Линклар

Обама фитна ташкилотчиларини жазоламоқчи


Президент Барак Обама АҚШга тегишли учқичда амалга ошмай қолган террорчилик фитнаси учун масъул бўлган шахсларнинг барчасини аниқлашга ваъда берди.

25 декабр куни рўй берган воқеадан сўнг илк бор жамоатчилик олдида чиқиш қилган Оқ уй раҳбари¸ мамлакат аэропортларида хавфсизлик чораларини кучайтириш ва учқичларга қўйилмайдиган кишилар рўйхатини қайта кўриб чиқиш тўғрисида топшириқ берганини маълум қилди.

- Бу олдимизда турган хавф-хатарлар ва юртимизга таҳдид солаётганларнинг табиатидан жиддий эслатмадир. Гумондор шахснинг учқични портлатиш режаси амалга ошганда эди салкам 300 киши, йўловчи ва экипаж аъзолари нобуд бўлган бўлар эди, деди АҚШ президенти.

Айни пайтда 23 ёшли Нигерия фуқароси Умар Форуқ Абдулмуталлибга портловчи мосламани учқичга олиб чиқиш ҳамда Амстердамдан Детройтга парвоз қилаётган самолётни портлатишга уринганлик айби қўйилмоқда.

Душанба куни эса Ал-Қоида тармоғи интернетда эълон қилган баёнот орқали ўтган пайшанба куни АҚШ учқичида амалга ошмай қолган террорчилик фитнаси учун масъулиятни ўз зиммасига олди.
XS
SM
MD
LG