Линклар

logo-print

Тошкент ва Бишкек муросага келган

  • Сарвар Усмон

Бишкекнинг Қамбарота ва Тўқтағул электростанциялари билан боғлиқ режалари Тошкент эътирозига сабаб бўлмоқда.

Бишкекнинг Қамбарота ва Тўқтағул электростанциялари билан боғлиқ режалари Тошкент эътирозига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон президенти ва Қирғизистон Бош вазири ўртасида 28 декабр куни Тошкентда бўлиб ўтган учрашувни шарҳлаëтган таҳлилчилар¸ газ ва сув масаласида тортишиб келаëтган қўшниларнинг тил топишганини айтмоқдалар.

- Қамбарота-1 ГЭСини экспертизадан ўтказиш Қирғизистон учун фойдалидир. Биз, бундай экспертизани мазкур объектнинг техник-иқтисодий асослари ва техник лойиҳасини якунлаганимиздан сўнг ўтказишимиз мумкин, деб баёнот берди Қирғизистон республикаси бош вазири Дoниëр Усенов 28 декабрь куни Ўзбекистон президенти ва бошқа расмийлари билан ўтказган сўзлашувларидан сўнг.

АКИpress ахборот агентлигининг жаноб Усеновга таяниб хабар қилишича, Қирғизистон билан Ўзбекистон ўртасидаги иккитомонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг 7-мажлисида бир қатор масалалар муҳокама қилинган.

Биринчидан, Қирғизистон Бош вазирига кўра, Бишкек Ўзбекистондан сотиб оладигани газ нархини Тошкент билан келишиб олган, янги йилда бу нарх 2009-йилдагидан арзонроқ бўлади.

Лекин Бош вазир конкрет рақам айтмади.

Иккинчидан, Дониëр Усеновга кўра, Қирғизистон-Ўзбекистон давлат чегарасини делимитациялаш ва демаркациялаш масалалари бўйича баённома имзоланган.

“Икки давлат президентлари ўртасидаги келишувга мувофиқ 5 йиллик танаффусдан сўнг бугун биринчи бор чегараларни делимитациялаш масаласи кўтарилмоқда”, деган Дониëр Усенов.

Бош вазирга кўра, икки давлат ўртасидаги 1500 километрли чегаранинг 600 километри шу кунда аниқловсиз қолиб турибди.

Учинчидан, Қирғизистон Ўзбекистоннинг Иссиқкўл соҳилидаги тўртта санаторийси билан боғлиқ масалани ҳал қилиши мумкинлигини, Ўзбекистон эса, ўз навбатида Қирғизистондан гўшт импортини қайта тиклаши мумкинлигини билдирган.

Хўш, икки қўшни давлат вакиллари сўзлашувларининг бу якунларини қандай баҳолаш мумкин?

Озодлик бу саволни ўзбекистонлик ва қирғизистонлик икки сиёсатшуносга берди.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг фикрича, Тошкент билан Бишкек муносабатларидаги ҳал қилувчи масала сув-энергетика масалаларидир.

- Энг катта фундаментал муаммо бу Қамбарота ва Тўқтағул электростанциялари билан боғлиқ бўлган муаммолар. Келажакда сув танқислиги қийинчилиги бўлади. Буни сезаяпмиз. Қишлоқ хўжалигида бу Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида катта муаммо бўлиб турибди. Агар шу муаммо ечиладиган бўлса¸ ечимини топса¸ бу Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги 90 фоиз муаммоларнинг ечилишига сабаб бўлади¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Қирғизистонлик таҳлилчи Ўрўзбек Мўлдалиев ҳам сув-энергетика масалалари икки қўшни мамлакат муносабатларини белгилаб берувчи омил эканлигини эътироф этади.

Бироқ унинг фикрича, ГЭСлар қурилиши билан боғлиқ тортишувлар ортида экологик ёки иқтисодий сабаблар эмас, балки сиёсий сабаблар ётибди.

- Чунки баъзи сиёсатчилар Қамбарота-1 қурилиб қолса, Қирғизистон сувни тўсиб олиб, Ўзбекистонга бермай қўяди, деб ўйламоқда. Қирғизистон ҳеч қачон бундай қилмайди. Лекин Ўзбекистон бунга ишонмаяпти. Демак, муаммо замирида ўзаро ишончнинг йўқлиги ётибди. Аслида эса, агар Қамбарота-1 қурилса, Ўзбекистонга яхши бўлади. Сув оқимини тартибга солиш осонлашади. Ёзда Қамбаротада сув йиғилади ва қишда Тўқтағулга оқизилади. Ёзда Ўзбекистонга сув керак бўлганида¸ Тўқтағул сув омборидан олаверади. Буни Ўзбекистон ҳам тушуниб турибди. Лекин Қамбарота-1ни Россия бирга қурамиз деганидан чўчиб турибди, деди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Тошкентлик таҳлилчи Малик Абдураззоқов бишкеклик ҳамкасбининг фикрларига қўшилмайди.

- Қирғизистоннинг катта каскади бор. Катта каскадли электростанцияларда жуда катта сувга талаб пайдо бўлади. Ë гидроэлектростанцияларни ишлатиш керак ëки қишлоқ хўжалигининг сувга бўлган талабини қондириш керак. Ҳам уни¸ ҳам буни бўлмайди¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Ўзбекистон раҳбарияти талаб қилаётган халқаро экспертиза ўтказилсаю мутахассислар Қамбарота-1 ни қуриш мумкин эмас, деган хулоса чиқарса, нима бўлади?

- У ҳолда қурмаслиги керак. Агар экспертлар Қамбарота-1нинг қурилишидан қўшниларга зиён етади деса¸ нима учун уни қуриш керак экан¸ дейди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Малик Абдураззоқовнинг фикрича, экспертиза ўтказилишинию унинг натижаларини кутиб ўтириш ўрнига минтақада электр энергияси олишнинг муқобил йўлларидан фойдаланишни бошлаш керак.

- Биласизми мен бир марта айтган эдим бу тўғрисида. Ўзбекистон-Қирғизистон ҳудудида жуда катта¸ янги¸ замонавий учинчи авлод шамол энергетикаси бўйича лойиҳа қилиш мумкин. Ҳам Ўзбекистонга¸ ҳам Қирғизистонга фойдали бунақа лойиҳалар таклиф қилинган эди. Бизнинг минтақа бир консерватив минтақа. Бизнинг минтақадаги энергетикларнинг дунëқараши жуда орқада қолиб кетган. Биз жуда катта хато қилганмиз. Собиқ иттифоқ биз учун экономистлар билан юристлар тайëрлаган. Энергетик ва бошқа соҳаларга эътибор қаратилмагани учун уларнинг дунëқараши эскирган. Шунинг учун улар ҳукуматга ҳеч қандай янги маслаҳат бермайди. Бунақа таклифлар билан чиқса кулади¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Малик Абдураззоқов айтаётган янгича фикрловчи энергетиклар қачон пайдо бўладию улар ҳукуматларга ўз таклифларини қачон уқтира олади? Бу энди риторик савол холос.

Ҳозирча эса, қирғизистонлик таҳлилчи Ўрўзбек Мўлдалиев айтганидай Бишкек билан Тошкент ўртасида кечагидай мулоқот бўлиб ўтганининг ўзи катта гап.

- Масалаларни сўзлашувлар чоғида бир муросага келиб ҳал қилишни ўргана олмаяпмиз. Сўзлашиб туришнинг ўзи катта гап. Илгари ҳам кўп муаммолар музокаралар билан ечилиб келган, деди Ўрўзбек Мўлдалиев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG