Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:24

Остона ЕХҲТга раислик қиладиган бўлди


2010 йилнинг 1 январидан Қозоғистон Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти раислигини қабул қилиб олади. Қозоғистон бу ташкилот раислиги учун ҳаракат бошлаганидан бери инсон ҳуқуқлари ташкилотлари унга норозилик билдириб келмоқда.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар Қозоғистоннинг Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотига раис бўлиш йўлидаги уринишларини қаттиқ танқид қилиб келганига қарамай, ЕХҲТ Ташқи ишлар вазирларининг 2007 йил декабрида Афинада бўлган йиғилишида Қозоғистон 2010 йил 1 январидан бошлаб бир йил давомида ташкилотга раис бўлиши ҳақида қарор қабул қилинди.

Орадан икки йил ўтгач, Қозоғистон МДҲ давлатлари ичида биринчи бўлиб ЕХҲТ раислигини қабул қилиб олиши арафасида танқидлар авжига чиқди.

56 давлат аъзо бўлган ЕХҲТ вазирлар кенгашининг 2009 йил 1-2 декабр кунлари Афинадаги йиғилишида сўзлаган ЕХҲТнинг Демократик тизимлар ва инсон ҳуқуқлари идораси раҳбари Янеш Ленарчич ҳозир Қозоғистонда демократия ривожланаётгани ва Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислик қилиши бу жараёнга туртки беришини айтди.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилоти 25 ноябр куни “Қозоғистон: ЕХҲТ раислиги яқинлашган сари инсон ҳуқуқлари вазияти ёмонлашмоқда” деб номланган ҳисобот эълон қилди. Ҳужжатда Қозоғистон бундай ишончга нолойиқ экани билдирилган.

- Менимча, Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи ЕХҲТ талаблари ва нормаларига умуман мос келмаслиши кундек равшан. Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари аҳволи ёмон бўлгани учун мамлакатнинг ЕХҲТга раис этиб танлангани жуда мунозарали, дейди Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўлими директор ўринбосари Рачел Денбер бунга изоҳ берар экан.

Денберга кўра, дастлаб Қозоғистон 2009 йил 1 январидан ЕХҲТга раис бўлишни хоҳлаган. Бироқ ташкилотга аъзо бази давлатлар Қозоғистон ЕХҲТ талабларига жавоб бера олмаслиги ҳақида хавотир билдирганидан сўнг раислик бир йилга кечиктирилган.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, ўтган йил давомида Қозоғистонда вазият яхшиланиш ўрнига янада ёмонлашган. Денбер бу йил Қозоғистонда сайловлар ҳақида нотўғри маълумотлар тарқатишга қарши ва одамларнинг йиғилиш ўтказиш ҳуқуқини чекловчи қонунларнинг кучга кирганини бунга мисол келтирди.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг Европа ва Марказий Осиё дастури вакили Музаффар Сулаймонов Қозоғистоннинг ЕХҲТга раислик қилиши маълум бўлганидан бери мамлакатда матбуот эркинлиги борасида ижобий ўзгаришлар кузатилмаганини айтди.

- Амалда вазият ёмонлашди. Агар Қозоғистондаги ахборот воситалари ҳақида биз эълон қилган баёнотларга назар солсангиз, йил журналистлар калтакланиши ва пичоқланиши билан бошланганини кўрасиз. Аввал бундай бўлмаган. Ундан кейин интернетни тартибга солувчи қонун қабул қилинди. Қатор халқаро ташкилотлар, жумладан, ЕХҲТ, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Ҳюман Райтс уотч ва бошқа ташкилотлар Қозоғистон ҳукуматини янги қонунни амалга жорий қилмаслик ҳақида огоҳлантирди. Аммо ҳукумат барча чақириқ ва даъватларни инобатга олмади, деди Музаффар Сулаймонов.

Дунё давлатларида демократик жараёнларни кузатиш билан шуғулланувчи “Озодлик Уйи” ташкилотининг Европа бўлими директори Владимир Школников 1991 йилда мустақил бўлганидан бери Қозоғистон сўнгги бир йил халқаро ҳамжамият диққатини энг кўп ўзига жалб қилган йил бўлганини айтди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилолти вакили Андреа Берг Қозоғистон ЕХҲТга раислик даврида саммит ўтказиб халқаро жамоатчилик орасида ўзига обрў орттириш ниятида деган фикрда.

- Албатта, ҳамма гап обрўда, келаси йил бўладиган саммитда. Улар саммит Остона шаҳрида бўлишини жуда хоҳлашади. Чунки 10 йилдан бери ЕХҲТ саммити ўтказилмади. Охирги саммит 1999 йилда Истанбулда бўлган эди. Шунинг учун Қозоғистон олий даражали учрашувга мезбон бўлишни истайди. Менга бу улар реал масалаларни ва ЕХҲТни ислоҳ қилиш масаласини муҳокама қилиш ўрнига чиройли фотосуратларга тушиш имкониятини яратиш бўлиб туюляпти, дейди Ҳюман Райтс Уотч вакили Андреа Берг.

ЕХҲТ вазирлар кенгашининг 1-2 декабр кунлари Афинада ўтган йиғилишида Остона шаҳрида ЕХҲТ саммитини ўтказиш ҳақидаги Қозоғистоннинг таклифини муҳокама қилиш кечиктирилди. Қозоғистон сенатори Одил Аҳмедов ташкилотнинг бу қарорини АҚШ вакиллари “конкрет саволлар кўриб чиқилгунча, саммит масаласи муҳокамасини кечиктиришга чақирган"и билан изоҳлади.
XS
SM
MD
LG