Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:40

Павлюк ўлимида қирғизистонликлар ҳам гумонланмоқда


Қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк шу йилнинг 16 декабр куни Олмаотадаги кўп қаватли уйлардан бирининг 6-қаватидан ташлаб юборилганди.
Қирғизистонлик журналист Геннадий Павлюк шу йилнинг 16 декабр куни Олмаотадаги кўп қаватли уйлардан бирининг 6-қаватидан ташлаб юборилганди.

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги журналист Геннадий Павлюкнинг ўлимига қирғизистонлик бир неча фуқаронинг ҳам алоқаси борлиги ва жиноий иш материалларининг тез кунда Қирғизистонга юборилишини билдирди.

Қирғизистон ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сабирбек Қурманалиев ҳозирча Қозоғистон полицияси ёки прокуратурасидан мамлакат ички ишлар вазирлиги ёки Бош прокуратурасига ҳеч қандай расмий ҳужжат келмаганини билдирди.

- Бизнинг фуқаролар ўша ёқда (Қозоғистонда демоқчи – таҳр.) қўлга олинди ёки жиноят қилганликда гумонланмоқда, деган мазмунда ҳеч қандай маълумот келгани йўқ. Агар бизнинг фуқаролар гумонланаётган бўлса, биз улар билан доим тиғиз алоқадамиз. Геннадий Павлюк қазо бўлгандан буён биз Қозоғистон жиноят-қидирув департаменти билан тиғиз алоқада ишлаяпмиз, деди генерал-майор Сабирбек Қурманалиев.

Вазир ўринбосари Геннадий Павлюк Қозоғистон ҳудудида ўлдирилгани боис Қирғизистонда жиноий иш очишга асос йўқ, деган фикрда.

Аввалроқ Қозоғистон куч ишлатар тузилмалари қирғизистонлик журналист ўлими бўйича тергов ишлар олиб борилгани ва шу асосда турли маълумот ва далиллар жамланганини билдиргандилар. 29 декабр куни эса Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати расмийси Қуанишбек Жуманов Озодликнинг қозоқ хизматига бу жиноятга алоқадор бир нечта қирғизистонлик ушланганини, тергов манфаатларидан келиб чиққан ҳолда уларнинг исмлари ошкор қилинмаётганини, шунингдек, ҳозирда бу фуқароларни Қирғизистонга ўтказиб бериш масаласи ҳал қилинаётганини билдирган.

22 декабр куни Олмаота марказий клиник шифохонасида қазо топган журналистнинг ҳамкасблари бу жиноятни атайлаб уюштирилган сиёсий буюртма, деб тахмин қиладилар.

- Бунгача ҳам Павлюкка турли таҳдидлар бўлган. 50 ёшга кирган одам васиятнома ёзмайди-да. Унинг атай келиб, васиятнома ёзиб кетганига қараганда, Геннадий ҳаётига катта таҳдид туғилаётганини билган. Васиятномани ёзиб бўлгандан кейин: “ўлсам, жасадимни Чўлпонотага қўйинглар” деб айтган экан. Уни атайлаб, сиёсий сабабларга кўра ўлдиришди, десак бўлади. У тўғри одам эди ва ҳақиқатни ёзарди. Ҳақиқатни ёзгани учун мана энди товон тўлаб ўтирибди, деди “Аргументы и факти” газетаси журналисти Елена Мешкова Озодликнинг қирғиз хизматига берган суҳбатида.

Айни пайтда Қирғизистон ички ишлар вазири Мўлдўмуса Қўнғантиев ўтган ҳафтада мамлакат парламентида қилган чиқиши чоғида сўнгги пайтларда жиноий ишларга сиёсий тус бериш одатга айланиб бораётганини танқид қилган эди.

- Қирғизистонда бирор-бир жиноят содир бўлгудек бўлса, айрим сиёсий партия бўладими, мухолифат вакили бўладими – дарров жиноятларга сиёсий баҳо бера бошлайди. Бу одатга айланиб қолди, десак ҳам бўлади. Масалан, журналистлар бўйича айтсам, ким калтаклагани, ким ўлдиргани ёки ким буюртма берганини айтади-да, бунга расмийлар айбдор, деб қўйишади. Бунақа дейишга ҳеч қанақа асос йўқ, деганди вазир Қўнғантиев.

Сўнгги пайтларда Қирғизистонда журналистлар кўп калтакланиб, айрим ҳолларда ҳаётдан кўз юмаётганлари халқаро ҳамжамиятни қаттиқ ташвишлантириб келаяпти. Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистонда сўнги 4 йил ичида 58 нафар журналистга тажовуз қилинган.
XS
SM
MD
LG