Линклар

logo-print

2010 йил башоратлари: Халқаро муносабатлар


Newsweek башоратига кўра¸ 2010 йили оддий афғонлар америкаликлар ниятининг яхшилигига ишониши ва улар тарафига оғиши мумкин.

Newsweek башоратига кўра¸ 2010 йили оддий афғонлар америкаликлар ниятининг яхшилигига ишониши ва улар тарафига оғиши мумкин.

Нуфузли Newsweek журнали 2010 йилда халқаро муносабатларни белгилаши кутилаëтган 10 муҳим воқеага оид ўз башоратини эълон қилди. Улар орасида Хитойнинг иқтисодий таназзулидан Фидел Кастро ўлимига қадар башоратлар бор.

Newsweek журналининг 2010 йилги муҳим халқаро воқеаларга оид башоратларининг биринчиси Афғонистонга оид.

“АҚШ президенти Барак Обаманинг Афғонистонга 30 мингдан зиëд қўшимча аскар жўнатишга оид қарори¸ бу қарор халқаро ва Америка жамоатчилиги томонидан қўллаб-қувватланмаган бўлса-да¸ самара беради. 2010 йили Афғонистондаги тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сони камая бошлайди ва америкалик ҳарбийларнинг асосий эътиборни афғонистонликлар ҳимоясига қаратиши¸ кейингилари қаҳрини юмшатади ва уларни америкаликлар томонга оғдиради”¸ дея башорат қилади Newsweek.

Журнал башоратларининг иккинчиси¸ АҚШ нинг халқаро майдондаги асосий рақиби саналмиш Хитой учун анча нохушдир. “Осонгина топилган пуллар Хитой қимматбаҳо қоғозлар ва кўчмас мулк бозорини ҳаддан ташқари қизитиб юборди. Ҳатто Пекин расмийлари ҳам тилга олаëтган вазиятнинг хавфли томони шундаки¸ Хитойда банк инқирози¸ савдо уруши ва иқтисодий ўсиш суръатининг пасайиши билан бир пайтда бу совун кўпигининг ëрилиши оқибатида бутун дунëга дефляциянинг беқарорлаштирувчи тўлқини ëпирилади”¸ дейилади Newsweekнинг иккинчи башоратида.

“Покистонда яна бир ҳарбий тўнтариш юз беради”. Журнал таҳлилчиларининг учинчи башорати ана шундай совуқ.”Президент Осиф Али Зардорийни нафақат оддий покистонликлар¸ балки унинг ўзи қўйган вазир ва генераллари ҳам қўлламайди. Покистондаги қудратли генераллар Вашингтон иродасига борган сари камроқ бўйин эгмоқдалар ва оқибатда АҚШ Афғонистондаги урушда ўзига яқин ҳамкор деб эълон қилган яна бир режим умри қисқа бўлиши мумкин.”

Жаҳон бозорида нефтга бўлган носоғлом талабдан фойда кўрган Венесуэла президенти Уго Чавес режими умрига ҳам 2010 йили давлат тўнтариши нуқта қўйиши мумкин. Ўз тўртинчи башоратини Newsweek муҳаррирлари¸ мамлакатда юзага чиқадиган гиперинфляция¸ иқтисодий таназзул ва жиноятчилик кўламининг ниҳоятда кенгайиб кетиши билан асослайди. “Янги соғилган сут¸ мол гўшти ва вентиляторлар Венесуэлада ҳой-ҳашамга айланади¸ ҳар кун ювиниш эса Чавез томонидан буржуйча хурмача қилиққа чиқарилади ва оқибатда оддий халқ Чавездан юз ўгиради¸ ҳокимиятни ҳарбийлар қўлга олади”¸ дейилади Newsweek башоратида.

Европадаги миллий ва диний озчилик 2010 йили ҳукуматларнинг Швейцарияда минорали масжидлар қуриш каби ирқчиликка асосланган сиëсатига қарши оëққа туради; бундай эҳтимол¸ айниқса мусулмонлар орасидаги норозиликдан фойдаланиш истагида бўлган сиëсатчилар сероб Францияда кучлироқдир¸ дейилади Newsweekнинг бешинчи башоратида.

АҚШ нашрининг олтинчи башоратига кўра¸ Теҳрон режими¸ хусусан президент Маҳмуд Аҳмадийнажод на мулоқот ва на муросага майл кўрсатмаслиги боис¸ 2010 йили Эронга қарши халқаро санкциялар жорий қилинади. Оқибатда¸ эронликлар ўзлари учун лозим асосий истеъмол молларини қора бозордан сотиб олишга мажбур бўлади¸ бунинг натижасида эса¸ контрабандадан келадиган даромадни назорат қилаëтган Ислом инқилоби қўриқчилари қудрати янада ошади¸ деб ëзади Newsweek.

Журналнинг еттинчи башоратини Бразилия президенти ва оддий бразилияликлар учун хушхабар дейиш мумкин. “2010 йили Бразилия жаҳоннинг янги Хитойига айланади”¸ дер экан Newsweek таҳририяти Бразилия иқтисодига катта сармоя ëтқизишга ишқибозлар сафининг ошаëтгани¸ Рио де Жанейронинг 2016 йилги халқаро оилимпиада ўйинларига мезбон этиб танлангани каби омиллар биргаликда Бразилияни Хитой¸ Россия ва Ҳиндистон каби иқтисоди кучайиб бораëтган тўртлик орасида етакчиликка олиб чиқишини айтадилар. Путиннинг авторитар сиëсати сармоядорларни қўрқитиб юборди ва Россия иқтисоди аллақачон издан чиқиб кетди; Ҳиндистоннинг беқарор қўшнилари унинг оëғига болта уради; Хитойни эса¸ иқтисодий таназзул чўктиради – бунинг оқибатида эса 2010 йили Бразилия дунë иқтисодининг етакчи ўйинчисига айланади¸ дейилади Newsweek башоратида.

Британияда консерваторлар партияси¸ ниҳоятда қимматга тушадиган ғалабага эришади – 2010 йилги сайловларда парламентда мутлақ кўпчилик мақомини қўлга кирита олмайдиган консерваторлар¸ либерал-демократлар билан мажбурий иттифоқ тузадилар. Бу эса¸ улар қўлини жиддий ислоҳотлар қила олмаслик даражасида боғлаб қўяди. Оқибатда¸ фунт стерлинг қулайди¸ мамлакат иқтисоди янада пастга шўнғийди¸ дейилади навбатдаги башоратда.

“2010 йили Европани янги молиявий бўҳрон қамраб олади”. Newsweekнинг тўққизинчи башоратига кўра¸ ҳукуматлар бўйнидаги қарзнинг кўпайиши дефолтга элтиши¸ оқибатда евроҳудуд мамлакатлари пул массасини кўпайтириш ва миллий валюта девалъвацияси каби чораларга қўл уриши мумкин.

Ва ниҳоят¸ ўнинчи башоратга кўра¸ Кубанинг ўсал ëтган президенти Фидел Kастро 2010 йили ўлади ва бу АҚШ ҳамда Куба муносабатлари яхшиланишига замин яратади. Ҳокимиятни тўлиқ қўлга олгач Раул Кастро¸ иқтисодий манфаат йўлида аксил-америка хитобларини юмшатади ва йил охирига қадар Обама маъмурияти 2013 йилга бориб Куба билан муносабатларни нормаллаштириш дастурини эълон қилади.

Шундай қилиб¸ АҚШ да чоп этилувчи нуфузли Newsweek журналининг 2009 йил сўнгги сонида эълон қилинган 2010 йил башоратларидан келаси йилнинг халқаро муносабатлар учун анча қизғин кечишини тасаввур қилиш мумкин.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG