Линклар

logo-print

Силлиқ сайловларга муносабат ҳам силлиқ


ЕХҲТ миссиясининг Ўзбекистон сайловларини бевосита кузатмагани бу мамлакатда демократик сайлов ўтказиш имкони йўқ¸ деган хулосани англатади.

ЕХҲТ миссиясининг Ўзбекистон сайловларини бевосита кузатмагани бу мамлакатда демократик сайлов ўтказиш имкони йўқ¸ деган хулосани англатади.

Ўзбекистоннинг ҳам геосиëсат¸ ҳам энергетика бобидаги аҳамияти ҳам Ғарб¸ ҳам Шарқ учун ошиб бораëтган айни кезда ўтказилган сайловларни Россия ва Хитой мақтаëтган бўлса¸ Ғарб вакиллари ҳам бу тадбирга эҳтиëткор муносабат билдирмоқдалар.

Ўзбекистондаги сайловларни баҳолаш учун ўз вакилларини жўнатган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси матбуот котиби Йенс Эшенбаҳер идора ўз хулосасини кейинроқ эълон қилинишини билдирди.

- Ўзбекистонга биз тўлақонли кузатувчилар гуруҳини юборганимиз йўқ. Биз сайлов ўтказилишидан тахминан икки ой олдин сайлов муҳитини баҳолаш гуруҳини Ўзбекистонга жўнатдик. Вазиятни яқиндан ўрганган бу гуруҳ Ўзбекистондаги сайловолди шароити уни кузатиш учун тўлиқ кузатувчилар гуруҳини жўнатишга асос бермайди¸ деган хулосага келди. Шу боис биз Ўзбекистонга кам сонли экспертлар гуруҳини жўнатдик¸ холос. Улар икки ой ичида ўз хулосасини эълон қилади. Ҳозирча биз Ўзбекистонда ўтказилган сайлов жараёнини шарҳлай олмаймиз, деди ЕХҲТ расмийси.

Европада хавфсизлик ва ҳамкортик ташкилоти қошидаги Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси 21 – 22 октябр куни чиқарган ҳисоботи хулосасида фундаментал эркинликлар чекланган Ўзбекистон сиёсий муҳитида сайловчиларнинг муқобил танлов ҳаққидан маҳрумлиги ҳамда ўз тавсиялари эътиборсиз қолгани боис ташкилот Ўзбекистонга кузатувчилар миссияси эмас балки сайловларни баҳолаш гуруҳини жўнатишга қарор қилганини билдирган эди.

Ўзбекистон Олий мажлисининг Қонунчилик палатасига ўтказилган сайловлар 28 декабр куниëқ МДҲ¸ Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Ислом конференцияси ташкилоти кузатувчилари томонидан эркин ва демократик дея баҳоланган бўлса¸ Европа иттифоқи ва АҚШ бу сиëсий тадбирга ҳозирча аниқ муносабат билдирмади.

Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг 28 декабр куни матбуотга очиқлаган баёнотида АҚШ нинг Ўзбекистон ҳукумати қўйган демократик қадамларни олқишлаши таъкидланган ҳолда¸ сўнгги сайловлар эҳтиëткор танқид қилинган.

"Демократик сайловлар турли қарашдаги сиëсий партияларнинг уларда иштирок этишига имкон бериши лозим. Давлат котиби Клинтон хоним қайд этган каби¸ “одамлар ўз қонунлари ва ўз етакчиларини танлашда¸ ахборот олиш ва тарқатишда¸ сўзлаш¸ танқид қилиш ва баҳс этишда эркин бўлмоқлари шарт.” Афсуски¸ Ўзбекистонда 27 декабр куни ўтказилган тадбир демократик сайловнинг ана шу белгиловчи жиҳатини ўз ичига олгани йўқ – номлари сайлов варақаларига киритилганларнинг барчаси ҳукумат қарашини қўлловчи партия вакилларидир. Матбуот устидан ўрнатилган кескин назорат ва рўйхатдан ўтишнинг оғир талаблари мухолиф номзодлар имконларини чеклаб қўйди"¸ дейилади АҚШ элчихонаси баëнотининг сайловларга муносабат билдирилган парчасида.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниэр Вашингтоннинг бундай эҳтиëткоқ позициясини Афғонистондаги АҚШ ва НАТО кучларига зарур бўлган ноҳарбий юкларнинг Ўзбекистон ҳудудидан ўтаётгани билан изоҳлайди.

- Ҳозирда Ўзбекистон Афғонистонда террорчиликка қарши олиб борилаётган урушда фойдали ҳамкор бўлиб келмоқда. Ўзбекистон ўз ҳамкорлигини қайта кўриб чиқмаслиги учун Ғарб Ўзбекистон шаънига ҳар қандай кескин танқидий фикрлар билдиришдан тийилмоқда. Афтидан, ҳозирда Ғарб демократия ҳимоячиси сифатидаги обрўсини сақлаб қолиш, айни пайтда Ўзбекистон ҳукуматини ўз ҳамкорлиги масаласини қайта кўриб чиқиш даражасигача ранжитмаслик ҳақида ўйламоқда, дейди Брюс Паниер.

Ўзбекистонлик таҳлилчи Алишер Илҳомов ҳам Ўзбекистондаги сайловларга Ғарб давлатларининг кескин муносабат билдирмаганини мамлакатнинг геосиёсий аҳамияти ошиб бораётгани билан изоҳлайди.

- Ғарб, Европа иттифоқи ва қайсидир даражада иттифоқ позициясини ифодаловчи ЕХҲТ ва АҚШ маъмурияти ҳозир Ўзбекистон билан муносабатларни ёмонлаштирмаслик учун Ўзбекистон ҳукуматини тўғридан-тўғри танқид қилишдан тийилиб турибди. Чунки Афғонистондаги халқаро кучларга ноҳарбий юкларнинг ташилишида Ўзбекистон муҳим стратегик аҳамият касб этмоқда. Ўзбекистонда қандайдир ижобий ўзгаришлар бўлаётгани учун эмас¸ балки Ғарб учун Ўзбекистоннинг геосиёсий аҳамияти ортгани учун шундай бўлмоқда, дейди Алишер Илҳомов.
XS
SM
MD
LG