Линклар

Эронда Ширин Ибодийнинг синглиси ҳибсга олинди


Эронда Нобел тинчлик мукофоти совриндори Ширин Ибодийнинг синглиси Нушин Ибодий қўлга олинди.

Эрон мухолифатига тегишли сайтларнинг хабар қилишича, Нушин Ибодий душанба куни ўз хонадонида хавфсизлик кучлари томонидан ҳибсга олинган.

Ширин Ибоийнинг CNN телеканалига билдиришича, унинг синглиси инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритмаган ва июн ойидаги президент сайловидан сўнг Теҳронда ўтказилган аксил-ҳукумат намойишларида ҳам иштирок этмаган.

Хабарларга кўра, таниқли журналист Машаллоҳ Шамсолваезин ва аёллар ҳуқуқ ҳимоячиси Мансура Шожаий ҳам Эрон расмийлари томонидан ҳибсга олинган.

Якшанба куни Эрон пойтахти Теҳронда мухолифат тарафдорлари ва хавфсизлик кучлари ўртасида тўқнашувлар рўй берди. Намойишлар чоғида ўқ узилди ва оқибатда камида саккиз киши нобуд бўлди.

Айни пайтда АҚШ президенти Барак Обама Эрон ҳукуматининг норозилик намойишларини куч билан бостирганини кескин қоралаб, рўй берган хунрезлик ва мухолифат фаоларининг ҳибсга олинишини “ёвузлик”, дея атади.
XS
SM
MD
LG