Линклар

logo-print

Янги йил муносабати билан ўз мухлислари¸ хусусан байрамларни ҳам йўл¸ сафарда ўтказаëтган муҳожир ватандошларини қутлаган таниқли санъаткор¸ янги йилда уларга янги қўшиқлар¸ янги албомлар ваъда қилди.

Насиба Абдуллаева: Барча Озодлик радиоси тингловчиларига янги йил олди тилакларимни билдириш шарафига мушарраф бўлганимдан хурсандман. Ҳаммамизга кириб келаëтган янги йил қутлуғ келсин¸ омадли келсин. Ўтган йилларда ушалмай қолган орзуларимизнинг ҳаммаси янги йилда амалга ошсин. Биринчи ўринда соғлик-саломатликни берсин ва янги йилдан болаларимизнинг бахтини тилайлик. Омад¸ омад¸ яна бир бор омад. Янги йилингиз муборак бўлсин.

Озодлик: Кечган йилда бизнинг мухбиримиз Душанбедан Москвагача поездда борди. Ўша ерда одамларга эшиттирадиган радиоузели бор экан. Ўша ерда нуқул сизнинг қўшиғингизни қўйишар экан. “Бари гал”¸ “Қалдирғоч” деган қўшиқларингизни қўйишар экан. Поезд ҳам энди жамиятнинг бир бўлагида. Проводниклардан сўрасак¸ “Шу Насиба Абдуллаевани қўямиз. Шуни сўрашади” дейишибди.

Насиба Абдуллаева: Поезд ҳам¸ самолëт ҳам¸ умуман ҳамма жой халқ юрадиган жой. Концертларимизга келадиган¸ қўшиқларимизни эшитадиганлар ҳар жойда учраши мумкин. Улар поездда ҳам¸ автобусда ҳам юради. Дунëнинг исталган четига¸ исталган нуқтасига бориши мумкин. Бу деган сўз¸ менинг мухлисларимни дунëнинг исталган бурчагида учратиш мумкин¸ дегани. Ўйлайманки¸ бу ҳар қандай санъаткор учун бахт - қўшиқларимнинг ҳамма жойда эшитилиб туриши¸ одамларнинг мени ҳар доим ëдида сақлаши ва қўшиқларимни сўраши. Фурсатдан фойдаланиб¸ қўшиқларимни севадиган ва сўраб-сўраб эшитадиган мухлисларимга раҳмат айтмоқчиман. Айтмоқчиманки¸ улар учун янги қўшиқлар яратишда давом этаман.

Озодлик: Йўлнинг ўзининг кайфияти бўларканда. Одам йўлда кетаëтганида шиддатли қўшиқларни эшита олмас экан. Сизнинг қўшиқларингиз йўлга мос тушадиган қўшиқлар экан. Проводникларни биладиган одамлар деб ҳисобласак¸ уларнинг кўп вақти йўлда ўтади¸ айтишлари бўйича шундай.

Насиба Абдуллаева: Йўлда юрганда ўзи фалсафий маънога эга бўлган қўшиқлар¸ фалсафий куйлар яхши эшитилади. Агар эътибор берган бўлсангиз¸ йўлда китоб ўқиш ҳам мароқли бўлади. Мен қўшиқларимда маъно¸ фалсафага кўпроқ эътибор берганман. Шунинг учун шунақа бўлса керак.

Озодлик: Мана ўзбеклар йил. 12 ой чет элларда ишлашди ва аста-секин янги йилга Ўзбекистонга қайтиб келишди. Йиққан-терган пулларига тўй қилишаяпти¸ яхши кунлар қилишаяпти. Уларга айтадиган алоҳида гапларингиз борми?

Насиба Абдуллаева: Ҳар қандай инсон у меҳнат қилиб¸ пешона тери билан топадими¸ топгани ҳар доим яхшиликка буюрсин. Топганингни ëмон кунга буюрганини ҳеч кимга Худо кўрсатмасин. Чунки инсонлар яхши ният билан бориб ишлайди. Ўз мамлакатида бўладими¸ чет элда бўладими уйим-жойим¸ болам-чақам¸ рўзғорим деб ишлайди. Шунинг учун ниятларининг ҳаммаси ижобат бўлсин. Нимани ният қилишган бўлса¸ ўша ниятларига етсин. Топган пуллари фақат яхшиликка буюрсин.

Озодлик: Мана одамлар Москва вокзалида юкларига суяниб ўтиришипти. Қўлларидаги телефонга сизнинг қўшиқларингиз ëзилган. Поездга чиқишса¸ радиоузелда сизнинг қўшиқларингиз. Тошкентга¸ Термизга¸ Урганчга ва бошқа шаҳарларга борганда таксида ҳам сизнинг қўшиқларингиз. Демак¸ сиз йўл бўйи одамларга ҳамроҳ экансиз.

Насиба Абдуллаева: Ўзи асли санъатга кириб келганимдан бошлаб энг катта ниятим одамларга узоқ йиллар давомида ҳамроҳ бўлиш. Демак¸ ниятимга етган эканман. Ҳозир мана бу гапларимни айтиб мени жуда ҳам хурсанд қилаяпсиз. Мен ҳар доим ҳақиқий мухлисларимга¸ кўп йиллардан бери мени эшитадиган¸ балки яқинда менга мухлис бўлганларга ҳамроҳ бўлишни хоҳлайман. Фақатгина биттагина илтимосим бор эди. Насиба Абдуллаеванинг фақатгина эски қўшиқлари бору¸ янги ҳеч нарса йўқ деб ўйлашмасин. Менинг ижодимнинг янги намуналарига ҳам эътибор беришсин.

Озодлик: Ўшани сиз айтиб берингда. Одамлар нуқул эски қўшиқларингизни эшитиб юради.

Насиба Абдуллаева: Янги намуналарга ҳам озгина эътибор қаратишса¸ яхши бўларди. Чунки ҳар битта қўшиқни яратиш учун қанча-қанча меҳнат қиламиз. Бу қўшиқларни ўша одамларни деб яратамиз. Озгина бўлса ҳам ўшаларнинг кўнглини олайлик¸ қанақадир яхши таассуротлар қолдирайлик деб иш қиламиз. Мана яқинда Тошкентда “Етти жавоҳир” деган альбом чиқди. Бу альбомга менинг йўналишим бўлмаган¸ эстрадага яқин бўлмаган ўзбек мумтоз қўшиқларидан еттитаси танлаб киритилди. Бу қўшиқлар менинг йўналишимда бўлмаган¸ анъанавий ўзбек қўшиғи йўналишида¸ ўзбек халқ чолғу асбоблари танбур¸ дутор¸ най кабилар жўрлигида ижро этилди. Мана шу етти қўшиқнинг орасида шоира Увайсийнинг ғазалини ҳам мен ўзим ўқиб эшиттирганман.

Озодлик: Қайси ғазалини?

Насиба Абдуллаева:

Забонингни кетургил эй¸
Чақчақлаб тўти гуфтора.

деган ғазали бор. Шунга ўхшаган ғазалларидан тўртлик-тўртлик қилиб¸ тўрттасидан олиб қўшиқларнинг орасида ижро этганман. Бундан ташқари янги эстрада қўшиқларидан иборат альбомни қайтиб борганимдан кейин чиқариб бошлаймиз. (Интервью ëзиб олинаëтган пайтда Насиба Абдуллаева Лондонда эди – таҳр.) Бундан ташқари менинг ижодимга кўп йиллардан бери эътибор бериб келаëтган мухлисларим диққатига. Mp3 форматида ëзилган альбомимиз чиққан. Бунинг чиққанига ҳам икки йилча бўлиб қолди.

Озодлик: Mp3 бу телефонга мос.

Насиба Абдуллаева: Ҳа¸Тошкентдаги магазинларда чиқиши билан одамлар харид қилиб олиб кетадиган альбом шу бўлаяпти. Нима учун? Чунки менинг ижодимнинг бошидан то 2006 йилгача бўлган даврнинг энг сара қўшиқлари¸ яъни еттита альбомга жойланган қўшиқлар ўша Mp3 жумласига кирган. 2006 йилдан кейин ëзилган қўшиқларни ҳозир яна бор албомга жамлаяпмиз. Боя айтдим¸ Тошкентга қайтиб борганимдан кейин бу альбомни чиқаришга киришамиз. Мени мухлисларнинг “Етти жавоҳир”га нисбатан фикрлари жуда қизиқтиради. Иложи бўлса¸ шунга эътибор беришсин. Ҳозир Тошкентдаги дисклар¸ DVDлар сотиладиган ҳамма магазинларга чиқди. DVD альбом ҳам чиққан. Бу альбомга турли йилларда суратга туширилган клиплар¸ телевидениеда суратга туширилган мусиқали номерлар¸ байрам дастурларида ижро этган қўшиқларим киритилган. Адашмасам¸ 20 дан зиëд мусиқали номерлар киритилган.

Озодлик: 1990 йилларда “Ласковый май” деган гуруҳ бўларди. Бу гуруҳ фавқулодда машҳур бўлган ва унинг мутасаддиси унинг машҳурлигини шундай изоҳлаган: Мен бир вагон кассета ëздириб¸ поездларда тарқатиб чиқдим. Поездларда тинимсиз эшитишди. Демак¸ поездда эшитилган қўшиқ машҳурликнинг белгиси эканда.

Насиба Абдуллаева: Йўлда кетаëтганингда барча ташвишларинг¸ барча қиладиган ишларинг йўл ташқарисида қолган бўлади. Бу менинг фикрим. Йўлда кетаëтганингда¸ поездда бўласанми¸ самолëтда бўлсанми¸ эшитиб кетаëтган мусиқанг йўл таассуротларининг катта қисми бўлади. Менимча¸ эсда қолади. Ростдан ҳам менинг ўзимнинг ҳам эсимда қолади. Қайси самолëтда қайси мамлакатга учаëтганимда нима эшитганимни баъзан бирдан эслаб қоламан ўзим. Шунинг учун йўлда эшитилган мусиқанинг бошқача таъсири бўлса керак. Таъсири бўлгандан кейин эсда ҳам қолади. Эсда қолгандан кейин ижрочига ҳам қизиқа бошлайсан¸ мусиқасига қизиқа бошлайсан¸ унинг бошқа қўшиқларини топиб эшитишга ҳаракат қиласан. Қўшиқни¸ унинг ижрочисини оммалаштирадиган омманинг унга бўлган қизиқиши бўлади.

Озодлик: Энди исмлар ҳақида гаплашсак. Муножот¸ Юлдуз¸ Кумуш худди исми жисмига мосдайда. Кумушхон кумуш бўлиб турибди¸ Муножотхон “Муножот”ни куйлаяпти¸ Юлдузхон юлдуздай. Сиз бу дунëдан нима насиба олдингиз?

Насиба Абдуллаева: Бу дунëдан менинг олган насибам¸ Худо менга шириндан шакар икки фарзанд берди. Миллионлаб инсонларнинг менга бўлган беминнат муҳаббати насиб қилди менга. Бундан ташқари мен миллионлаб инсонларнинг ҳар кун ва ҳар хил жойларда билдирадиган энг яхши ва энг ижобий фикрларини насиба қилиб олдим. Бу дунëда яхшиларнинг дуосини олишдан¸ уларнинг яхши муносабатларини эшитишдан¸ биров сени эслаган пайтда юзи кулиб туришдан ортиқ насиба бўлмайди.

Озодлик: Албатта¸ сиздан ортиқ Насиба йўқ. Сизга тингловчилар номидан катта раҳмат.

Насиба Абдуллаева: Соғ бўлинг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG