Линклар

logo-print

АҚШ “ўзбекча сайлов”га ўзбекча баҳо берди


Ўзбекистон сайловлари арафасида Тошкент таклифи билан Ўзбекистонга келган америкалик сиëсатшунослар ҳам мамлакатдаги демократик ўзгаришларни олқишловчи баëнотлар берган эди.

Ўзбекистон сайловлари арафасида Тошкент таклифи билан Ўзбекистонга келган америкалик сиëсатшунослар ҳам мамлакатдаги демократик ўзгаришларни олқишловчи баëнотлар берган эди.

МДҲ кузатувчилари 27 декабр кунги парламент сайловларининг демократик руҳда ўтгани ҳақда баëнот берганининг эртасига¸ Тошкентдаги АҚШ элчихонаси ҳам бу тадбирга мулозамат билан муносабат билдирди.

"Биз Ўзбекистон билан демократик ислоҳотларни жадаллаштириш борасида яқиндан ишлаш қарорига содиқмиз ва айни шу жиҳат муносабатларимизнинг муҳим қисмидир"¸ деб бошланади Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасининг 28 декабр куни матбуотга очиқлаган баëноти.

Президент Обама Афғонистонда барқарорлик ўрнатишни ўз ташқи сиëсатининг устивор вазифаси қилиб белгилаганидан сўнг¸ Тошкент билан муносабатлари илиб бораëтган Вашингтон расмийлари Ўзбекистондаги сайловларга тўғридан-тўғри баҳо беришдан аввал¸ ўз баëнотига эҳтиëткорона муқаддима битган.

“Президент Обама айтган каби¸ “Тарих ҳукми қатъийдир: Ўз халқи иродасини ҳурмат қилиб¸ мамлакатни зўравонлик эмас¸ балки ҳамжиҳатлик билан бошқарадиган ҳукуматлар бундай ишни қилмайдиганлардан кўра фаровонроқ¸ барқарорроқ ва муваффақиятлироқдир”¸ дейилади АҚШ элчихонаси матбуот хизмати матбуотга очиқлаган дипломатик баëнот давомида.

"Демократик сайловлар турли қарашдаги сиëсий партияларнинг уларда иштирок этишига имкон бериши лозим. Давлат котиби Клинтон хоним қайд этган каби¸ “одамлар ўз қонунлари ва ўз етакчиларини танлашда¸ ахборот олиш ва тарқатишда¸ сўзлаш¸ танқид қилиш ва баҳс этишда эркин бўлмоқлари шарт.” Афсуски¸ Ўзбекистонда 27 декабр куни ўтказилган тадбир демократик сайловнинг ана шу белгиловчи жиҳатини ўз ичига олгани йўқ – номлари сайлов варақаларига киритилганларнинг барчаси ҳукумат қарашини қўлловчи партия вакилларидир. Матбуот устидан ўрнатилган кескин назорат ва рўйхатдан ўтишнинг оғир талаблари мухолиф номзодлар имконларини чеклаб қўйди"¸ дейилади АҚШ элчихонаси баëнотининг сайловларга бевосита муносабат билдирилган парчасида.

Ўз баëнотида¸ Ўзбекистон парламенти сайловларига ўтгандаги каби тўғридан-тўғри "на эркин ва на демократик" қабилида баҳо беришга ошиққан АҚШ элчихонаси матбуот хизмати¸ Тошкент ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари¸ демократия ва қонун устиворлиги йўлида қўйган қадамларини олқишлаши¸ айни пайтда ҳукуматни бу йўлдаги ўз мажбуриятларига содиқ бўлишга даъват қилган.

Баëнот сўнггида эса¸ АҚШ элчихонаси Ўзбекистон ҳукуматининг мустақил сайлов кузатувчиларининг 27 декабр кунги сайловлардаги фаолиятига ëрдам бериш уринишларини қадрлашини билдирган. Аммо баëнотда¸ айнан қайси мустақил кузатувчилар ҳақда сўз бораëтгани очиқланмаган.

27 декабр кунги сайловларни халқаро майдонда сайловларни кузатиш бўйича энг катта нуфузга эга бўлган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси бевосита кузатгани йўқ. Мамлакатда эркин ва демократик сайлов ўтказиш учун шарт-шароитлар йўқлигини таъкидлаб келаëтган мазкур идора¸ Ўзбекистонга сайлов муҳитини баҳолаш мақсадида кам сонли мутахассислар гуруҳини йўллади¸ холос.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон Олий мажлисининг қуйи палатасига бўлиб ўтган сайловларни МДҲ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом конференцияси ташкилотига аъзо давлат вакилларидан таркиб топган каттагина гуруҳ кузатди ва сайловларнинг эртасигаëқ тадбирнинг эркин ва демократик руҳда ўтгани ҳақда баëнот берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG