АҚШ долларидан пул тўлаб келади. Уч йил аввал бу нарх 45 долларни ташкил қиларди. Кейинги йилларда эса Ўзбекистон Қирғизистонга сотилажак газ учун аввал 100 доллар, кейин 145 доллар нарх белгилаган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG